Маълумки, "Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонунга асосан ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида мамлакатимиз саломатлик посбонлари касб байрамларини нишонлайдилар. Шу боис 12 ноябрь куни Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуида вилоятимиз соғлиқни сақлаш ходимлари учун байрам тадбири ўтказилди. Унга соҳа фидойилари, тиббиёт фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари таклиф этилди.

Анънага кўра, жаҳон тиббиётининг асосчиси, буюк бобокалонимиз Абу Али Ибн Сино ёдга олиниб, улуғ олим қолдирган бебаҳо мерос эсланди. Мажмуага кираверишдаги кўргазмага қўйилган "Тиб қонунлари" ва бошқа адабиётлар, расмлар ва тасвирий тарғибот воситалари барчанинг эътиборини тортди. Ибн Сино халқаро жамоат фонди вилоят бўлими томонидан ташкилланган илмий маъруза чоғида эса таассуротлар янада бойитилди.

Шундан сўнг тантанали маросим бошланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик инс­титутлар, нодавлат ташкилотлар ва ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов ва бошқалар тиббиётчиларни касб байрамлари билан самимий қутлар эканлар, муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар самаралари, вилоятимиз тиббиётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, эл соғлиғини мус­таҳкамлаш борасида қўлга киритилаётган ютуқлар, одамларни соғлиқни сақлаш тизими фаолиятидан рози қилиш учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталдилар.

Таъкидланганидек, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да соҳа ишини тубдан яхшилаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан беш марта учрашув ўтказилди, соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизмат сифати ва кўламини оширишга қаратилган 30 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Эндиликда тизим фаолиятини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Тиббиёт муассасаларини энг замонавий тиббий асбоб-ускуна ва аппаратуралар билан жиҳозлаш борасидаги ишлар ҳам эътирофга лойиқдир. Ҳозир вилоят кардиология маркази ва вилоят онкология диспансерига ўрнатилган энг ноёб ва такомиллашган тиббиёт ускуна ва аппаратуралари камдан-кам вилоятларда бор. Бугунга қадар "Саломатлик -3" лойиҳаси бўйича олинган тиббиёт анжомлари, аппаратура ва жиҳозлар қиймати 14 миллиард сўмдан ошди. Жорий йилнинг ўзида келтирилган жиҳоз, анжом, аппаратуралар ва автомашиналар учун сарфланган маблағ 3 миллиард сўмга етди.

Тез тиббий ёрдам хизмати энг замонавий техника ва санитар автомашиналари билан таъминланмоқда. Бирламчи тизимдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ 62 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. ҚВП ва поликлиникаларнинг иш вақтлари узайтирилди. Тез тиббий ёрдам шаҳобчалари улар қошида фаолият кўрсатмоқда. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида шифокорлар уйи қурилмоқда. Уларнинг моддий-техник имкониятлари яхшиланмоқда.

Шу билан бирга ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг ривожлантириш диққат марказидадир. Вилоят эндокринология диспансери учун янги бино қуриляпти, вилоят кардиология марказини янада такомиллаштиришга астойдил киришилди. Фармацевтика саноатини юксак суръатлар билан ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ижроси устида изчил иш олиб борилмоқда.

Соҳа фаолиятидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар баробарида тиббиётнинг нодавлат сектори ҳам жадал ривожланмоқда. Йил бошидан бери улар сони 20 тага кўпайиб, бугунга келиб 280 тага етди. "Анамед","Doktor-A med hospital"каби клиникаларнинг довруғи мамлакатимиздан ташқарида ҳам машҳур. Уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун давлатимиз томонидан зарур шароитлар яратиб бериляпти. Бинобарин, Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш фондидан жорий йилда 13 та тадбиркорлик субъектига 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

Шу ўринда хориждаги етакчи клиника ва тиббиёт марказлари билан алоқалар ривожланиб бораётганлигини таъкидлаш ҳам ўринлидир. Жорий йилнинг ўзида вилоятимиз делегацияси Ҳиндистонга, Россия Федерациясининг Свердловск ва Челябинск вилоятларига сафар қилди. Имзоланган ўзаро манфаатли меморандумларга мувофиқ ҳиндистонлик ва россиялик ҳамкорлар билан изчил иш олиб борилмоқда.

