Чортоқ туманида тиббиёт соҳасига оид ғоят муҳим вазифаларга бағишланган кўргазмали анжуман ўтказилди.
Тадбирнинг назарий қисми Чортоқ тиббиёт коллежининг катта мажлислар залида бўлиб ўтди. Унга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникалари бош шифокорлари, ҚВПлар бўйича координаторлари, тиббиёт бирлашмалари бош ҳамширалари ва маънавият тарғиботчилари таклиф этилди.
Анжуманни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров кириш сўзи билан очди. Кун тартибидаги биринчи масала - "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика хизматларининг самарадорлиги учун масъулиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 718-сонли қарори ва ССВнинг 2017 йил 18 сентябрда қабул қилинган 535-сонли буйруғини бажариш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда долзарб вазифалар тўғрисида" Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси ҚВПлар бўйича координатори Мавлуда Аҳмадалиева маъруза қилди.
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги "Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида"ги ПҚ-3160 сонли қароридан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида" туман Саломатлик маркази мутахассиси Луқмонжон Машарипов маърузаси тингланди. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамаджонова эса "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 16 августдаги 340-сонли буйруғи асосида Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган пуллик тиббий ва сервис хизматларининг ҳолати ҳамда уларни ривожлантириш дастурларининг ижроси" юзасидан маъруза билан чиқди.
Бошқарма бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев ва бошқарма пуллик тиббий ва сервис хизматлари бўлими бошлиғи Ҳошимжон Асқаровлар маънавий-маърифий ишларни, пуллик тиббий ва сервис хизматларини янада такомиллаштириш юзасидан тавсиялар бердилар. Савол-жавоблар чоғида семинарда кўтарилган масалаларни амалга ошириш билан боғлиқ вазифаларга янада ойдинлик киритилди.
Семинарнинг амалий қисми ҳам таассуротларга бой кечди. Дастлаб Инвестиция дастури асосида қайта таъмирланган туман марказий шифохонасига қарашли таҳлилхона бўлими биносининг тақдимоти ўтказилди. Фаол қурувчилар рағбатлантирилди. Шундан сўнг туман тиббиёт бирлашмасида янги очилган "Маънавият ва маърифат хонаси" фаолияти билан танишилди. Мазкур зиё маскани талаблар даражасида жиҳозланган, зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминланган. Тасвирий тарғибот воситалари маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда ғоят қўл келади.
Марказий шифохонанинг хўжалик ҳисобидаги асаб ва ички касалликлар, аёллар касалликлари реабилитацияси бўлимлари ҳам намунали фаолият кўрсатмоқда. Қатнашчилар мазкур бўлимларда ташкил қилинган фитобарлар, яратилган қулайликлар билан танишдилар. Кўркам ва шинам тиббиёт масканида саломатликларини тиклаётган беморлар шифокор ва ҳамширалар хизматидан мамнунликларини изҳорлашди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш борасида ҳам катта тажриба тўпланган. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида жорий қилинаётган "Электрон поликлиника" тизими, Арбағиш қишлоқ врачлик пункти ва Алихон қишлоғидаги 53-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида амалга оширилаётган ишлар анжуман қатнашчиларига манзур бўлди.
Суратларда: анжумандан лавҳалар.