Тиббиёт муассасалари раҳбарларининг аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларида юртдошларимиз соҳа ходимлари ишига ўз муносабатларини билдирмоқдалар. Яқинда "Порлоқ" ва "Навбаҳор" маҳаллалари ҳудудига хизмат кўрсатувчи Наманган шаҳар 5-оилавий поликлиникаси раҳбариятининг халқ билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувида Ришат Шоҳмуродов патронаж ҳамшира Феруза Абдураҳмонованинг хизматларини мамнуният билан тилга олди:

- Ўз ишига чин дилдан киришади. Барчага бирдай меҳрибон ва самимий. Нафақат кундузи зарурат туғилса, тунда ҳам эринмасдан ҳолимиздан хабар олади. Унинг тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзига тааллуқли маслаҳатлари ҳар бир хонадонга кириб борган. Ферузахонни хизматларидан мамнунмиз...

Асли Учқўрғондан бўлган Феруза Абдураҳмонова илк иш фаолиятини Норин туман тиббиёт бирлашмасида бошлаган. Учқўрғон тумани марказий поликлиникасида патронаж ҳамширалик қилди, сўнгра фаолиятини Наманган шаҳридаги 8-оилавий поликлиникада давом эттирди. 2013 йилдан буён мазкур 5-оилавий поликлиниканинг жонкуяр ходими.

Ўтган қисқа давр мобайнида "Порлоқ" маҳалласи аҳли саломатлигининг чинакам посбонига айланди. Инсонлар меҳрини қозонди. Ҳозир ҳудуд аҳолисидан кимдир бемор бўлса, иш соати бўлмаса ҳам тез ёрдамга эмас, Феруза опага сим қоқишади. У ҳудуд врачи Тамарахон Отажонова билан бемор ҳолидан хабар олади. Биргаликда биринчи ёрдам кўрсатади, жоиз бўлса диспансер ёки йўналиши бўйича шифокор кўригига тавсия қилинади. Хонадон эгалари унинг тиббий маслаҳатларига, ўгитларига қатъий амал қилишади. Ҳеч кимга сир эмас, кўп қаватли уйда яшовчилар хоҳлаган одамига эшик очади, хоҳламаса йўқ. Лекин "Порлоқ" маҳалласида истиқомат қилувчилар Ферузахонни қадам товушидан танишади ва унинг истиқболига ошиқишади.

- Феруза Абдураҳмонова фидойи ҳамшира, - дейди бош врач ўринбосари Насиба Авазбекова. - Берилган топшириқларни ўз вақтида бажаради. Ҳушмуомала, ҳудудидаги аҳоли унинг кўрсатаётган тиббий хизматидан жуда мамнун. Чунки у хонадонма-хонадон юришдан сира эринмайди. Ҳатто тиббий кўрикка келолмайдиган ногиронларини қон, сийдик ва бош­қа таҳлилларини ўзи олиб келиб, текширтириб, бирор касаллик аломати аниқланса, шифокорларни ҳам жалб қилади.

- Ҳозир 1039 нафар аҳолига хизмат кўрсатаман, - дейди Феруза. - Бугунги кунда аҳоли орасида ботулизм, грипп, қутуриш, вирусли гепатит, ОРВИ касалликларининг олдини олиш бў­йича тушунтириш ва профилактика ишларини олиб бормоқдамиз. Устозларим Райҳона Парпиева, Хуршида Хўжамбердиева, Тамарахон Отажоноваларнинг ўгитларига амал қилиб, асло кам бўлмадим.

Ҳомиладор аёлларнинг уйида бўлганимда, кўпроқ қайноналарга келинларини таомномасида дуккаклилар - мош, ловия, нўхот, кўкатлар бўлишини ҳамда табиий қуритилган туршак, майиз, ёнғоқлар истеъмол қилишини қайта-қайта уқтираман. Ке­йинги гал борганимда дастурхонларида уларни кўрганимда беҳад хурсанд бўламан.

Айниқса, ҳамшира оилада тиббий маданиятни юксалтириш, юқумли хасталикларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда маҳалла маслаҳатчилари ва ўқув тарбия муассасалари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган.

- Ферузахоннинг беминнат тиббий ёрдамларидан ғоят миннатдорман, - дейди 2-гуруҳ ногирони Робия Ниязова. - Шифокор Тамара Отажонова билан хонадонимга тез-тез ташриф буюришиб, ҳолимдан хабар олишади. Қон босимимни ўлчаб, муолажалар буюришади. Бемор бўлсам ҳамшира қизим жонимга оро киради.

Албатта, касбини севганлар, элга садоқат билан хизмат қиладилар. Шунга яраша эъзоз топадилар, қадрланаверадилар. Фариштали хонадоннинг сариштали бекаси, уч нафар фарзанднинг суюмли онаси, қарийб 24 йилдан буён оилалар саломатлиги учун жонкуярлик қилаётган Феруза Абдураҳмоновани биз ҳам байрам билан чин дилдан муборакбод этамиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.

Суратда: 5-оила поликлиникаси патронаж ҳамшираси Ф. Абдураҳмонова бемор ҳузурида.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ тасвирга олган.