Аввал хабар қилганимиздек, шу йил 27 - 28 октябрь кунлари вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида "Аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш" мавзусига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди.

Илмий-амалий анжуманнинг биринчи иш куни Наманган шаҳар ҳокимлигининг катта мажлислар залида кечди. Конференцияни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари - Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар анжуман қатнашчиларини Наманганга ташрифлари билан қутлаб, илмий-амалий конференция ишига муваффақиятлар тиладилар.

- Тиббиёт соҳасидаги туб ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда замонавий онкология тизими яратилди, - деди М.Тиллашайхов. - Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, беш йил мобайнида онкология хизмати моддий-техник базасини ривожлантиришга Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобига 144,1 миллион доллар маблағ йўналтириш режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад бугунги кунда долзарб вазифа бўлиб қолаётган онкологик касалликларни илк босқичидаёқ аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштиришдир. 2018 йилдан бу йўналишда скрининг хизмати ташкил қилиниши ҳам соҳа ривожидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

Илмий-амалий анжуманда Россия Федерацияси, Дания, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея мамлакатларининг етакчи клиникаларида илмий-тад­қиқот ишларини олиб бораётган онкологик касалликлар бўйича етук мутахассисларга минбар берилди. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Мэрилис Корбекс, Германиянинг QIAGEN компанияси аёллар саломатлиги ва онкология йўналиши бўйича мутахассиси Анна Габуния, Healthcare маркази рентгенология йўналиши бўйича маслаҳатчиси Наталья Салмина, Н. Н. Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази Привольжие филиалидан Михаил Кацюба, Ҳиндистоннинг BLK- Hospital клиникасидан Панкаж Кумар Панде, Япониянинг Fuji коммпаниясининг тиббиёт йўналиши бў­йича маслаҳатчиси, туркиялик Шафак Ченик ва бошқа таниқли мутахассислар, мамлакатимиз шифокор-олимларининг "Аёллар репродуктив тизими органларида ўсмаларнинг эпидемиоло­гия­си ва профилактикаси", "Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларида скрининг ва эрта ташхислар усуллари", "Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларида замонавий даволаш стандартлари", "Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларини даволашда нур терапияси, кимё даволаш ва гармоно-терапиянинг замонавий принциплари","Умумий даволаш тармоғи шифокорларининг аёллар репродуктив органлари ўсма касалликларини аниқлашдаги ўрни" каби 40 дан зиёд мавзулардаги маърузалари тингланди.

-           Бутун дунё тиббиётида долзарб вазифа бўлиб турган онкологик касалликлар профилактикасида илмий-амалий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, - дейди Ҳиндистоннинг BLK-Hospital клиникаси вакили Панкаж Кумар Панде. - Бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Буни ушбу конференцияда кўплаб давлатлардан мутахассислар иштирок этаётганидан ҳам кўриш мумкин.

"Сайҳун" меҳмонхонасида ўтказилган ёш олимлар танлови ҳам ғоят қизиқарли, таассуротларга бой бўлди. Ёш олимлар онкология соҳасида олиб бораётган илмий изланишлари, тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайховнинг кириш сўзи билан очилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Солижон Мўминов Намангандаги ушбу анжуман самарали натижалар беришини таъкидлар экан, ёш тиббиётчи тадқиқотчиларга танловда омадлар тилади.

Шундан сўнг, йигирма нафардан зиёд ёш олимлар ўзларининг илмий тадқиқотлари ҳақида маърузалар қилдилар. Танлов якунига кўра, РИО ва РИАТМ абдоминал бўлими кичик илмий ходими Мансур Досчанов биринчи ўринга эга бўлди. Унинг "Саратон ҳасталигини даволашнинг такомиллаштириш усуллари" деб номланган илмий-тадқиқот иши юқори баҳоланиб, Ҳамдўстлик мамлакатларидан бирида малакасини ошириш ҳуқуқини берувчи имтиёзли йўлланма соҳиби бўлди.

