Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда тумандаги 40-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида "103" ва поликлиника чақирувларини узатиш ва интеграция бўйича семинар ташкиллади.

Унда шаҳар ва туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникалари мудирлари, ҚВП координаторлари, қишлоқ врачлик пункти ҳамда оилавий поликлиникалари мудирлари қатнашди.

Дастлаб иштирокчилар 10400 нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган жамоа фаолияти билан яқиндан танишишди.

Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров очар экан, тадбирдан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳусусида сўз юритди. Нотиқ инте­грацияни амалиётга кенг татбиқ қилинишида тиббиёт ходимларидан чуқур билим, юқори малака ва масъулият талаб қилинишини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг ҚОП мудири Назокат Усмонова мазкур усулни Каттамўғол, Мустақиллик, Тегирмон, Қурама МФЙлари аҳолисига қўллаш юзасидан маъруза қилди.

Тадбир сўнггида ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурованинг рейтинг баҳолаш тизими бў­йича берган тавсиялари муҳим аҳамият касб этди.

- Қисқа вақт мобайнида янги усулнинг самараларини сездик, - дейди ҚОП катта ҳамшираси Азиза Эргашева. - Ушбу жараёнда аҳоли орасида даволашдан кўра ҳасталикнинг олдини олишга кўпроқ эришилди.

- Бундай семинарлар Янгиқўрғон, Наманган, Норин, Тўрақўрғон туманларида ҳам ташкилланди, - дейди вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров. - Интеграция стратегиясининг характерли томони аҳоли орасида тиббий маданиятни юксалтиради. Шунингдек, ҚОП ва стационар ўртасидаги узвий боғлиқликни, бемор ва тиббий ходимлар билан мулоқотни мустаҳкамлайди. Асоссиз чақириқларнинг олдини олади. Уй шароитида врач тавсияларини тўғри бажариш, қай ҳолда шифокорга мурожаат этиш, рационал овқатланиш каби энг зарур кўникмалар ҳосил қилади.

Дарҳақиқат, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул. Айнан интеграция усулини татбиқ қилинишидан мақсад ҳам шундай.

* * *

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 718-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида семинарлар ташкил қилинмоқда.

Косонсой туман тиббиёт бирлашмасига қарашли     3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида ўтказилган тадбир аҳолини профилактик кўриклар ва патронаж тизими билан қамраб олиш, сурункали касаллиги бор беморларни назорат қилиш, соғломлаштириш, республика даражасидаги муассасаларга маслаҳат, диагностика, назоратга олиш, даволаш ва реабилитация учун йўллашга доир масалаларга бағишланди.

Кун тартибидаги мавзулар юзасидан ВССБ бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов ва Косонсой ТТБ ҚВП координатори Муродилла Тошматов сўзга чиқдилар.

Косонсой академик лицейида ташкилланган семинарни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бахтиёр Холдоров бошқарди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров бундай тадбирлар аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, касалликларга чалиниш хавфи кўрсаткичларини камайтириш, ногиронликнинг олдини олиш мақсадида ўтказилаётганлигини таъкидлади.

Унда марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, ҚОП, ҚВПлари ҳамда врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби ижросини 3-сонли ҚОПнинг аҳолига кўрсатаётган тиббий хизмати мисолида таҳлил этилди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга керакли жавоблар олишди.

Манзура ЭРГАШЕВА.