Ҳуқуқларимизнинг ҳаммаси ҳам муҳим. Бирининг биридан ортиқ ёки камлиги йўқ аслида. Шунга қарамай, барча учун ҳаёт-мамот масаласи даражасидаги икки ҳуқуқ муҳимдан-да муҳим десак балки хато ҳам эмас. Бири 40-моддада белгиланган "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга"лигидир. Бунинг учун мамлакатимиз тиббиёт тизимида ҳар жиҳатдан тўкис шароиту имкониятлар муҳайё.
Конституциямиз мазкур моддаси доирасида 1996 йил 29 августда Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинган. Давр талабларига кўра, ўтган 21 йил ичида бир неча марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Такомиллашган Қонунга мувофиқ давлатимиз ёши, жинси, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъий назар фуқароларнинг саломатлигини сақлашни кафолатлайди. Шунга мувофиқ бемор тиббий ёрдамга муҳтожлик сезганда, муассасаларга, мутахассисларга мурожаат қилганида ва тиббий муолажа олаётган чоғида яна қатор ҳуқуқларга эга. Улар қуйидагилардан иборат:
- аввало, бемор мурожаат этганида тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчиларнинг ҳурмат ва меҳр-мурувватидан баҳраманд бўлиш;
- шифокорни ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш;
- санитария-гигена талабларига жавоб берадиган текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилиниш;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган тартибда ўз илтимосига биноан бошқа мутахассисларнинг консилиум қилиши ва улардан маслаҳатлар олиш;
- тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлигининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши;
- тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш;
- ихтиёрий тиббий суғурта доирасида тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланиш;
- тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши;
- ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил қўйилиши.
2017 йилда тиббий тизимни такомиллаштириш борасида беқиёс ўзгаришлар ясалмоқда. Йил бошиданоқ Президентимиз Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратдилар. 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашдилар. Видеоконференция шаклида уюштирилган тадбирга ҳукумат аъзолари, сенаторлар, вилоят ҳокимлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилоти раҳбарлари, тиббий олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимларигача таклиф этилиши мазкур масаладаги жиддий муаммоларга биргаликда муваффақиятли ечим изланаёганининг ёрқин тасдиғи бўлди.
Яхши биламизки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган халқимизнинг муносиб ҳаёт сифатини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, тизим хизмат самарадорлигини кўтаришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Истиқлол йилларидаги ислоҳотларнинг одамлар ўртача умр кўришлари узайишида натижа бераётгани ғоят қувончли. Шунга қарамай, ҳали даволаш-профилактика муассасалари фаолиятидан қаноатланиш қийин. Президентимиз учрашув чоғида худди шуни мутасаддилар олдида алоҳида таъкидладилар. Долзарб вазифалар моҳиятини аниқ ва равшан тушунтириб бердилар. Мамлакатимиз раҳбарининг : "Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак" деб алоҳида уқтирганлари ҳам бежиз эмас.
Биз зўр мамнуният билан эътироф этамизки, йил давомида тиббий хизмат борасида беҳад зарур ва беҳад муҳим ўзгаришлар рўёбга чиқарилаётгани Юртбошимизнинг соҳани ривожлантиришга доир бирин-кетин қабул қилган Фармон ва Қарорлари ижросининг ҳаётимиздаги ифодасидир. Мухтасар айтсак: шошилинч тиббий ёрдам янада такомиллаштирилди. Яъни моддий техника базаси бойитилди, дори-дармон таъминоти тўкисланди. Онкология хизмати тобора ривожлантириляпти. Хусусий секторнинг имконияти кенгайтирилиб, тараққиёти учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аҳолига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада юқори поғонага кўтариш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Ҳамма учун энг зарур, энг керакли ва энг яқин бўлган бирламчи бўғиндаги ислоҳотларнинг шарофатидан баҳрамандлигимиз айниқса диққатга сазовордир. Ҳозиргача туманларда поликлиника деганида марказдаги ягона тиббиёт маркази тушуниларди. Кейинги йилларда Наманган шаҳрида бир неча оилавий поликлиникалар иш бошлаганди. 2017 йилнинг ёзидан эса шаҳар билан қишлоқнинг бу борадаги фарқига ҳам барҳам берилди. Қишлоқларда худди шаҳарлардагидек оилавий поликлиникалар очилди. Айни маҳалда қисқартма тарзида ҚОП дейишга тилимиз ўрганиб боряпти. Туманлардаги қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, тез ёрдам стансиялари эшиклари аҳоли учун кечаю кундуз очиб қўйилган. Мақсад халқ саломатлиги муҳофазасини жаҳон андозалари даражасида ташкил этишдир.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.