Инсоннинг ҳаёти жамиятга, атрофдагиларга қанчалик нафи тегаётгани билан чинакам мазмун касб этади. Бу билан қадр-қимматга эга бўлади. Етмиш тўрт йиллик ҳаёти давомида эл-юртга фаол хизмат қилаётган Ваҳобжон ҳожи ота Ибрагимов умр дафтарини ана шундай хайрли ва савобли ишлар билан безаётганлардан биридир. Тиниб-тинчимас меҳнат фахрийсининг ташаббускорлиги ва ташкилотчилигига гап йўқ. Буни қуйидаги мухтасар мулоқотимиздан ҳам яққол билиб оласиз.

Ваҳобжон Ибрагимович, Сизнинг ҳаракатларингиз, айниқса, кексаларни фойдали фаолиятга йўллаш ҳамда ногиронларга ғамхўрлик кўрсатишдан иборатлиги ғоят диққатга сазавор. Аввало, ўзингиз ташкиллаган янги бирлашма ҳақида маълумот берсангиз?

- Пенсияга чиққанимга ўн тўрт йил бўлса-да, ҳали-ҳануз уйда бекор ўтиришни хаёлимга келтирганимча йўқ. Фаолиятимни истиқлол ислоҳотлари шарофати билан ташкилланган ҳаъкамлик судида давом эттиряпман. Шу билан бирга жорий йилнинг 19 июлида "Васийлик" нодавлат нотижорат ташкилотини, яъни пенсионерларнинг маданий дам олиш ва мулоқотда бўлиш ижтимоий ҳаракат жамоат бирлашмасини тузиб, уни адлия бошқармаси рўйхатидан ўтказдик. Бундан кўзда тутилган мақсад вилоятда истиқомат қилувчи пенсионерларни ижтимоий муҳофазалаш, уларнинг уюшган ҳолда дам олиши ва мулоқотда бўлишлари, ўз саломатликларини сақлашлари бўйича малака-кўникмалар ҳосил қилиш, тиббий маданий ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бунга талабдорлар сафини кенгайтириш, уларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, ташаббускорлигини оширишга қўмаклашишдан иборатдир.

- Ўтган қисқа вақт ичида қандай ишларга киришдиларингиз?

- Аввалдан тайёргарлигимиз бўлгани учун янги жамоамизни тезда шакллантирдик. Аъзоларимиз турли касб эгаларидир. Шифокор, ҳуқуқшунос, муҳандис, токарь, тикувчи, электропайвандчи ва бошқа мутахассислик ҳамда ҳунарларнинг соҳиблари уюшишмоқда. Бугун мамнуният билан айтишимиз мумкинки, ногиронларга керакли асбоб-анжомлар, ускуналар тайёрлаб беришни, уларни таъмирлашни ўзлаштириб, дастлабки натижаларга эришдик. Жумладан, ортопедик маҳсулотлари истеъмолчилар эътиборига ҳавола қилинди. Янада аниқроғи, дастлабки 25 та ногиронлар аравачасини тайёрладик. Ижтимоий соҳа мутасаддилари билан буюртмаларга шартномалар имзолаш ҳаракатидамиз. Мақтанишга йўймангу, бизнинг маҳсулотни бошқа корхоналарникидан афзаллик жиҳатлари чидамлилигидир. Имкон қадар пластмасса ишлатмай, ўрнига темирдан фойдаландик. Араваларимизнинг ўзи уч хил. Ҳам катталарга, ҳам аёлларга, ҳам болаларга мослаб яратганмиз.

Яна бир маҳсулотимиз, ногиронлар ва нуронийларнинг универсал ҳассасидир. Унинг йиғмалиги, керакли пайтда уч оёқли ўтирғичга айлантирилиб фойдаланиш имконияти мавжудлиги кўпчиликка манзур тушса ажаб эмас.

Таъмирлаш бўйича турли хизматларини йўлга қўйганмиз. Тиббий ускуналар, шифохонадаги аравалар, протезлар, эшитиш мосламаларида носозлик юзага келса, бизга мурожаат этишса кифоя. Тез ва сифатли тузатиб бериш мутахассисларимиз қўлидан келади.

- "Васийлик" бирлашмасида яна қандай вазифалар бажарилиши кўзлаб турилибди?

- Бирлашма қошида жами 11 та марказ очмоқчимиз. "Оила риштаси", "Юридик маслаҳат", "Маиший хизмат", "Психолог маркази", "Тадбиркорлик фаолияти" сингарилар ана шулар жумласидандир. 40 ўринли профилакторий ташкиллашни ниятлаганмиз. Бу ерда тиббий маслаҳатлар бепул йўлга қўйилади. Тикувчилик цехимизда ногиронлар пойафзаллари ишлаб чиқилади ва таъмирлаб берилади. Ҳамма-ҳаммаси ёши улуғ пенсионерларимиз ҳаракати билан амалга оширилади. Ахир уларда бой тажриба ва малака бор. Бизнинг бирлашмамиз фахрийларнинг кучидан ва салоҳиятидан эл-юрт манфаати йўлида самарали фойдаланишдир. Бу билан мамлакатимизда 2017-2021 йилларга белгиланган Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий соҳадаги вазифалари рўёбига ҳамжиҳат иш юритиб, ўзимизнинг баҳоли қудрат ҳиссамизни қўшамиз, деб ўйлайман.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.