Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик тадбирларни янада такомиллаштириш, аҳолининг мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш механизмини тартибга солиш мақсадида кўргазмали семинарлар ташкил қилинмоқда.
МИНГБУЛОҚ туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги бу галги семинар "Қишлоқ оилавий поликлиникасида - 103 ва интеграция" деб номланди.
Уни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳаммадниёз Эргашбоев очди ва олиб борди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров интеграциянинг самарали жиҳатлари, шунингдек аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами ҳолатининг тизимли назоратини олиб боришни таъминлаш тўғрисида кўрсатма ва топшириқлар берди. Касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, фертиль ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғизлар, ногиронлар, сурункали ҳасталиги бор ва ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларни тизимли патронаж билан қамраб олиш ғоят муҳим эканлигини таъкидлади.
Туман тиббиёт бирлашмаси ҚВПлар бўйича координатори Абдумутал Деҳқонов тез тиббий хизмат шаҳобчалари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари ўртасидаги уйғун фаолиятни ташкиллаш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди.
ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурованинг "Аҳоли ўртасида сурункали касалликлар ривожланишининг олдини олишда патронаж ҳамширанинг роли" мавзуидаги маърузаси ҳам мароқ билан тингланди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
* * *
ЧУСТ туманининг Ғова қишлоғида жойлашган 49-қишлоқ оила поликлиникасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ташкилланди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров очар экан, барчани Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги айёми билан муборакбод этди. Юртбошимиз раҳномолигида тиббиётда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кутилган мақсад одамларнинг саломатлигини муҳофаза этиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришдан иборат эканлигини таъкидлади.
Туман тиббиёт бирлашмаси ҚВПлар бўйича координатори Камолиддин Рафиқов, тез тиббий ёрдам бўлими раҳбари Бобур Шоюсупов ва мазкур қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Ҳабиба Зоҳидовалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сон қарори ижросини таъминлаш борасидаги ишларни изоҳлаб беришди. Бинбарин, ҳудудда аҳоли саломатлигини муҳофазалаш ишлари такомиллаштирилаётганлиги, хусусан патронаж хизмати ишини намунали йўлга қўйишга эътибор кучайтирилаётганлиги айтилди. Айниқса, ҚОП билан даволаш-профилактика муассасалари ўртасида узвий ҳамкорлик ўрнатилганлиги ижобий натижалар бераётганлигига эътибор қаратилди. Энг муҳими, тез тиббий ёрдам учун чақирувлар сони камайиб бормоқда. Бу фуқароларга қандай ҳолларда қайси тиббиёт муассасаси хизматдан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини тушунтириш туфайли эришилаётган кўрсаткичлардан биридир.
Кўргазмали анжуманда қишлоқ оилавий поликлиникаларида иш юритишнинг ўзига хос жиҳатлари қатнашчилар эътиборига ҳавола этилди. Маънавий-маърифий ишларни ташкиллаш усуллари амалий тарзда кўрсатилди. Яъни, тиббиёт масканини тасвирий тарғибот воситалари билан безаш, "Маънавият бурчаклари"ни жиҳозлаш бўйича тушунча берилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги "Маънавий - маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида"ги ПҚ-3160-сонли қарорида белгиланган вазифалар хусусида тўхталди.
Семинар қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга тегишли жавоблар олдилар.