Уйчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада тиббиёт муассасалари ўртасидаги интеграцияни йўлга қўйиш, бирламчи тизим ишини янги босқичга кўтариш, қуйи тизимларда маънавий-маърифий ишларга эътиборни кучайтириш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди. Унга Наманган шаҳридаги оилавий поликлиникалари мудирлари, туманлар ҚВП координаторлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари вакиллари таклиф этилди.

Анжуманни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Юсуфжон Раҳмонов олиб борди. У жорий йилда тиббий хизмат сифатини янада янада яхшилаш қатъий вазифа қилиб қўйилганлигини, ўтказилаётган бундай анжуманлар янгиликлардан воқиф бўлиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва қўллашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тумандаги 37-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Маҳмуда Олимова мазкур ҚОПда интеграциялаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маъруза қилди. Нотиқнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сон қарори, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган прфилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 718-сон қарори, соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқлари талаблари асосида иш олиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида бу борада муайян натижаларга эришилди. Тумандаги ва вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари билан уйғун равишда фаолият юритиш ижобий самаралар бермоқда.

Шу ўринда патронаж хизмати иши ҳам жонлантирилмоқда. Бу патронаж ҳамшираси Орзихон Солиеванинг чиқишида ўз ифодасини топди. Таъкидланишича, патронаж ҳамширалари хизмати муносиб рағбатлантирилаётганлиги, айниқса узоққа қатновчи ўрта тиббиёт ходимларига имтиёз берилганлиги қувонарлидир.

Мунозаралар чоғида Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳусанбой Зайниддинов, Жамият саломатлиги ва соғ­лиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Наманган филиали директори Манзура Азизова, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси ҚВПлар бўйича координатори Насибахон Раҳмонова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Ойбек Турдиматовлар 37-қишлоқ оила поликлиникаси ишини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги "Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида"ги ПҚ-3160-сон қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр юритилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бў­йича ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев бу ҳақда маъруза қилди. Парламент томонидан қабул қилинган "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг мазмун-моҳияти изоҳлаб берилди. "Оммавий маданият"нинг ёшлар онгини заҳарлашда тутган ўрни асосланган слайд кўрсатилди.

Тиббиёт ходимлари маънавиятини юксалтириш, маданиятини қарор топтиришда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча бошқарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муасассалари, ташкилот, корхоналар ходим ва талабаларнинг тиббий деонтологияси ва маданияти тўғрисида"ги бўйруғи ижросини таъминлаш ғоят муҳимлиги таъкидланди.

Анжуманда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров иштирок этди ва сўзга чиқди.