Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимиз даволанишлари, уларнинг зарур муолажалар олишлари учун барча шароитлар муҳайё этилган. Бош врачимиз Абдумалик Раҳмонов шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам қулай имкониятлар яратишга ҳамиша эътиборли. Шунинг учун ота-оналардан тиббий хизматимизга ҳеч вақт эътирозлар эшитмаймиз, аксинча эътироф ва олқишлар олаётирмиз.

Муассасамизда ногирон болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Уларнинг наинки соғлом, айни маҳалда кўтаринки кайфиятда эртанги кунга умид билан қарашларини таъминлашга қаратилган тадбирлар ташкиллашни анъанага айлантириб қўйганмиз. Яқинда 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан уюштирилган анжуманимиз ғоят ҳаяжонли, сермазмун ва таъсирчан кечди. Боиси, марказимиз билан Наманган шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган ўрта мактаб жамоаси ҳамкорлигидаги тантана ўзгача тус олди. Мактаб ва шифохонамиз томонидан 300 дан зиёд болага байрам совғалари тар­қатилди. Сўнгра қутловлар, шеър ва қўшиқлар янгради. Қувноқ мусиқалар чалиниб, бемор болалар ҳам даврага тортилди. Улар мазза қилиб ўйнаб-яйрашди.

Бизнинг ҳамкоримиз бўлган мактаб директори Наталья Светлановага ҳамда бош шифокоримиз Абдумалик Раҳмоновга ота-оналар ва болалар юксак эътибор учун миннатдорчилик изҳорлашди.

Муассасамизда қандай тадбир ўтказилса, бажонудил ёнимизда юриб ташкилотчилик қиладиган ҳамкасбларимиз анчагина. Бош фельд­шер Улуғбек Аҳмадбоев, ҳамшираларимиздан Марямхон Юнусова, Муқаддас Эргашева, Муқаддам Алихонова ва Мунаввар Абдураҳмоновалар болалар саломатлигини мустаҳкамланиши ҳамда уларнинг шифохонадаги кунлари мазмунли ўтиши учун доимо жон куйдиришади. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Биз учун болаларимизнинг соғлигини сақлашдан зарур вазифа йўқ. Бу борада туну кун ҳалол ва фаол ишлаш билан эзгу мақсадларимизга эришаверамиз.

Иброҳимжон Абдуллаев,

вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кардиоревматология бўлими мудири,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.