Доктор Мэрилис Корбекс

Дунёга танилган онкологлардан бири. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бачадон бўйни ва сут бези саратони касалликлари бў­йича назоратчи етакчи мутахассиси. 100 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифидир.

Даниялик таниқли олима Ўзбекистонда мазкур касалликлар диагностикаси ва профилактикаси бўйича фаол иш олиб бормоқда. Диёримиз онколог-шифокорлари билан учрашув ва давра суҳбатларида аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашмоқда. Бинобарин, сут бези саратони касаллигининг олдини олиш бўйича скрининг текширувлари ўтказмоқда.

Мэрилис Корбекс эртага очиладиган мамлакатимиз онкологларининг илмий-амалий анжуманида "Бачадон бўйни ва сут бези саратони касалликларини эрта аниқлашда скрининг текширувларининг аҳамияти" мавзуида маъруза ўқийди.

 

Доктор Марина Борисовна Стенина

Н. Н. Блохин номидаги Россия онкология илмий марказининг етакчи илмий ходими. У ўз соҳаси бўйича илмий изланишлар олиб бориб, ўсма касалликларини даволаш амалиётига муҳим янгиликларни киритган.

Россиягагина эмас, бутун дунёга таниқли олима. Тиббиёт фанлари доктори. Сут бези саратонини даволаш бўйича амалий тавсияларни яратиш (PYSSKO) экспертлар гуруҳи раҳбари, онкологик касалликларни даволашда юқори самара берадиган препаратларга оид қатор рисолалар муаллифи. Унинг 30 дан зиёд илмий мақолалари дунёнинг нуфузли тиббий журналлари ҳамда илмий тўпламларида чоп этилган.

Олима ҳозиргача ўнга яқин халқаро анжуманларда фармакология ва онкологиянинг долзарб масалаларига оид илмий маърузалар билан чиққан.

Бугунги анжуманга ташриф буюрар экан, у "Сут бези саратони даволашнинг янгича ноодатий усуллари" бўйича маълумот ва тавсиялар беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

 

Доктор Михаил Сергеевич Кацюба

Россиялик машҳур онколог-шифокор М.С.Кацюбани бугун Ўзбекистонда ҳам яхши билишади. Қозон давлат тиббиёт академияси врач-онкологи, Европа онкогинекологлар жамияти диагностика ва профилактика бўйича ишчи гуруҳи (ESGO) аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди. Бир неча кун давомида мамлакатимиз аҳолисини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирларида иштирок этди. Таниқли мутахассис Самарқанд ва Андижон давлат тиббиёт институтларида режалаштирилган ҳудудий семинарларга ҳам таклиф этилган.

Михаил Сергеевич Кацюба айни пайтда Н. Н. Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази Приволжие филиалида ҳам фаолият олиб боради. Ўнлаб қўлланма ва илмий мақолалар муаллифи. Республикамиз онкологларининг навбатдаги анжумани дастуридан тажрибали шифокорнинг онкология соҳасини тараққий эттириш масалаларига бағишланган илмий маърузаси ҳам ўрин олган.

 

Доктор Сумант Гупта

У Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида жойлашган машҳур Sarvodaya госпиталида фаолият олиб боради. Эртага ўз ишини бошлайдиган халқаро илмий-амалий анжуманда довруқ қозонган шифокор "Сут бези саратони менежменти" номли маърузаси билан иштирок этади.

Доктор Сумант Гупта Чиннайдаги онкология олийгоҳида малака оширган. Ҳиндистоннинг биринчи онкология профессори Т. Сагарнинг шогирдларидан биридир. Шифокор гемото-онкология соҳасига қизиқади. Суяк кўмаги трансплантациясини ўзлаштирган. Химия терапия ва унинг асоратларида кўрсатиладиган тиббий ёрдам бўйича изланишлар олиб бормоқда.

 

Доктор Шивам Ватсал Агарвал

Ҳиндистоннинг малакали онко-жарроҳлик соҳаси мутахассисларидан бири. Лапароскопия воситасида жарроҳлик амалиёти олиб боришда катта тажриба тўплаган. Деҳли ва Калькутта шаҳарларидаги энг нуфузли шифохоналарда фаолият олиб борган. У умумий ва замонавий лапароскопия йўналиши бўйича малака оширган. Пуна шаҳрида лапароскопик онкология ва робот жарроҳлиги курсини тамомлаган. Онкологияга оид, лапароскопик амалиётга тааллуқли кўплаб илмий мақолалар муаллифи.

Республикамиз онкологларининг Наманган анжуманида "Аёллар репродуктив тизими саратон касалликларини жарроҳлик йўналишида даволаш" мавзусидаги маърузаси билан иштирок этади.