дейди суҳбатдошимиз вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди Раҳмонжон Абдуллаев.
ОИТС - орттирилган иммунитет танқислиги синдроми инсон умрининг кушандаси. Бошқача айтганда, бирданига эмас, аста-секин ҳаёт шамини сўндиради. Инсонни яшаш имкониятини йўқотади. Энг ёмони, бу касаллик юқумлидир. Бемор ўзи қолиб, бошқаларнинг ҳам ҳаётига хавф туғдиради. Бунга қарши ҳамиша ҳушёрлик зарур. Тарғибот олиб борадиган ташкилот ва муассаса жамоалари билан ҳамкорликда курашилсагина кутилган самараларга эришилади. Мулоқотимиз худди шу ҳақда.
- Раҳмонжон Олимжонович, Сизни марказга янги раҳбар эканлигингизни яхши биламиз. Аввало, ўзингиз тўғрингизда қисқача маълумот берсангиз?
- Асли чустликман. 1980-1986 йиллар Тошкент давлат тиббиёт институтининг санитария-гигиена факултетида сабоқ олганман. Сўнгра, Наманганда йигирма саккиз йил ишладим. Вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи вазифасини бажаришгача лойиқ топилдим. 2013 йили эса Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази пуллик хизмат кўрсатиш учун рухсатнома бериш ва маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулоса берилишини назорат қилиш бўлимида фаолиятини давом эттирдим. Шу йилнинг сентябри бошидан яна Наманганга қайтдим. Биз тиббиёт муассасалари раҳбарлари зиммасига алоҳида масъулият ва топшириқлар юклатилган. Пойтахтдан вилоятга сафарбар этилишимиз боиси даволаш-профилактика ишларини жаҳон андозалари даражасига кўтариш бош вазифамиздир. Барча касалликлар инсон учун ташвиш ва муаммо келтириб чиқаради-ю, бироқ ОИТСники ниҳоятта жиддий. Унга қарши курашда салгина бўлса ҳам бепарволик ва лоқайдликка йўл қўйиш мумкин эмас. Аҳил жамоамиз буни чуқур англаган ҳолда хавфли юқумли касалликка қарши чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқда.
- Марказ томонидан олиб борилаётган ишларда асосан нималарга эътибор кучайтирилмоқда?
- Муассасамизда алоҳида поликлиника, лаборатория-ташхис, эпидемиология-мониторинг назорати ва методика-профилактика ва эпидемияга қарши кураш бўлимлари фаолият юритади. Биз ОИТСга чалинганларни аниқлаш ва даволашда аввало уларнинг безовта кўнгилларини тинчлантиришга, сўнг умидлантиришга ҳаракат қиламиз. Поликлиникамизга ҳатто қўзида ёш билан кириб келганлар учрайди. "Энди умрим тугайдими?" дея илтижоли боққанларга жавобимиз аниқ: "Йўқ яшайсиз, вақтида дори-дармон олсангиз бас, албатта Аллоҳ берган умрни кўрасиз". Бу, шунчаки таскин эмас, ҳақиқатдир.
Мамлакатимизда шу хавфли хасталикка чалинганларнинг кимлиги ошкор этилмаган ҳолатда бепул даволанишлари учун барча зарур шароитлар яратиб қўйилган. Аноним хонамиз врачи Ҳамидхон Мирзаев яккама-якка дилдан суҳбат ўтказиб, тегишли йўл-йўриқлар беришга шай. Лабораториямизда таҳлиллар ўтказилади. Бу ерда клиник-биохимик текширув учун керакли ноёб аппаратларга эгамиз. ИФА - иммунофермент анализ, ПЦР - полимер занжир реакцияси каби тиббий ускуналар тўғри ташхис қўйилишини таъминлайди. Поликлиникамизда беморлар рўйхатга ва назоратга олиниб, даволанишга жалб этиладилар. Ҳаммаси сир тутилиши кафолатли.
- Жамоангизда ўз вазифасига ҳамиша масъулият билан ёндошадиган ходимларингиздан кимларнинг номларини тилга олишни хоҳлардингиз?
- Аслида барчалари яхши ишлашларини кўриб, кўнглимда бу жамоа билан ҳар қандай вазифани ўз вақтида тўкис уддалаш мумкин, деган фикр қатъийлашган. Айниқса, Гулмира Мирзакаримова бошчилигидаги поликлиниканинг Раънохон Сиддиқова, Турсуной Йўлдошева, Барнохон Юсуповадек, Клара Исматова бошчилигидаги лабораториянинг Шоира Раҳимова, Малика Улуғбоевадек, Мансуржон Позилов бошчилигидаги эпидемиология мониторинги бўлимининг Муҳаммаджон Раҳимов, Раҳимжон Ҳайдаровдек, услубчи Толибжон Раҳмонов бошчилигидаги Ҳусанжон Мирзаев, Гулхумор Мамажонова, Баҳромжон Раҳмонов, Нодиржон Туйхонов, Фирзода Ортиқова, Синоат Холиқовадек врачларимиз хасталик хавфини бартараф қилишнинг чинакам жонкуярлари, дейишга арзишади.
- Ноябрни ОИТСга қарши кураш ойлигига айлантирилгани диққатга лойиқ. Белгиланган режалар доирасида қандай тадбирлар уюштирилмоқда?
- Халқимизда "Ҳамкорликда ҳикмат кўп" нақли бежиз тўқилмаган. Агар ОИТС хасталиги ҳуфёна тарзда кечишини ҳисобга олсак, бу дардга илашган инсонларни аниқлаш, уларнинг соғлом одамларга вирус юқтириб қўйишининг олдини олиш, даволаш-профилактика муассасаларида ички инфекцияларга йўл қўймаслик, хорижда ишлаб келганларни тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтказиш учун биргаликда фаол иш ташкил этишимиз шарт. "Ўзингизни ва яқинларингизни ОИТС хавфидан асранг!" шиори доимий долзарб бўлиб қолаверади. Давра суҳбатлари, учрашув-мулоқотлар маҳаллаларда, ўқув муассасаларида, айниқса, кўпроқ уюштирилиши мақсадга мувофиқдир. Вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш муассасалари, ўз-ўзини бошқариш органлари, давлат ва нодавлат ташкилотларининг 2017-2019 йилларда ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши кураш бўйича ҳамкорликда белгилаган тадбирлари режадан натижага айланиши учун ташкилотчиликни ҳамиша кучайтиряпмиз.
Бугун шуни ишонч билан айта оламизки,тилимизда СПИД дейишга одатланиб қолинган бу касаллик ҳақида ваҳима кўтариш ножоиз. Боиси, эндиликда яратилган антивируслар ОИВ инфекциясининг бош кўтаришига йўл бермайди. Касалликни соғлом одамларга юқтирмасликнинг тўла имкониятлари мавжуд. Огоҳлигимиз ва ҳушёрлигимиз, соғлом турмуш тарзимиз ҳаётимизни узайтиришнинг муҳим омиллари бўлиб қолаверади.
Суҳбатдош: Содиқ САЙҲУН.