Наманган шаҳридаги "Сайҳун" меҳмонхонасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбир вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан ташкилланди.
Анжуманни вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Раҳмонжон Абдуллаев бошқарди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров "Вилоятда ОИВ инфекциясига қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар, профилактик тадбирларни ташкиллаш, ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳақида" маъруза қилди. Республика ОИТСга қарши кураш маркази бўлим мудири Гулуфар Норбоева эса "Республикада ОИВ инфекцияси бўйича эпидеомологик вазият ва бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида" тушунча берди.
Вилоятда мазкур хавфли касалликнинг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўрилмоқда. Бинобарин, "2017-2019 йилларда Наманган вилоятида ОИВ инфекциясига қарши ҳамкорликда курашиш чора-тадбирлари режаси" ишлаб чиқилди. Давра суҳбати чоғида 22 банддан иборат ушбу ҳужжатда қайд этилган вазифалар изоҳлаб берилди.
- ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларини ҳамкорликда амалга оширишдан мақсад,- деди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Р. Абдуллаев, - "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ижросини таъминлаш баробарида вилоятда эпидемиологик барқарорлик ўрнатиш, фуқаролар билан очиқ мулоқот олиб бориш, юқумли касалликларнинг олдини олишнинг самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, профилактик тадбирларни уюштиришда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, кенг жамоатчилик иштирокига эришишдан иборатдир.
Тадбир давомида марказ шифокор мутахасислари ОИВ инфекцияси вируси қандай шароитларда юқиши, касалликдан асранишга оид талаблар, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи қоидаларини тарғиб қилиш юзасидан тавсиялар бердилар.
- Наманганда ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича таъсирчан ишлар қилинаётганлиги эътирофга лойиқ, - дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази бўлим мудири Гулуфар Норбоева. - Айниқса, омма ўртасида тарғибот ишлари кучайтирилаётганлиги мақсадга мувофиқ. Зеро, одамлар инсон умрига зомин бўладиган касалликдан эҳтиёт бўлиш зарурлиги ҳақидаги маълумотлардан қанчалар кўпроқ огоҳ бўлсалар, шунчалар эҳтиёткорлик даражаси ортади.
Давра суҳбати ғоят самарали кечди. Мунозаралар чоғида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга тўлақонли жавоблар олдилар. Махсус буклетлар тарқатилганлиги боис қатнашчиларнинг тиббий билимлари бойитилди. Мутасадди ташкилотлар вакилларига эса ҳамкорликдаги фаолиятнинг мазмун-моҳияти атрофлича ифодалаб берилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.