Мана, бир неча йилдирки, Бутунжаҳон нейрохирурглар жамияти ривожланаётган давлатларнинг нейрохирурглари учун ўқиш дастурларини жорий этган. Дастурнинг асосий мақсади тиббиётнинг замонавий даво усулларини шу мамлакатларнинг мутахассисларига ўргатишдан иборатдир. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали нейрохирурги Сайдулло Шарифбоев Япониянинг "Tokyo Womens Medical University Medical East" клиникасида малака ошириш учун грант соҳиби бўлиб, юқоридаги дастур асосида ўқиб қайтди.

- Клиниканинг 40 ўринга мўлжалланган нейрохирургия бўлимида бўлдик, - дейди мамнуният билан. - Бу ерда 2 та 64 та кесимли МСКТ, 2 та 1,5 тесла кучланишли МРТ ва ангио­графия, яъни бош мия қон томирлари ангиографиясини ўтказувчи ва каронарография қилувчи, шунингдек 5 та рентген аппаратлари мавжуд экан. Ташхислаш ва даволаш учун барча шароит ва имкониятлар яратиб қў­йилибди. Беморларга эса суғурта полислари орқали тиббий ёрдам амалга оширилади. Бўлим жамоаси юқори билим ва салоҳиятга эга мутахассислардан ташкил топган, 1 нафар профессор, 3 нафар тиббиёт фанлари доктори, 4 нафар ординатор ҳамда шунча магистр ва илмий ходимлар фаолият юритишади.

Биз тажрибаларимизни ўзаро баҳам кўрдик. Мен япониялик шифокорларга юртимиздаги тиббий ислоҳотлар, жумладан, илмий марказимизда шошилинч даволаш бў­йича эришилаётган ютуқларимиз ҳақида ахборот тақдимотини ўтказдим. Хурсанд бўлганим, Ўзбекистонимиз тиббиёти ривожи уларда катта қизиқиш уйғотди.

Ҳамюртимиз мазкур бўлим раҳбари, профессор Хедитоши Касуянинг меҳрини қозонди. Шунингдек, марказий клиникага бориб, у ерда жаҳонга машҳур жарроҳ доктор Косаку Амано билан ҳамкорлик бахтига муяссар бўлди. У билан ёнма-ён туриб, нейроэндоскопик амалиётларда қатнашди.

Доктор Косаку Амано 2017 йилнинг 5-7 май кунлари Жаҳон нейрохирурглар ассоциациясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган ўқув семинарининг энг ҳурматли меҳмонларидан эканини, бу анжуманда тиббиётнинг долзарб масалаларига оид маърузалар билан чиққанини эсга олсак, Сайдулло Шарифбоевнинг ўқув сафари ғоят фойдали кечганига ҳеч шубҳа йўқ.

Унинг ўзи мамнуният билан айтишича, Японияда бир неча операцияларда таниқли нейрохирургларга ассистентлик қилди. Беморларда ангиография текшируви ўтказишни деярли тўла ўзлаштириб олди. Бу эса ёш шифокорнинг малакаси тобора мукаммаллашаётганидан далолатдир.

Яна бир муҳим янгилик. Япониянинг марказий клиникаси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ўртасида нейрохирургик хизматни яхшилаш ва ўзаро тажриба алмашинуви бўйича "Меморандиум" имзоланди.