Наманганда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган, хорижлик мутахассислар иштирокидаги "Фарғона водийсида гастроэнтерология ҳафталиги-2017" номли биринчи минтақавий илмий-амалий анжумани бошланди. Мазкур конференция "Жигар ва ошқозон ости бези хавфли ҳамда хавфли бўлмаган ўсмаларини аниқлаш ва жарроҳлик йўли билан даволашнинг долзарб масалалари"га бағишланган.

Тадбирнинг назарий қисми вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг мажлислар залида кечди. Унга Андижон, Фар­ғона ва Наманган вилоятлари соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият олиб бораётган жарроҳлар таклиф этилди. Анжуманни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Анвар Алимов кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов табрик сўзида меҳмонларни Наманган заминига қадам ранжида қилганликлари билан қутлади ва анжуман ишига муваффақиятлар тилади.

Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли А. В. Вишневский номли Жарроҳлик инс­титути профессори Димитрий Ионкин мазкур институт директори, Россия Фанлар академияси академиги Амеран Ревишвилининг табригини ўқиб эшиттирди. Унда жаҳон тиббиётининг асосчиси, буюк олим Абу Али Ибн Сино ватани бўлмиш Ўзбекистонда мус­тақиллик йилларида барча соҳалар қатори тиббиёт ҳам юксак суръатлар билан ривожланиб бораётганлиги эътироф этилган ва бу каби илмий-амалий анжуманларнинг уюштирилиши соғлиқни сақлаш тизими даражасини оширишда муҳимлиги таъкидланган.

-           Ўзбекистонга учинчи марта келишим. Ҳар гал ниманидир ўргатсамда, бу ерда ундан кўпроқ нарсаларни билиб оламан. Чунки юртингиз тиббиёти жадал ривожланмоқда. Энг янги русумдаги тиббий жиҳоз ва аппаратлар билан таъминланмоқда. Ўрганса арзийдиган тажрибалар бор, ҳавас қилгудек ютуқларга эришилмоқда. Ҳамкорлигимиз янада равнақ топишига ишонаман, - дейди профессор Димитрий Ионкин.

Конференциянинг биринчи куни гепатопанкреатобилар жарроҳликнинг долзарб масалаларига оид илмий маърузалар тингланди. Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли А. В. Вишневский номли Жарроҳлик институти профессорлари Илья Козлов ва Димитрий Ионкинлар "Панкреатодуоденал резекцияда муқобил ошқозоности безида аъзо сақловчи проксимал резекцияси", "Ошқозон ости бези саратонининг маҳаллий тарқалган турида криодеструкция", "Ошқозон ости безида лапароскопик аралашувлар натижалари", "Қора талоқдаги хавф­ли бўлмаган ўсмаларни лапароскопик ва робот-ассистент ёрдамида олиб ташлаш усуллари", Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази жигар ва ўт йўллари жарроҳлиги бўлими катта илмий ходими Мақсуджон Нишоновнинг "Жигар ҳажм­ли ҳосилаларида анатомик резекциялар" мавзуларида маърузалар билан чиқдилар.

- Тиббиёт тараққиётида юксак технологияларга асосланган диагностика ва даволаш усуллари татбиқ этилмоқда. Мазкур анжуманда россиялик ва мамлакатимиз шифокор олимларининг бу борадаги изланишлари самараларига оид кўплаб янгиликлардан воқиф бўлдик. Тингланган маърузаларда, баҳс-мунозаралар чоғида олға сурилган ғоялар, илмий тадқиқотлар натижаси ўлароқ қўлланилаётган янгиликлар маҳаллий шифокорлар билими ва кўникмаларини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти жарроҳлик кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Фозил Нишонов.

Мунозараларда фаол қатнашган вилоят эндокринология диспансери бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммад Ваққосов ва тиббиёт фанлари доктори Азиз Эрметовлар тингланган маърузаларга ўз муносабатларини билдирдилар, Наманганда жарроҳлик амалиётларида жорий этилаётган янги технологияларга эътиборни қаратдилар. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси штатсиз бош жарроҳи Толиб Мамадумаров Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги янада мустаҳкамланаётганлиги, хусусан Челябинск шаҳридаги клиникаларда малака ошириш жараёнида ўрганилган янгиликлар ҳақида гапириб берди.

Анжуманнинг амалий қисми Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида давом эттирилди. Дастлаб Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Россиянинг А. В. Вишневский номли Жарроҳлик институти ўртасидаги ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш борасида Меморандум имзоланди. Россиялик таниқли шифокор олимлар наманганлик ҳамкасблари билан биргаликда маҳаллий жарроҳларга энг мураккаб амалиётларни "Маҳорат дарси" сифатида кўрсатишди. Ҳали жорий этилмаган янгидан-янги амалиётларни конференция қатнашчилари видеотасвир воситасида кузатиб туришди. Профессор Димитрий Ионкин ва Толиб Мамадумаров ҳамда Адҳам Рўзиматовлар томонидан Наманганда илк бор ўтказилган меда ости бези асоратланган кис­тасини ички дренажлаш резакцияси амалиёти муваффақиятли бажарилди.

Юксак технологиялар кафолатли ва малакали даволаш омили эканлиги анжуман якунида ўз тасдиғини топади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.