- Эшитдингизми, ҳамкасбимиз Мирзоҳиднинг ўғли Аҳрормирза Испания давлатига бориб, мусиқа шинавандаларини ром этибди.

- Йўғ-эй!

- Ахир у халқаро кўрик-танловнинг саралаш босқичида скрипка чалиш йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган экан.

- Э, қойил! Мактаб ўқувчисини энди дунё танибди-да.

- Албатта...

Наманган шаҳридаги 1-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий таълим мактабининг 5-синфида таҳсил олаётган Аҳрормирзо Раҳмонов шифокорлар фарзанди. Отаси Мирзоҳид Раҳмонов вилоят патологик анатомия бюросида, онаси Раҳима Авляева РШТЁИМ вилоят филиалида ишлашади. Улар тўнғич фарзандлари Аҳрормирзонинг зийрак, зукко, қобилиятли эканлигини, иқтидори мусиқага мойиллигини тез илғаб олдилар. Мактабда ўқиш билан бирга Наманган шаҳридаги 11- сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида маш­ғулотларда қатнашиш учун шароит яратиб беришди. Аҳрормирзо мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга скрипка чалиш усулларини ҳам устозларидан қунт билан ўргана бошлади. Орадан ўтган олти йил эса бесамар кетмади. Дастлаб шаҳар, вилоят, сўнг­ра республикада ўтказилган кўрик-танлов ва бош­қа тадбирларда скрипкаси билан миллий, мумтоз куйлар ижро этиб, фахрли ўринларни эгаллади. 2016 йил Россия давлатида ўтказилган "Кубок Арт Премиум" халқаро танловида қатнашди. 80 дан ортиқ давлат вакиллари орасида 1-ўрин совриндори бўлди.

Ўтган йил ноябрь ойида эса "Камалак юлдузлари" болалар ижодиёт фестивалининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, Диплом билан тақдирланди. Бу эса ота-онаси, маҳалла-куй, қариндошлари, дўстлари, устозларини ҳам қувонтирди.

- Ўғлимизнинг ўзбек мумтоз куйларидан ташқари чет эл мусиқа намояндалари, таниқли бастакорларнинг куйларини ҳам маъромига етказиб ижро этаётгани бизни жуда хурсанд этяпти. У келгусида таниқли бастакор бўлиб, Ўзбекистонимизни жаҳонга танитишига ҳисса қўшишига ишонамиз, - деди отаси Мирзоҳид тўлқинланиб.

Аҳрормирза шу йил 17-22 сентябрь кунлари Испания давлатига бориб, у ерда бўлиб ўтган "Қуёшли денгиз" халқаро кўрик-танловида иштирок этиб қайтди. Шуниси қувонарлики, 10 ёшли ўзбек боласи 7 мингдан зиёд иқтидорли ёшлар орасида ғолиб чиқиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарди.

- Давлат мадҳиямиз янграб, Ўзбекистонимиз байроғини кўтарганимда қарсаклар, олқишлар янгради. Шундай юртда туғилганимдан хурсанд бўлиб, қўзларимдан севинч ёшлари юмалади. Бунинг учун устозларимга раҳмат. Келгусида янада яхши ўқиб, изланиб, бор қобилиятимни ишга соламан. Орзуим Тошкент давлат консерваториясига ўқишга кириш.

Ниятларинг сенга йўлдош бўлсин. Юксак орзуларинг ҳамиша ушалаверсин.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.