- Япониянинг энг нуфузли "Tokyo Women's Medical University Medical Center East" клиникасида малака ошириб қайтдим, - дейди РШТЁИМ Наманган филиали нейрохирурги Сайдулло Шарифбоев. - Хорижда ўрганганларимни амалиётга татбиқ этиш билан юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлашда юқори самарадорликка эришяпман.

Байрам тадбирида узоқ йиллар давомида тиббиёт соҳаси ишини ривожлантириш, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ фидойиларга вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тантанали вазиятда топширилди.

Шу куни кўплаб шифокорлар, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимлари рағбатлантирилди, "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танловининг ғолиблари аниқланди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида фидокорона ва фаол меҳнат қилиб келаётган соҳа мутахассислари қаторида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ташхис бўлими мудири Абдурашид Мамажонов ва Наманган шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси педиатр-шифокори Вали Турғуновлар "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан мукофотланди.

Наманган туманидаги 12-қишлоқ оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Нодира Юрданидзе, вилоят кардиология маркази бўлим бекаси Ханифа Абдураззақова, Тўрақўрғон туманидаги 27-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси катта ҳамшираси Муҳаббат Имомалиевалар Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Вазирлик ўтказган "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танловида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали тез тиббий ёрдам врачи Умида Ишанова "Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам шифокори" номинацияси ғолиби бўлди. Норин тумани тиббиёт бирлашмаси акушер-гинекологи Умида Низомова эса "Йилнинг энг яхши акушер-гинекологи" номинацияси бўйича 3-ўринни эгаллади.

Вилоят миқёсидаги кўрик-танлов якунларига кўра, вилоят ДСЭНМ иммуно профилактика бўлими мудири Шерзод Латифжонов "Йилнинг энг яхши санитария-эпидемиология хизмати ходими", вилоят стоматология поликлиникаси бош врачи Аҳмаджон Қосимов "Йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилотчиси", Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими мудири Ҳилола Солиева "Йилнинг энг яхши педиатри", вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази лаборанти Баҳодир Раҳимов "Йилнинг энг яхши лаборанти", вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази эндо-жарроҳи Қуёшжон Йўлдошев "Йилнинг энг яхши жарроҳи", Учқўрғон туманидаги "Қўғай-Ўлмас" қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори Фотима Ғафурова "Йилнинг энг яхши умумий амалиёт шифокори", Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси терапевти Дилфуза Абдураҳмонова "Йилнинг энг яхши терапевти", Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Дилдора Ҳамрақулова " Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси", Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Жакбарали Қурбонов "Йилнинг энг фаол ва масъулиятли раҳбари" дея эътироф этилди.

Учқўрғон туманидаги 38-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси "Йилнинг энг яхши қишлоқ оилавий поликлиникаси", Тўрақўрғон туманидаги "Шоҳидон" қишлоқ врачлик пункти "Йилнинг янг яхши қишлоқ врачлик пункти", Чуст тумани тез тиббий ёрдам бўлими "Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам бўлими" номинациялари ғолиблигига лойиқ кўрилди. Уларга махсус дипломлар ва эсдалик совғалари тантанали суратда топширилди.

- Жорий йилда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштиришда кескин бурилиш ясалди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларининг вужудга келиши бу борада қўйилган муҳим қадам бўлди. Олис ҳудудларда яшовчи аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, - дейди Учқўрғон туманидаги 38-ҚОП мудири Саида Бойхонова.

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ илғор ва фаол шифокорлар, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимларига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари ҳам берилди. Диплом ва қимматбаҳо совғаларни вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов топширди. Шунинг­дек, фахрий шифокорларга байрам туҳфалари тарқатилди.

- Кўрсатилган эътибору эъзоздан дилларимиз яйради, - дейди мингбулоқлик кекса тиббиёт ходими Маъсуда Маҳкамова. - Ғамхўрликка жавобан ёш шифокорлар маданияти ва маънавиятини юксалтиришга баҳоли қудрат ҳиссамизни қўшамиз.

Таниқли санъаткорлар ва бадиий жамоалар ижросидаги концерт дастури байрамга файз бағишлади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.