Конституциянинг VIII боби фуқароларнинг "Сиёсий ҳуқуқлар"ини ўз ичига олган. "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунинг­дек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади...". Биз яхши биламизки, бу борада кейинги йилларда бир неча янги қонунлар яратилдики, уларнинг барчаси Конституциянинг юқоридаги 32-моддасига ҳамоҳангдир.

Инсон фаоллиги унинг уюшқоқлигида кўринади, албатта. Уюшиш жамият аъзоларини жипслаштиради. Аввало, манфаатлар муштараклиги омили етакчи ўринда туради. Ўзбекистон халқининг ягона мақсадлар сари интилтиради. "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар..." (34-модда). Жамиятимиз нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан мукаммалликка эга. Касаба уюшмалари бизларга ғамхўрликни кучайтирса, сиёсий пар­тия­ларнинг ҳар бири фикрлар хилма хиллиги шароитида мамлакат ҳаётида демократик тамойиллар асосида тараққиётга элтувчи эзгу мақсадлар сари ўз аъзоларини ва электорати бўлган ҳайрихоҳларини олға етаклайди.

"Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт". Конституциядаги ушбу 35-моддада белгиланган ҳуқуқлар ғоят муҳимлигидан келиб чиқиб, шунинг­дек, ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган янги тараққиёт босқичига қадам қўйганлигимиз жорий йил давомида ниҳоятда серсамара тадбирлар рўёбида ёрқин кўзга ташланмоқда. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"нинг натижалари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: "Мухтасар айтганда, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш - аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади", деган гаплари нақадар ҳаққоний эканлигини яна бир бор тасдиқлаб турибди. Одамларнинг эртанги кунга ишончлари тобора мустаҳкамланиб, ҳаётдан ризоликлари изчил таъминланяпти. "Халқ қабулхона"ларига қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз эмас. Бу муаммоларга ўз вақтида ечим топиш муваффақиятларни мутассил кўпайтиришга олиб келмоқда.

"Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар" Конституциямизнинг IX бобида акс эттирилган. Бу ҳуқуқлар ҳар бир инсоннинг ҳаёти эркин ва фаол кечмоғи имкониятини яратади. Ҳам иқтисодий, ҳам маънавий-маърифий камолотида муҳим аҳамият касб этади. Уларсиз ҳеч қачон жамият тараққиётига эришиб бўлмайди.

Айниқса, бозор иқтисодиёти талаби ва амалиётидан келиб чиқиб қабул қилинган 36-модда эътиборга лойиқ. Бизнинг мамлакатимизда "Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади". Буни яна изоҳлашга хожат йўғу, бироқ "мулк­дор бўлиш" иборасига алоҳида диққатингизни қаратишни истаймиз. Унинг замирида катта маъно ётибди. Мустақилликдан илгари Шўролар замонида бу гапни ёзиш тугул, тилга олишгача (ижобий маънода) хавфли эди. Ишчи-деҳқон синфи деганида қўлида ҳеч вақоси йўқлар кўзда тутилган. Чунки, ўлкамизда янгича ҳаётни юзага келтирмоққа чоғланган "социализм"чилар ҳамма нарсани ижтимоийлаштириб, умумлаштириб юборишга тиш-тирноқлари билан тиришишган. Очиқроғи, ишчиларку аввалари ҳам кучи ва қўли билан яшаган, кун кўрганлар. Деҳқонлар эса колхоздаги, жамоа хўжалигидаги умум­ихтиёрига берилган ерларда тер тўккан. Эвазига эса қадоқ қўлларига арзимаган чойчақа теккан, холос. Асосий фойда "ғамхўр" ва "меҳрибон" давлатга кетган. Ана шунинг учун уларнинг косаси ҳеч оқармаган. Ўтган асрнинг 20-йилларидаги ер-сув ислоҳоти, 30-йилларидаги колхозлаштириш оқибатида катта-катта ер эгаларининг - мулкдорларнинг барча мулклари зўравонлик билан тортиб олинган. Бу ҳам етмаганидай улар ўз юртларидан узоқ-узоқларга бадар­ға қилинганлар. Кимки бой бўлса, унинг шўрини қуритишди. Мулкидан батамом маҳрум этишди. Ҳатто қамоқларга тиқишди. Барибир    хал­қ­нинг турмушида рўшнолик кўринмади. Бундай сиёсат етмиш йилдан зиёд давом этса-да, ўзини ҳеч оқлай олмади.

Фақат ва фақат ҳурриятгина ҳақ-ҳуқуқсиз, мол-мулксиз яшаб келган ота-боболаримизнинг, она-момоларимизнинг дилларидаги армонларини аритиб, асрий орзу-умидларини ушалтирди. Ана энди оддий халқ ҳам мулкдор: Фермер. Тадбиркор. Бизнесмен. Бирининг ихтиёрида гектар-гектар ери бўлса, бирининг дўкони, корхонаси, бирининг хусусий хизматхонаси бор. Энг муҳими, барча мулклари, бойликлари кафолатли. Менимча, мисол келтирмасак ҳам ҳар биримиз атрофимизга боқсак кифоя. Ўш мулкдорлар сафида ўзингиз ҳам бор бўлсангиз ажаб эмас. Ҳозиргача тадбиркорликка қўл урмаган бўлсангиз, энди енг шимариб кўринг - барча қонуний шароит ва имкониятлар муҳайё. Давлат идоралари қўллаб-қувватлайди, банклар эса имтиёзли кредитлар беради.

Конституциянинг 37-моддасини барча яхши билиши шарт: "Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан таш­қари мажбурий меҳнат тақиқланади". Агар қайсидир раҳбар ўзбошимчалик билан билиб-билмай мазкур модда талабларига дахл қилса, бемалол ҳуқуқингизни ҳимоя­лашга, унинг ноқонуний ҳаракатини қоралашга тўла ҳақлисиз.

Инсонни қадрлаган жамиятнинг истиқболи порлоқ бўлади. Боиси, вақтида ишлаб, вақтида ҳордиқ чиқариб, вақтида соғлиги учун қайғуриб яшаган одам жамиятга узлуксиз наф келтиради. Бизнинг мамлакатимизда бу масала адолатли ҳал этилган. 38-моддада "Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади", деб қўйилган. Халқимизнинг "Яхши дам - меҳнатга ҳамдам" нақлида теран маъно мужассам. Ҳафтада бир ёки икки кун, йилда 24 кун дам олиш қонуний тусга кирган юртимиз фуқаролари ҳар вақт соғ­лом ва бардам ҳолатда халқ хўжалигининг барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётганликлари, бунинг қувончли самаралари йилдан-йилга қўлга киритилаётган юқори натижаларда намоёндир.

Истиқлолли Ватанда уйларнинг тўрида фарзанду набиралар даврасида пиру бадавлат толеига мушаррафланган ёши улуғ отахон ва онахонларимизнинг ҳар кунги дуоларидаги эзгу тилаклар, шукроналик туйғулари кўнгилларимизни чароғонлагани чароғонлаган. Уларнинг ҳеч нарсадан камлари йўқ. Ҳаётлари тинч, рўзғорлари бут, дастурхонлари тўкин, кийим-бошлари башанг. Нега ҳам шундай бўлмасин, бизнинг мамлакатимизда "Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Пенсиялар, нафақалар ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас" (39-модда).

Демак, кексаларнинг, ижтимоий ёрдамга муҳтожларнинг бугундан ҳам, эртанги кундан ҳам кўнгиллари тўқ, фаровон ҳаётлари барқарору бардавомдир.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми бор).