Чунки у нажоткорлиги билан
беморларнинг ихлосига кирган
Гап ким ҳақида кетаётгани сизни қизиқтираётган бўлса, шошилмай, аввал ўзини эмас, иш жойини таништирамиз. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг дарвозасидан киришингиздаёқ чап томондаги бино эътиборингизни тортади. Ахир қачон қараманг, тўхтовсиз кириб-чиқаётган одамларга кўзингиз тушади. Бу ўзига хос поликлиника, аниқроғи консультатив-диагностика бўлими. Эрталаб унинг иккинчи қаватига кўтарилиб, 23-хона рўпарасига ўтсангиз, навбатга қараб ўтиришган хотин-қизлар бошқа хоналарнинг олдиларидагига қараганда анча кўп эканлигини пайқашингиз қийин эмас. Қизиғи, деярли ҳеч ким асабийлашмайди, хотиржам кутади, тартибни бузмайди. Боиси, ичкарида чинакам халоскор мутахассисдан муолажа маслаҳатлари, аниқ йўл-йўриқлар олишларини яхши билишади. Ортиқча ушлаб туриш одати бегоналигини, кирганга қисқа савол берганига яраша, қисқа жавоб кутиши барчага аён. Врач бутун ташвишини унутиб, (ҳатто уяли телефонини ўчириб қўйиб) ўй-фикрини беморнинг дардига аниқ ташхис қўйишга жамлайди. Ёзадиганини тез-тез ёзади, гапирадиганини аниқ-аниқ гапиради. Бирор онни, бирор лаҳзани беҳуда бой бермайди. У эшик ортида беморлар интиқ ўтирганини хаёлидан қочирмайди. Ёнидаги дастёри- ҳамшира аёл ҳам унинг нима демоқчилигининг ҳали оғиз очмаёқ қарашларидан фаҳмлаши эса, врачнинг қабули ғоят батартиб, ғоят самарали кечишига кўмаклашади.
Ана энди танишинг: у урогинеколог Дилфуза Жумановна Умаровадир. Попнинг тоғолди Маданият қишлоғи таваллуд тупроғи ҳисобланади. У бежиз шифокорликни танламаган эди. Онаси Ҳафиза Умарова 9 қизу 5 ўғилни туғиб, рангу-рўйини олдириб, касалванд ҳолатидан азият чекканини ҳар кўрганида юраги ачишганиданми, шифохонага ортидан югур-югур қилишган маҳалларида умид бағишлаган оқ халатли инсонларга меҳри уйғонганиданми, мактабни битирибоқ Андижонга тиббиёт институтига ошиқди. Шу 1988 йилда талабалар сафига қўшилди, олти йил пухта сабоқ олди. Дилфуза 1994 йилда Наманган вилоят шифохонаси урология бўлимида интернатурани ўтади. Устозларининг ўгитларига қатъий амал қилишга интилди. Қизиқувчанлиги ва чечанлиги туфайли урология соҳасига бир йилдаёқ ихтисослашиб олишга уқуви етди. Шунданми, 1995 йили Наманганда алоҳида урология маркази ташкиллангач, устозлари уни ўша ёққа етаклашди. Аҳмаджон Мамажонов, Юсуфжон Дўсанов ва Содиқжон Абдуллаев сингари моҳир урологлар ишламчак гинеколог шогирдидан урологик билим ва тажрибаларини аяшмади. Унинг ўрганишга беҳад иштиёқмандлиги мутахассислиги жуфтланишига эришишини тезлаштириб юборди. Бу ердаги ўн уч йиллик фаолияти касбий камолотида муҳим аҳамият касб этди.
У 2008 йили вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг урогинекология бўлимига мудирликка лойиқ топилди. 2012 йилдан консультатив-диагностика бўлимининг 23-хонаси мезбони. Меҳмонлари бемор хотин-қизлардир. Уларнинг бири урологик, бири гинекологик касалликлардан чекаётган озорини айтишиб, жонларига оро кирадиган муолажаларга маҳтал ҳолатда кириб келишади.
Бугун ҳам одатдаги кун. Эшик очилиб, ҳамшира кўринди.
- Ҳамма ўзининг навбатини яхши билиб олган бўлса, энди тартиб билан қабулимизга марҳамат! - деди Азиза Исмонова мулойим оҳангда жилмайганча.
Биринчи бўлиб ёшгина жувон ийманибгина остона хатлади.
-Яқинроқ келиб, рўпарамга ўтириб олинг-чи, сингилжон!-деди врач курсига ишора қилиб. - Хўш кўзларингизда ёш қалқишиданоқ фаҳмлагандайман, фарзандсизлик қийнаяптими?
-Турмушимиз омонатга ўхшаб қоляпти, эрим асабийлашяпти..!
