Ҳозирда бутун дунёда қандли диабет хасталигининг олдини олиш, унга қарши фаол курашишга эътибор кучайтирилган. Кенг қамровли тарғибот-ташвиқот тадбирлари эса бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Айниқса, Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни арафасида мазкур масалага бағишланиб эндокринологларнинг анжуманлари ташкилланмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мажлислар залига тўпланганлар бу гал республика видеоконференциясини кузатдилар. Унда даст­лаб Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий тиббиёт маркази бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Феруза Ҳайдарованинг "Қандли диабет касаллигининг Ўзбекистондаги ҳолати, муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари" мавзусидаги маърузаси тингланди. Россия Федерацияси Москва эндокринология илмий тиббиёт маркази ходими, тиббиёт фанлари доктори А. Мкртумян эса "Бутундунё ноинфекцион эпидемия - қандли диа­бетнинг долзарб муаммолари"га бағишланган маърузаси билан чиқди.

Вилоят эндокринология диспансери бош врачи, тиббиёт фанлари доктори М. Ваққосов халқаро диабетлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирлар юзасидан зарур тавсиялар берди. "Маҳорат дарси" услубида уюштирилган анжумандаги маърузалар асосида даволаш-профилактика ишларини янада кучайтириш вазифалари ҳақида сўзлаб, шифокорларга масъулиятни янада ошириш кераклигини алоҳида уқтирди.

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.