Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда вилоятимизда давра суҳбати ташкил этилди.

Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган тадбирда "Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари тушунтирилди. Давра суҳбатини вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров олиб борди. Ўзбекис­тон Матбуот ва ахборот агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуровнинг кириш сўзида таъкидланганидек, мазкур қонуннинг 8-моддаси билан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғ­лигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Шу билан бирга, қонуннинг 25-моддасида Матбуот ва ахборот агентлиги, Адлия вазирлиги ва бош­қа манфаатдор ташкилотларга унинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ахборот ва коммуникация технология­лари масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳратжон Тўхтабоев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси етакчи мутахассиси Обидхон Парпиев, вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бош педиатри Дилфуза Болтибоева, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси АТК бўлими бошлиғи Икромжон Чориев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят телерадиокомпанияси директори Муҳаммаджон Мақсудов ва бош­қаларнинг янги қонуннинг мақсад ва вазифалари, унинг айрим моддаларини қўллаш, ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларининг ахборотларини ёшга оид таснифлаш, экспертизадан ўтказиш, болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар ваколатлари, давлат соғ­лиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари ва вазифалари ҳақидаги маърузалари тингланди.

Савол-жавоблар чоғида "Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш масалаларига ойдинлик киритилди.

 

"Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш - халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир"

Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган яна бир давра суҳбати ана шундай номланди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда матбуот ва оммавий ахборот воситаларини лебераллаштириш ва ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган, демократик талаб ва стандартларга тўла жавоб берадиган 10 га яқин қонун ҳужжати қабул қилиниб, бу борада мустаҳкам хуқуқий база яратилди. Ҳозир юртимизда 1500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатаётгани, Интернет-глобал тармоқда uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошиб кетганини алоҳида таъкидлаш зарур. Унинг 25 таси Наманган вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан бўлган учрашувда адабиёт, санъат, маданият соҳасини янада ривожлантириш, бу борада иш самарадорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканига алоҳида эътибор қаратиб, шу йўналишда қатор фармон ва қарорлар лойиҳаси тайёрланаётгани ҳақида тўхталиб ўтган эди. Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг "Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги Қарори қабул қилингани мазкур йиғилишда айтилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ишлар қатъий изчиллик асосида олиб борилаётганини кўрсатади.

Президент Фармони ва Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агент­лиги оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаа­чилик, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.

Бугун мамлакатимизда китоб маҳсулотларини нашр қилиш ва тарқатиш тизими самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, китобхонлик маданиятини юксалтириш - буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолотидир.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош мутахассиси Муҳиддин Омонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Жамолиддин Муслим, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Маҳмуджон Парпиевлар ОАВ ва ноширликдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уни янги сифат босқичига кўтаришнинг долзарб муаммолари, китобнинг ўрни ва китобхонлик маданиятини юксалтиришнинг муҳим масалалари, миллий ахборот медиа маконини равнақ топтиришда журналистларнинг роли ва масъулияти ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.