-Ўзи шунақа бўлади, лекин ўткинчи ҳол, озгина сабр қилсин, менинг маслаҳатларимга яхшилаб қулоқ тутинг...
Жувоннинг чеҳраси ёришди. Дўхтир опасининг йўл-йўриқларини қулоғига қуюб олди. Қўлида эса, дори-дармонлар битилган рецепт қоғоз. У яна бир ҳафтадан кейин келиб учрашини айтиб, мамнун кайфиятда хайрлашди.
Навбатдаги бемор қизнинг ранги заҳиллиги-ю, жийиниб туришидан буйрак тошдан озор чекаётганини дарров сезди.Оғриқ ўрнини ва сабабларини суриштирди.
-Ҳа, тошнинг борлиги аниқ, лекин бориб УТТга тушиб чиқ, кейин чорасини кўрамиз. Бундан қутулишнинг йўли осон. Урология бўлимидагилар билан биргаликда мушкулингни осон қиламиз,-дея қатъий ишонтирди уни.
Беморнинг тушкун кайфияти чекинди. Гўё оғриғи пасайгандай юзидаги тундлиги йўқолди. Тиббий аппаратга текширтиш учун шошилди...
- Урологик ва гинекологик касалликлардан хотин-қизларни фориғлаш учун сабр-тоқат ва қунт билан фаолият олиб боришимиз керак, - дейди Дилфуза Умарова. - Ҳар икки гуруҳ дардларнинг барчаси бахтли оналикнинг барқарорлигига путур етказишини назарда тутсак, масъулиятимиз қанчалар юксаклиги янада ойдинлашади. Буйраги соғлом, бачадони беиллат аёлгина тўрт мучаси соғ фарзандни дунёга келтира олади. Мен буни уларнинг ўзларига ҳам такрор-такрор уқтираман. Тўғри овқатланиш, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этиш ҳамиша лозимлигини тушунтираман. Врач билан бемор ўртасида кўринмас девор бўлмаса, дард тортаётган қизми, аёлми ҳеч ийманмай, худди дугонасига айтаётгандай ичидагини тўкиб солади. Мен худди шу имкониятни беморларимга самимий муносабатим билан яратиб қўяман. Оила бекаларига оналик толеига мушаррафланишлари учун ҳам тиббий, ҳам руҳий мададимни ҳеч қачон аямайман.
Шифокорнинг гапларини тасдиқловчи мисоллар аслида кўп. Бироқ биз айримларинигина таъкидлаб ўтиш билангина кифояланамиз. Айниқса, бепуштлигидан шикоят қилган аёлларнинг врач маслаҳатию, муолажаларидан сўнг кўнгилларига мунавварлик югургани, юракларидаги армонлари ариб, умидлари ушалаётгани ҳаётий ҳақиқат. Фарзанд кўрмай-кўрмай, охири эгизакларни бағриларига босаётганларнинг кўпаяётгани ғоят қизиқ. Кейинги пайтда Нигора Воҳидова билан Феруза Дадабоева эгизак чақалоқларининг онасига айланишди. Дилрабо Солиева эса бир йўла учизак фарзандлар кўрибди-я! Муҳаббат Пўлатова, Соҳиба Оғалиқова ва Замира Ҳошимовалар буйрак хасталикларидан қутилганликлари учун халоскорлари Дилфуза Умаровадан миннатдор эканликларини изҳорлашди.
-Урология соҳасида ишловчи врач аёллар асли камдан-кам,-дейди соғлиқни сақлаш аълочиси, устоз врач Содиқжон Абдуллаев.- Дилфуза гинекология билан урологияни пухта эгаллаб, етук мутахассислар қаторига қўшила олди. Йигирма уч йилдан буён қанчадан-қанча беморларга нажот бағишлади. Биз шундай сафдошимиздан беҳад фахрланамиз.
Унинг яна бир эътиборга лойиқ фаолиятининг бир қисми шаҳар маҳаллаларида кечади. Хотин-қизлар ўртасидаги соғлом турмуш тарзи тарғиботи анча самарали. Урогинекологик касалликларнинг олдини олиш борасидаги тиббий назорати изчил. Тасарруфидаги ҳудудда яшовчи туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикка 100 фоиз жалб этмоқда. Фақат шугина эмас, айни маҳалда касаллиги аниқланганларни амбулатор ва стационар шароитларда даволанишларини таъминлаб, қарийб 95 фоиз соғломлаштиришга эришмоқда.
Беморларнинг танасидаги дарди қачонки даволовчи врач ҳузурига ихлос билан келса, тузалишига ишончи қатъий бўлса, тез ва осон чекинади. Дилфуза Умарованинг қабулига кириш ниятида турганларнинг қатор-қаторлиги унга ихлос боғлаганларнинг тобора кўпаяётганидан далолат беради. Шифокор учун бундан ортиқ бахт қаерда!..
Содиқ САЙҲУН.