2-ўринга эса Андижон вилояти онкология диспансери онкогинекологи Соҳиба Якуббекованинг "Онкологик бемор шахсининг психологик ҳусусиятлари" мавзусидаги илмий иши муносиб кўрилди. У Сингапур давлатида ўтказиладиган конференцияда иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.       Самарқанд вилояти диспансери онкогинекологи Ҳилола Ортиқова "Бачадон бўйни саратони таҳлиллари" маърузаси учун 3-ўринга лойиқ топилди ҳамда қиммат баҳо эсдалик совғаси билан тақдирланди.

- Гуллар диёри бўлмиш Наманганда ўтказилган мазкур танлов омад келтирганидан жудаям мамнунман, - дейди ёш тадқиқотчи Мансур Досчанов. Ушбу рағбат мени соҳада янада фаол иш олиб боришга, устозларим ишончини оқлаш учун тинимсиз изланишга руҳлантириб юборди.

Анжуманнинг иккинчи куни бундан бош­қа дастурларни ҳам қамраб олди. Қатнашчилар Наманган вилояти онкология диспансерида ўтаётган машғулотларда ўзларининг билим ва касбий кўникмаларини бойитдилар. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари "Маҳорат дарси" сифатида кўрсатилди. Соҳага оид янги техника ва технологиялар билан таништирилди.

- Аёлларда учрайдиган хавфли ўсма касалликларини аниқлаш ва даволашда скрининг текширувлари муҳим амалиёт ҳисобланади. Шу боис ҳам жаҳоннинг ривожланган давлатларида скрининг масаласига устувор аҳамият берилади. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда амалий ишлар олиб борилаётганлиги эътирофга лойиқ, - дейди Анна Габуния.

Россиялик мутахассислар иштирокида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. МДҲ давлатлари онколог ва радиологлари директорлари ассоциацияси вакили (АДИОР) , тиббиёт фанлари номзоди Александр Петровский ўзбекистонлик ҳамкасблари иштирокида кўкрак бези саратони касаллиги бор аёлни операция қилди. "Маҳорат мактаби" тарзида олиб борилган операция жараёни онлайн тарзида конференция қатнашчиларига кўрсатиб турилди. Савол-жавоблар чоғида амалиётнинг ўзига хос мураккабликлари изоҳлаб берилди.

- Янги технологияга асосланган ғоят муҳим амалиёт ўзбек ҳамкасбларимиз иштирокида муваффақиятли бажарилди, - дейди Александр Петровский.-Яъни, бемор аъзоси олиб ташланмасдан ҳаётига таҳдид солаётган ўсимтанинг ўзи бартараф этилди.

Машғулотлар онкология соҳасининг бош­қа йўналишлари бўйича ҳам давом эттирилди. Марфологлар, маммологлар ва рентгенологлар алоҳида секцияларга бўлинган ҳолда ўқитилди. Жумладан, Жанубий Кореялик мутахассислар ўзлари билан олиб келинган ноёб аппарат воситасида тезкор цито-диагностика амалиётини бажариш бўйича маҳорат дарси ўтиб беришди. CelltraZone директори, халларо цитотехнолог, доктор Ким Джунг Хъюн аёллар жинсий аъзоларидан олинган сурт­мани аниқ текшириш ва ташхислаш бў­йича маъруза ўқиди ҳамда мазкур фаолиятни амалда кўрсатиб берди.

- Анжуман ғоят самарали ўтяпти. "Маҳорат дарслари"да жаҳонга танилган олим-шифокорлардан соҳага оид янги усул ва услубларни ўрганяпмиз. Жанубий Кореядан келган юқори малакали мутахассислар цитологияга оид жуда кўп янгиликлардан воқиф этишди. Инсон хужайрасидаги хавфли ўсмаларни жуда ҳам аниқ ифодалаб берадиган қимматбаҳо ва такомиллашган тиббий ускунадан фойдаланиш бўйича тушунча беришди. Намангандаги амалий ва назарий машғулотларда ўрганганларимизни иш фаолиятимизга кенг тарғиб этиш билан, эл саломатлигини малакали ва кафолатли сақлаш борасидаги ишларимизни янги поғонага кўтарамиз,-дейди Фарғона вилояти онкология диспансери поликлиникаси мудири Ўғилхон Шокирова.

