Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мажлислар залида вилоят тери-таносил касалликлари диспансери шифокор-мутахассислари, шаҳар ва туманлар даволаш-профилактика муассасаларининг 40 нафарга яқин дерматовенерологлари иштирокида кўргазмали анжуман ўтказилди. Вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош врачи Яҳёжон Айтуғдиев йиғилганларни пойтахтдан келган олим-шифокорлар билан таништирди. Тадбирдан кутилган мақсад ва вазифаларни изоҳлади.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги бош дерматовенерологи, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, профессор Алишер Абидов "Ўзбекистонда дерматовенерология хизматининг ҳозирги кундаги ҳолати" мавзусида маъруза ўқиди. Бу борадаги ишларни кўргазмали воситалар орқали Наманган вилояти туманлари кесимида кенг шарҳлаб ўтди.

Анжуманда РИД ва ВИАТМ профессори Зуҳра Абидованинг "Дерматологияда маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситаларини қўллаш ва уларнинг аҳамияти тўғрисида"ги маърузаси ҳам қизиқиш билан тингланди. Иштирокчилар ўзларининг саволларига тегишли жавоблар олишди.

Тадбирдан сўнг вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида профессорлар - А. Абидов ва З. Абидовалар беморларни тиббий кўрикдан ўтказишиб, уларга керакли маслаҳат ҳамда тавсиялар беришди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.