Шуҳрат ҲОТАМОВ,
вилоят онкология диспансери бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди
2017 йилда Республикамиз тиббиёти ривожида ҳам янги босқич бошланганини барчамиз яхши биламиз. Айни маҳалда, бу жараённинг фаол иштирокчисига айланиб қолдик. Ахир Юртбошимизнинг ўзлари соҳамизга эътиборни ойдан-ойга кучайтириб юбордилар. Қатор Фармон ва Қарорлари ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 4 апрелидаги "2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарор ўсма хасталикларини даволашга ихтисослашган ходимларнинг зиммасига ҳар қачонгидан ҳам юксак масъулият юклади. Мазкур, ҳужжатдан кўзда тутилган мақсад аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, республика онкологик муассасаларининг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг тузилмасини такомиллаштиришдир.
Орадан ўтган қарийб етти ой давомида эса бир мунча ишларга улгурилди. Энг муҳими, ўсма касалликлар туфайли рўй берадиган ўлим кўрсаткичини пасайтириш ҳисобига аҳоли ҳаёти сифатини яхшилашга мўлжалланган устувор йўналиш бўйича олиб борилаётган ишлар янада фаоллаштирилди. Яъни аҳолини скрининг текширишларнинг самарали дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш йўли билан онкологик касалликларни илк босқичларида фаол аниқлашнинг замонавий усуллари қўлланилмоқда. Ташхислашнинг ва даволашнинг жаҳон стандартлари даражасига мувофиқ бўлган юқори технологик усулларидан фойдаланиш тобора яхшиланмоқда. Реабилитация ва паллиатив ёрдамнинг замонавий тизимини шунингдек, хоспислар ташкил этиш йўли билан беморнинг ҳаёти сифатини кўтариш масаласига эътибор кучайтирилди.
Албатта, илм-фандаги бетўхтов жараён тиббиёт тармоғида ҳам доимий изланишларни тақазо қилади. Ўсмалар юзага келишининг олдини олиш, беморларга имкон қадар тез ва аниқ ташхис қўйиш ва даволашнинг энг самарали йўлларини белгилаш борасида ҳали қўпдан-кўп муаммолар борки, улар изчил тадқиқотлар ўтказиш билан ҳал этиб борилади. Шу боис тиббий фундаментал изланишлар зарурлигини ҳаётнинг ўзи олдимизга долзарб вазифа қилиб қўяётганини унутишга сира ҳаққимиз йўқ.
Бугунги онкологик даволашни замонавий аппаратлару ускуналарсиз тасаввур этиш қийин. Ҳар бир муассасанинг моддий-техника таъминоти тўкислиги муолажалар муваффақияти учун жуда зарур. Унга эришиш йўлида вақтни ўтказмай, режали иш тутиш мутахассис-раҳбар учун биринчи даражали вазифалардан асло кам эмас. Айни пайтда шифокорларга ҳам, беморларга ҳам биноларимизда етарли шароитларни яратишгача диққат марказимизда. Диспансеримизда бу ишларга аввалдан катта эътибор қаратиб келинганлиги, албатта, янги раҳбар сифатида мени қувонтиради ва уларни талаблар даражасида давом эттиришга ўзимни доимо бурчли деб ҳисоблайман.
Диспансерга раҳбарликни ўтган ойнинг бошидан зиммамга олган бўлсам, шунга ишонч ҳосил қилдимки, бу ерда яратилган шароитлару, мутахассисларнинг билим ва малака салоҳиятлари юқори. Лекин кундан-кун, ойдан-ой кучайтирилаётган талабларни назарда тутсак, ҳали қаноатланишга эрта. Ечимини кутаётган муаммолар ўзимизга аён. Бизни пойтахтдан вилоятга сафарбар этилишимиз бежиз эмас. Асосий ниятимиз Тошкентдаги марказимизда қандай амалиётлар ўтказилаётган бўлса, Наманганнинг ўзида ҳам худди шундай имкониятлар туғдириш, билимда ва малакада олим-устозлардан қолишмайдиган салоҳиятга эга жамоани вужудга келтиришдан иборат.
Биринчидан, "Маҳорат дарслари"ни кўпайтирамиз, иккинчидан, ходимларимиз наинки пойтахтга бориб, ҳатто хорижга чиқиб, малака ошириб қайтишлари учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатамиз. Ҳар чоракда 3-5 тадан юборсак, йил давомида камида 16 нафар врачларимиз янги сертификатларга эга бўладилар.
Тошкентда фойдаланилаётган ноёб аппаратлардан навбатма-навбат олиб келиб, мутахассисларимиз ихтиёрига берамиз. Улардан фойдаланишни тобора такомиллаштирамиз.
Бугунги замонавий тиббиёт ходими, менимча, ўз устида доимо ишлаши керак. Унда яна бир қулай имконият мавжуд, беморларни даволаш жараёнида бемалол илмий изланиши мумкин. Менинг ўзимда ҳамкасбларимга шахсий намуна кўрсатиш истаги ҳам йўқ эмас. Чунки 1992-1998 йиллари Бухоро давлат тиббиёт институтида сабоқ олганимга қарамай, яна ўқиб-ўрганишдан тўхтамадим. 1999 йилдан Республика онкология илмий марказида клиник ординатор, аспирант бўлдим. Тиббиёт фанлари номзодлари сафига қўшилдим. Марказнинг бош-бўйин онкологияси жарроҳлик бўлими мудирлигигача етиб бордим. Қизиқ, ҳаётимнинг биринчи йигирма йиллиги Бухорода кечганди, иккинчи йигирма йиллиги Тошкентда ўтди, учинчи йигирма йиллиги Наманганда бошланди. Худо хоҳласа, вилоятда ўсма касалликларини имкон қадар барвақт аниқлаб, самарали даволаб, халқимиз орасида хавфли хасталикларнинг хатарини камайтиришга эришаверамиз.
Ўтказилаётган халқаро семинарга мезбонлик масъулиятли ишимизга янада талабчанлик билан ёндошишга, билим, тажриба ва маҳорат бобида диспансеримиз жамоасининг республикада олдинги ўринларни эгаллаш иштиёқини янада кучайтириб юборгани кўнглимни мамнуният ҳисларига тўлдириб турибди.