Семинар қатнашчилари онкология диспансерида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан ҳам танишдилар. Шифохона ҳар йили янгидан-янги хорижий тиббиёт асбоб-ускуналари билан бойитилмоқда. Бинобарин, ўтган йили Хитой давлати гранти асосида маммография рақамли рентген-диагностика тизими, компьютер томографи, Германияда ишлаб чиқарилган юқори частотали электрожарроҳлик коагулятори, Жанубий Кореяда тайёрланган кўчма рентген аппарати ва бош­қа ускуналар ишга солинганди.

- Бундай анжуманлар онкология хизматини янада такомиллаштиришга йўл очади, - дейди Бухоро давлат тиббиёт институти онкология ва радиология кафедраси мудири Ҳабибулло Абдуллаев. - Айниқса хорижлик таниқли олим ва мутахассисларнинг илмий маърузаларида тиббиётнинг бу соҳасига оид кўплаб янгиликлардан хабардор бўлдик.

Бир неча кун аввал Япониядан маммография олиб келинганди. Fuji компаниясида яратилган маммография ускунаси мамлакатимизда биринчи бўлиб ишга солинди. Янги авлод қурилманинг афзал жиҳатлари шундаки, аёллар сут безидаги саратон касаллигини юқори даражадаги аниқликда кўрсатиб бериш имкониятига эга. Анжуман доирасида ноёб қурилманинг фойдаланишга топширилиши тақдимоти ҳам ўтказилди. Тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ито Нобуаки иштирок этди. Fuji компанияси мутахассислари жорий қилинган энг замонавий ва илғор технология бўйича маълумот бердилар.

- Аёллар сут бези хавфли ўсмасини жарроҳлик амалиётларисиз эрта аниқлашда жуда қўл келадиган аппарат. Скрининг пайтида жуда ҳам мураккаб вазифаларни амалга оширишга қодир қурилма. Унинг нархи 300 мин АҚШ долларидан юқори туради. Маммограф Япония гранти асосида етказиб берилди. Fuji film компанияси маҳсулотини турк мутахассислари тезкор равишда ўрнатиб, фойдаланишга топширишди, - дейди Наманган онкология диспансери бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳратжон Ҳотамов. - Маммограф янгиланиш қобилиятига эга, яъни маънан эскирмайди. Яратилажак янги авлод қурилмалари лойиҳалари асосида унга дастурларни қайта жойлаштириш мумкин.

Шу куни меҳмонлар онкология диспансери ҳовлисига ўрнатилган, жаҳон тиббиётининг асосчиси, буюк бобоколонимиз Абу Али Ибн Сино ҳайкалининг очилиш маросимида ҳам иштирок этишди. Сўзга чиққанлар улуғ аждодимизнинг дунё тиббиёти равнақига қўшган беназир ҳиссаси ҳақида гапириб, унинг ватанида соғлиқни сақлаш соҳаси юксак суръатлар билан ривожланиб бораётганлигини таъкиладилар. Жаноб Ито Нобуаки икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар янада равнақ топишига ишонч билдирди.

- Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик самаралари тиббиёт соҳасида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бугун Наманганда Марказий Осиёда биринчи бўлиб ишга солинган маммограф бунинг ёрқин далилидир, - дейди Ито Нобуаки.

- Онкологлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш ниятидамиз. Ноябрь ойида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан меморандум имзолаймиз. Унга кўра Ибн Сино ўқишлари ташкил этилади, - дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов.

Ўзбекистон онкологларининг навбатдаги илмий-амалий анжумани ғоят сермаҳсул ўтди. Конференцияда илгари сурилган ғоялар, олинган таассуротлар, хорижлик ва республикамиз етакчи мутахассислари ўртага ташлаган тавсиялар, таклиф ва мулоҳазалар асосида фаолиятнинг такомиллаштирилиши юртимиз онкология тизими ривожида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ,

Манзура ЭРГАШЕВА.

Суратларда: анжумандан лавҳалар.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.