Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2863-сон қарорига мувофиқ солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиши тартиби жорий қилинди.
Унга мувофиқ бу янгилик аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.
Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатилади;
- Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
- I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;
- Муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;
- Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;
- 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
- 1941-1945 йиллардаги уруш даври меҳнат жабҳаси қатнашчилари;
- Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган бошқа шахслар.
Бепул тиббий хизмат кўрсатиш учун уларнинг шахсини ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асос бўлади. Уларга кўрсатиладиган бепул тиббий хизматларнинг турлари ва ҳажми тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензияда кўрсатилган ихтисосликлар доирасида ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларидан келиб чиқиб, муассасалар томонидан мустақил белгиланади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг бепул тиббий хизмат олиш бўйича мурожаатлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтидаги электрон базага мурожаат қилинган кундан мурожаат этувчининг навбатини кўрсатган ҳолда онлайн тизимда киритиб борилади.
Шунингдек, хусусий секторларда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул тиббий хизматларни кўрсатишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ёки халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган профилактика усуллари, диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилинади.
Назиржон ДАВЛАТОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси НТМТКТХСНҚБ бош мутахассиси.