Бу саволга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
етакчи мутахассиси Фурқатжон Раҳматов жавоб беради:
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилнинг 5 сентябрида "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида "Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида" қарор қабул қилган. Ундан мақсад вазирлик тизимидаги тиббиёт ташкилотларида тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, амбулатория поликлиника ва стационар тиббий ёрдам кўрсатаётган ташкилотларнинг фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланишини таъминлашдир.
Вазирлар Маҳкамасининг 696-сонли қарори билан тасдиқланган мазкур Низом 4 бобдан иборат. 1- бобда умумий қоидалар берилган. Бунга мувофиқ Низом мижозларни йўллаш тиббиёт ташкилотларида тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди. Ундаги қоидалар туман, вилоят ва республика миқёсидаги тиббиёт ташкилотларига татбиқ этилади. Низомнинг амал қилиши шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш тартибига татбиқ этилмайди. Тиббий ёрдам турлари ҳажми ва тиббий ёрдамнинг сифати стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Низомда, аввало асосий тушунчаларга аниқлик киритиб қўйилган. Жумладан, мижоз-касаллиги бор ёки йўқлигидан ва соғлигининг ҳолатидан қатъий назар унга ёрдам кўрсатилаётган ёки тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган жисмоний шахс деб кўрсатилган.
Мижозларнинг имтиёзли тоифаси эса ижтимоий мақоми ва ёки айрим касалликларнинг мавжудлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарорлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган мижозлар тоифаси сифатида изоҳлаб қўйилган.
Амбулаторияда тиббий ёрдам кўрсатиш-туну кун кузатишга муҳтож бўлмаган мижозларга тааллуқли.
Стационар тиббий ёрдам кўрсатиш - туну кун кузатиш, парвариш қилиш ва даволашга муҳтож мижозларга тааллуқли.
Шифохонага ётқизиш-шифохонада тиббий ёрдам кўрсатиш учун мижозни тиббий ташкилотга жойлаштириш.
Тиббий-танлов комиссияси - мижозни шифохонага ётқизиш белгилари мавжудлигини аниқлаш учун туман, шаҳар, вилоят (Тошкент шаҳри) ва республика миқёсидаги тиббиёт ташкилотларида ташкил этиладиган комиссия ҳисобланади.
Низомнинг 2-бобида мижозларни тиббий ташкилотларга йўналтириш тартиби белгилаб қўйилган. Аввало, тиббий ёрдам кўрсатилиши учун мижоз яшаш жойи бўйича қишлоқ врачлик пунктларига, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаларига мурожаат қилади. Шунда у қуйидаги тартибда йўналтирилади: тиббий ёрдам олишнинг даражасига мувофиқ тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий поликлиникаларига йўлланма берилади. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар бўйича эса диспансер рўйхатида турганларга тўғридан-тўғри тегишли вилоят ташкилотларига берилиши мумкин.
Энди ТБларнинг кўп тармоқли поликлиникалари томонидан унинг тегишли стационар бўлинмаларига ёки вилоят даражасидаги ташкилотларга йўналтирилади.
Вилоят тиббиёт ташкилотлари томонидан республика тиббиёт ташкилотларига йўналтириб борилади.
Имтиёзли тоифага кирадиган йўлланма берилган мижозларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббий танлов комиссиясининг хулосаси асосида ордер расмийлаштирилади. Зарурат туғилганида ССВ ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органлари ўзининг идоравий мансуб тиббиёт муассасаларига йўналтириши мумкин. Бундай ҳолатда имтиёзли тоифага кирадиган мижозларни шифохонага ётқизиш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги қарор тиббиёт ташкилотининг тиббий-танлов комиссияси томонидан аниқланади.
Низомнинг 3-бобида тиббиёт ташкилотларида тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби ўз ифодасини топган.
Тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам;
Туман(шаҳар) даражасида (пуллик ташкилотлар, бўлим ва палаталар бундан мустасно)- аҳолининг (мижозларнинг) барча тоифаларига;
Вилоят( Тошкент шаҳри) ва республика даражаларида (пуллик ташкилотлар, бўлим ва палаталар бундан мустасно)- мижозларнинг имтиёзли тоифаларига кўрсатилади.
Шуни унутмаслик керакки, давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмидан ташқари тиббий ва бошқа ёрдамлар қўшимча ҳисобланади ва мижоз томонидан белгиланган тартибда уларнинг ҳақи тўланади.
Даволаш ва ташхис қўйиш ҳамда шифокорларнинг ҳаракатлари туфайли юзага келган асоратлар билан боғлиқ қўшимча харажатлар тегишли тиббиёт ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
Умумий амалиёт врачи йўлланмаси бўйича марказий поликлиникада мижозга тегишли тиббий ёрдамдан сўнг кейинги даволаниш қуйидагича амалга оширилади: мижозга стационар шароитида тиббий ёрдам кўрсатилишига эҳтиёж бўлмаган ҳолларда-мижоз яшаш жойи бўйича кейинчалик амбулатория шароитида даволаниши учун тегишли тавсиялар билан умумий амалиёт врачига қайта йўналтирилади.
Агар стационар даволанишга тўғри келса, мижознинг тиббий ҳужжатлари кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун шу марказий поликлиника қошидаги тиббий-танлов комиссиясига ўтказилади.
Мижоз кейинчалик шифохона шароитларида даволаниши зарурлиги тасдиқланса тиббий-танлов комиссияси хулосаси асосида унга туман ёки вилоят муассасасига йўлланма берилади.
Мабодо мижоз тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз (ордерсиз) тиббиёт ташкилотига мурожаат этса, тиббий ёрдам белгиланган тартибда пуллик асосда кўрсатилади. Лекин шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳолатлар бундан мустасно.
Туман ( шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги тиббиёт ташкилотига ёзиладиган йўлланма қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади.
Мижозлар муассасаларга қабул бўлими томонидан қабул қилинадилар. Бу бўлимда, яъни регистратурада мижозларни иш тартиби, тиббий ёрдамлар рўйхати, ушбу ёрдамни кўрсатиш ва олиш шарт-шароитлари, врач-мутахассислар малакаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи бепул, тушунарли ва ишончли ахборотлар билан таъминланишлари шарт.
Тиббиёт ходимлари мижозларга уларнинг соғлигининг ҳолати тўғрисида тўкис маълумот беришлари шартлиги ҳам Низомда кўрсатиб ўтилган. Мижозларнинг талабига мувофиқ саломатлик ҳолатини акс эттирувчи кўчирма тақдим этишади. Асл нусхасини бериш таъқиқланади.
Мижознинг ўз касалига доир маълумотларни билган ҳолда ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки шарти этиб белгиланган.
Мижоз ўз хоҳиш иродасини изҳор этолмайдиган аҳволда турса, тиббий аралашувни кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда мижознинг манфаатини кўзлаб тиббий аралашув амалга оширилиши масаласини консилиум ҳал қилади. Консилиумга йиғилишнинг ҳам имкони бўлмаса, муассасанинг мансабдор шахсларини хабардор этгандан кейингина бевосита даволовчи ёки навбатчи шифокор ҳал қилиши мумкин.
Якунловчи 4-бобдаги қоидага мувофиқ тиббиёт ташкилотларининг раҳбарлари йўлланмаларнинг тўғри берилиши ҳамда тасдиқланган тиббий ёрдам сифати стандартларига ва ушбу Низом талабларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилиши учун жавоб берадиган масъул шахс ҳисобланадилар. Низом қоидаларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар, албатта, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беришлари алоҳида белгилаб қўйилган.
Суҳбатни С. Тожибоев ёзиб олди.