Вилоятимизда тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Инвестиция дастури асосида ҳар йили қайта реконструкция қилинаётган, сифатли таъмирдан чиқарилаётган ўнлаб саломатлик масканлари фикримиз далилидир. Улуғ айём - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган Наманган шаҳридаги 4-оилавий поликлиникаси биноси эса аҳоли учун байрам туҳфаси бўлди.
Давр шитоб билан ўзгариб бормоқда. Талаблар ҳам замонга ҳамоҳанг равишда муттасил кучаймоқда. Шу боис тиббиёт масканларини бугунги кун эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш зарурияти юзага чиқаётир. Бобуршоҳ кўчасида жойлашган эски поликлиника биноси торлиги, кўримсизлиги ва ноқулайлиги туфайли аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда жиддий муаммоларга дуч келинар эди. Мазкур бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси учун тўрт қаватли муҳташам бино ажратилганлиги, салкам 2 ярим миллиард сўмга яқин бюджет маблағи сарфлаб, мукаммал таъмирдан чиқарилганлиги натижасида маҳобатли ва ғоят шинам масканда фуқаролар саломатлигини тиклаш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Тақдимот маросими байрам тадбирларига уланиб кетди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозоров "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганлигини таъкидлади. Тиббиётни ислоҳ қилиш билан бирга унинг моддий-техник базасини ривожлантириш, соҳада замонавий технологияларни жорий қилиш баробарида одамлар соғлиғини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга эришилмоқда.
- Юртбошимиз раҳнамолигида тиббиётни юксалтиришга қаратилган эзгу ишлар салмоғи ортиб бораётир, - дейди 4-оилавий поликлиника шифокори Манзурахон Тўйчиева. - Буни биргина бизнинг поликлиникамиз мисолида яққол кўриш мумкин. Муассаса собиқ биносида кунига атиги 150 нафарга яқин беморга тиббий хизмат кўрсатиларди. Энди бўлса қатновлар сонини деярли икки баробар ошириш мумкин. Таъмирдан сўнг вужудга келган имкониятларни авваллари хатто тасаввур ҳам қила олмасдик. Беморларга тиббий хизмат кўрсатишни юқори пағонага олиб чиқиш билангина кифояланмасдан ҳудудимиздаги 14 та маҳаллада истиқомат қиладиган 55 минг нафарга яқин юртдошларимизнинг тиббий маданиятини юксалтириш учун ҳам интиляпмиз.
Тантанали маросимда таъмирлаш ишларида фаоллик кўрсатган "Наманган давр қурилиш" масъулияти чекланган жамият илғор қурувчилари рағбатлантирилди. Маҳалла оқсоқоллари нуфузли меҳмонлар иштирокида рамзий лентани қирқиб беришди. Шундан сўнг поликлиника жамоасининг янги бинодаги фаолияти билан танишилди. Энг янги стоматология жиҳозлари, бошқа замонавий аппаратура ва ускуналардан фойдаланилган ҳолда олиб борилаётган тиббий хизмат қатнашчиларда қизиқиш уйғотди. Айниқса, "Электрон поликлиника" тизими жорий этилганлиги аҳолини мамнун этяпти.
Мазкур поликлиникада 20 нафардан ортиқ умумий амалиёт врачлари, қатор тор соҳа мутахассислари, 54 нафар патронаж ҳамширалари ўз вазифаларини сидқил адо этишмоқда. Умид қиламизки, уларнинг янги бинодаги фаолиятлари янада самарали кечади.