Фуқаролик аслида оддий атама эмас. Инсонга ўзи яшаётган давлатнинг қайси ҳудудида бўлмасин, фуқаролари учун Конституциясида белгиланган барча ҳуқуқлардан ҳамюртлари қатори тенг фойдаланиш имконини берувчи ҳолатни юзага келтиради. Шу жиҳатдан ҳам фуқаролик ҳар биримизда фахр уйғотади. Айни чоғда 20-моддада қўйилган талаб ўзининг манфаатига ҳам, ўзганикига ҳам дахлдор. Яъни, бошқалар унинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилмаслигини таъминлаб туради. Путур етказганларга эса, тегишли қонуний чоралар кўрилади. Давлатимиз ўз фуқароларига ҳамиша ғамхўр. "Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди" (22-модда).

Мамлакатимизда яшаётган ва ишлаётган хорижликлар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар-чи? - деган савол ҳам бежавоб эмас. 23-моддада белгиланганидай: "Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахс­ларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуцияси, қонунлари ва халқаро шарт­номалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар".

VII бобда "Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар" белгилаб берилган. Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир кишининг эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги ҳуқуқи кафолатли. "Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибс­га олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас" (25-модда). Ҳатто жиноят содир этганликда айбланаётган шахс бу масала узил-кесил ҳал қилинмагунча, яъни судда кўриб чиқилганида жинояти тўла тасдиқланмагунча, айби аниқланмагунча уни айбдор ҳисоблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Қонунга мувофиқ "...Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиши учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас..." (26 модда).

Ундан кейинги модда янада муҳим. Буни ҳамма яхши билиши шарт. Чунки, қонунни билмаслик унга амал қилмасликни оқловчи сабаб бўла олмайди. Қолаверса, ҳуқуқини тўла билган инсон шу ҳуқуқини ҳимоя қилиши кераклигини ҳам унутмаслиги лозим.

27-моддада қатъий белгилаб қўйилганидай: "Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас".

Конституциямиз барчага сўз ва фикр эркинлигини беради. Бу мустақил юртнинг ҳур фуқароларига яратилган катта имкониятдир. Виждон эркинлиги берилиши эса, уларнинг тўла маънодаги эркинлигини таъминловчи омилдир. "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади, - дейилади 31-моддада. - Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди". Худди шу модда асосида "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида" алоҳида қонунга ҳам эгамиз. Унда нималар мумкину, нималар мумкин эмаслиги янада кенгроқ ўз ифодасини топган. Мустақиллик йилларида одамларнинг иймон-эътиқоди тобора мустаҳкамланиб бораётгани, масжидларимизда бемалол тоат-ибодат қилишаётгани, ҳар йили минглаб юртдошларимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этишаётгани бу борада давлатимиз томонидан етарли шароитлар яратиб қўйилганлиги шарофатидандир. Беқиёс ғамхўрликка ҳамиша шукроналик муносиб.

Лекин атрофимизда камдан-кам бўлса-да, учраб қоладиган бундай қонунбузарларга ҳеч қачон лоқайд қарамаслигимиз ўзимиз учун ҳам, жамият учун ҳам фақат фойда келтиради. Нияти бузуқ кимсаларнинг дин ниқобидаги ноқонуний хатти-ҳаракати хавфидан ёшларни асраш масаласи ота-оналарнинг, таълим-тарбия муассасалари мутасаддиларининг, ўз-ўзини бошқариш органларининг, жамоат ташкилотларининг доимий диққат марказида турсагина ҳушёрлик ва огоҳлик таъминланади. Бутун жаҳонда глобаллашув жараёни кетаётган экан, диний-экстремизм билан бирга "оммавий маданият" ҳамда оғули ахборот хуружларидан ўзимизни ва халқимизни асрашимиз, бизнингча, шу Ватанга фарзандлик, шу давлатимизга фуқаролик бурчимизга айланмоғи ҳаво ва сувдек зарурдир.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми бор).