2017 йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳайъатининг нав­батдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вазирликнинг марказий аппарати ходимлари, бош бошқарма бошлиқлари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, клиникалар ва илмий-текшириш институти директорлари, республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари ва уларнинг тасарруфидаги тиббиёт муассасаларининг раҳбар ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишларда Юртбошимиз Шавкат Мирзиё­евнинг эътибор ва ғамхўрликлари боис, соҳада туб ўзгаришлар юзага келаётганлиги хусусида тўхталди. Шунингдек, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда соғлиқни сақлашнинг ҳар бир йўналишига қатъий эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, халқимизни арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, бирламчи тизимни янада яхшилаш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббий таълим тизимини талаблар даражасида ташкил этишга қаратилган меъёрий ҳужжатлар ижроси, эзгу мақсадларга йўналтирилганини айтиб ўтди. Жумладан, бирламчи тизимни такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилгани, 658 та қишлоқ врачлик пункти биноси хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга топширилганини билдирди. Бунинг баробарида қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 та йўналишдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 та йўналишдаги тор соҳа мутахассислари фаолият олиб бораётганлиги, шунингдек, кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда 3 мингдан зиёд бакалавриат битирувчисининг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб қилинганлигини алоҳида тилга олди. Шу билан бирга, мазкур йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Биргина 2017 йил учун 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ундан оқилона фойдаланилди ва эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди. Вазиримиз яна шуни алоҳида таъкидладики, 2018 йилдан дунёда биринчилардан бўлиб ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлашни йўлга қўйиш, бу эса аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши хусусида сўз юритди. Айниқса, Президентимизнинг таклифлари билан хорижий давлатлардан 300 нафар соҳа ходимларининг юртимизга ташриф буюриб, мамлакатимиз шифокорлари билан биргаликда тажриба алмашиш ҳамда маҳорат дарсларини ўтказиш, бунинг баробарида мураккаб операция жараёнларининг нафақат пойтахтимиз, балки жойларда муаваффақиятли амалга оширилаётганлигига ҳам эътибор қаратди. 250 нафар мутахассис чет давлатларнинг етакчи клиникаларида тажриба кўламларини бойитиб қайтганликлари ҳамда хорижий давлат клиникаларида меҳнат қилган 99 нафар тиббиёт ходимларимиз юртимизга қайтиб, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг шифо масканларида фаолият олиб бораётганликларига алоҳида урғу берди. Вазир юқоридаги эришилган ютуқлар қаторида тизимда учраб турган айрим муаммо ва камчиликларни айтиб ўтди.

Кун тартибидан ўрин олган асосий масала Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда топшириқларининг ижроси бўйича жорий йилнинг 10 ойи давомидаги ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, шунингдек, 2018 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар тўғрисида вазирликнинг даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Фаррух Шарипов маъруза қилди. У бугунги кунда Наманган вилоятининг 2 миллион 653 минг 763 нафар аҳолисига 8 минг 512 та ўринга эга 32 та шифохона ва бир сменада 20 минг 413 беморни қабул қилиш қувватига эга бўлган 181 та амбулатор поликлиника муассасалари, жумладан, 32 та вилоят шифо маскани, 12 та туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиника, вилоят ва 12 та туман, шаҳар ДСЭНМ марказлари, 75 та оилавий поликлиника ҳамда 75 та қишлоқ врачлик пунктлари, 4 минг 486 нафар шифокор, 25 минг 455 нафар ҳамшира хизмат кўрсатаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, маърузачи вилоятда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларининг ижроси юзасидан қатор ишлар олиб борилаётганлиги, шу билан бирга, тизимда муаммолар ва ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлигига тўхталди. Биринчи навбатда, кадрлар етишмовчилиги, амбулатор поликлиника муассасаларининг фаолияти, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар, тез тиббий, шошилинч ва стационар ёрдам ҳолати ҳамда санитар эпидемиологик барқарорлик бўйича муаммо бўлиб турган асосий масалаларга ўз эътирозини билдирди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган мазкур йиғилишда Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов билан тўғридан-тўғри онлайн мулоқот ўтказилиб, тизимда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари хусусида фикрлар тингланди.

Иккинчи масала юзасидан вазирликнинг Инвестиция дастурлари ва лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Акмал Норбеков 2017 йил Инвестиция дастурининг 10 ойи натижалари таҳлили ва 2018 йил манзилли рўйхатга киритилган объектларнинг ло­йиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳолати тўғрисида маъруза қилди. У ўз чиқишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги 2873-сонли Қарорига мувофиқ жорий йилда тизимдаги 181 та объектда қурилиш, реконструкция ва катта таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 552,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилганлигини алоҳида таъкидлади. Жорий йил октябрь ойи якуни бўйича йиллик режага нисбатан Тошкент шаҳри, Наманган ва Хоразм вилоятларида 95-97 фоиз, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятларида 85-90 фоиз, Сурхондарё вилоятида 83 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Фарғона вилоятларида 72-75 фоиз, Бухоро вилоятида 66 фоиз ва Навоий вилоятида 56 фоиз қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, бу кўрсаткич Сирдарё вилоятида бор-йўғи 49 фоиз ишлар амалга оширилганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, бугунги кун ҳолати бўйича 49 объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топшириш арафасида турганлиги тўғрисида маълумот берди. Шунга қарамасдан аксарият ҳудудларда ўз ечимини кутаётган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Маърузачи томонидан айрим вилоятларда бу борадаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаётганлиги, раҳбарларнинг фаолиятга нисбатан масъулиятсизлик билан ёндашаётганлиги танқид қилинди. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари билан ҳам онлайн орқали боғланиб, ушбу камчиликлар юзасидан маълумотлар олинди.

Видеоселектор кун тартибидан ўрин олган биринчи масала юзасидан, яъни Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида олиб борилган фаолиятлар таҳлилий, танқидий тарзда кўриб чиқилиб, ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган раҳбар ходимларга қаттиқ чора кўрилди. Шунингдек, Инвестиция дастури бўйича сусткашликка йўл қўйган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқларига ҳайфсан берилди.

Видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қ. Акмалов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари А. Даминов иштирок этди.

Йиғилиш сўнггида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ибодат СОАТОВА.

(«O`zbekistonda sog`liqni saqlash Здравоохранение Узбекистана»

газетасининг 2017 йил 8 декабрдаги 50-сонидан олинди).