14 ноябрь - "Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни" муносабати билан вилоят эндокринология диспансерида тантанали тадбир ташкилланди.

Даставвал диспансер бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов сўзга чиқди. Даволанувчилар, уларнинг ота-оналари ва меҳмонларни қутлуғ сана билан табриклаб, мамлакатимизда қандли диабет касаллигининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси штатсиз бош эндокринологи Тоҳиржон Шокиров қанд­ли диабет касаллигига чалинмаслик учун ва даволашда нималарга эътибор бериш лозимлиги тўғрисида қисқача тушунча берди.

Анжуманда қатнашган "Соғлом авлод учун" хукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Кимёхон Сатторова касалликка чалинган беморлар, айниқса, болажонларга кўрсатилаётган ғамхўрликларга тўхталди.

Шундан сўнг диспансернинг болалар ва ўсмирлар бўлими педиатр-эндокринологи Латифжон Нуриддинов тадбир иштирокчиларига қандли диабет касаллиги бўйича маъруза ўқиди. Болажонларни соғликларига бефарқ бўлмасликка, шифокорлар маслаҳатига, ота-оналар сўзларига амал қилишга чақирди.

Диспансерда даволанаётган ва тадбирга таклиф этилган болажонларга "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда бошқа ҳомийларнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбирда болажонларга касалликнинг олдини олишга доир викторина саволлари берилиб, ғолиблар муносиб тақдирланишди. Қатнашчилар қизиқчи Искандар Ҳамроқуловнинг чиқишларидан бир олам завқ олдилар.

Суратда: тадбирдан лавҳалар.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.