Муяссар ЭРГАШЕВА,
диспансер бош врач ўринбосари
Онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашда биз наманганликларнинг билим, тажриба ва маҳоратимиз йилдан йилга ортиб бормоқда, десам асло муболаға эмас. Жамоамизнинг аҳиллиги, билмаганларини устозлардан ўрганиш истагининг юқорилиги, энг муҳими, хавфли хасталикларнинг халоскори бўлишдан чарчамаслиги бу борада етакчи омилларга айланиб қолган.
Диспансеримиз 140 ўринли. Поликлиникамиз ва 6 та стационар бўлимимизда 32 нафар врачу, 101 нафар ҳамшира беморлар хизматида. Малака жиҳатидан қарасак, врачларнинг 7 нафари, ҳамшираларнинг 30 нафари олий тоифага эгадирлар. Қолганларининг кўпчилиги ҳам биринчи ва иккинчи тоифали эканликлари муолажаларимиз сифатли ва самарали олиб борилиши имконининг катталигидан далолатдир.
Биз шу билангина кифояланиб ўтирмаяпмиз. Халқимизнинг "Ҳамкорликда ҳикмат кўп" нақлини ҳамиша ёдда тутишга одатланганмиз. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Пойтахтдаги устозларнинг ҳар галги ташрифлари бизгагина эмас, беморларимизга ҳам катта қулайлик. Чунки улар мураккаб ҳолатларда Тошкентга бормасдан, шу ернинг ўзида республикамизнинг етук онкологлари текширувидан, маслаҳатларидан катта наф кўришмоқда. Бундай ҳамкорлик ҳар ойда такрорланаётгани Президентимизнинг Фармон ва Қарорларига мувофиқ амалга оширилаётган хайрли тадбирлардир.
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури бўйича бу ҳаракатлар анча фаоллашди. Дастлаб диспансернинг ўзида "Маҳорат дарслари" уюштирилган бўлса, февраль ва мартда туманларга кўчирилди. Чортоқ, Учқўрғон, Норин, Уйчи туманларида ихтисослашган тор доирадаги мутахассислар ўқуви, учрашув, савол-жавоб тарзда ташкилланди. Масалан, марказнинг офтольмология бўлими илмий раҳбари, болалар жарроҳлик бўлими мудири ҳатто беморларни қабул қилишди. Тиббиёт фанлари номзодлари Зиёвуддин Исломов билан Тожиддин Мустафоевлар ташрифининг кўламлари кенгайиб кетди. Вилоятимиз бўйлаб бирга-бирга юришди.
Июнь ойида эса яна бир устозимиз, тиббиёт фанлари доктори, профессор Баҳром Юсуповни таклиф этдик. Анъанавий ташриф чоғида меҳмон ёнларига бир гуруҳ ҳамкасбларини олиб, мезбонларга хизмат кўрсатишди. Бош мия ва бўйин соҳаси мутахассисларининг ҳар бир куни беморлар ҳузурида кечди. Кўргазмали амалиёт, тиббий кўрик ва илмий маърузалар бир-бирига уланиб кетаверди. Бир ҳафталик фаолият ғоят серсамара якунланди. Қанчадан қанча хастаҳолларнинг дардлари енгиллашди, ҳаётга умиди қайтарилди.
Юқорида айтилганидай булар мавсумий тадбирлар эмас. Марказимиз директори, профессор Мирзағолиб Нигматович Тиллашайхов тасдиқлаган жадвал амалда. Намангандан ҳамкорларимиз қадамлари узилмайди. Бизлар эса ҳам ўрганамиз, ҳам туманлардаги мутахассисларга ўргатиб борамиз. Маҳорат дарслари узвий-республикадагилар вилоятга келишиб, вилоятлардагилар шаҳар, туман ва қишлоқларга боришиб, онкологлар билан ёнма-ён беморларга ғамхўрлик кўрсатишни ҳеч вақт тўхтатиб қўймайдилар. Бу, замон талаби, бу тиббиётчиларнинг, бизларнинг Юртбошимиз чорловларига муносиб равишда беминнат хизматга шайлигимиз намунасидир.
ДАВОЛАШ ТАШХИСДАН БОШЛАНАДИ
Баҳромжон РЎЗИМОВ,
диспансернинг врач-рентгенологи
Бугунги тиббиётни техника воситаларисиз тасаввур этиш мушкул. Илгарилари кўпроқ фақат рентген аппаратидан фойдаланилган, яна ҳам аниқроғи бундан бошқаси деярли йўқ эди. Истиқлол йилларида эса юқори технологик тиббиёт ускуналари даволашда дадил қўлланиляпти. Мутахассисларнинг сафи малакали ёшлар ҳисобига тобора кенгаймоқда. Жумладан, онкологик хизмат муассасаларида ҳам.
Менинг ўзим Андижон давлат тиббиёт институтида сабоқ олдим. Устозим, профессор Авазбек Аялязов раҳбарликларида радиология сирларини ўзлаштирдим. Клиник-радиолог мутахассислигидан "Сертификат"га эга бўлдим. 2016 йилнинг июнида шу жамоа сафига қўшилдим. Бу ерда Бахтиёр ака Мамарасуловнинг ёнларида иш юритяпман.
Очиғини айтганда, аппарат билан муомалада врачнинг масъулияти икки ҳисса ортади. Аввало, техниканинг тилини тушуниш, беморни текшириш чоғида монитордаги ҳолат кўринишларини зийрак мушоҳада этиш жуда зарур. Чунки, тўғри ташхис инсон танасидаги "ёв"ни аниқ мўлжалга олиш, хавф қаёқдан ва қандай келаётганлигини англаб етиш имконини беради. Биз Кореянинг рентген аппаратидан ҳамда Хитойнинг рақамли маммографидан оқилона фойдаланиб, текширишга эҳтиёжмандларнинг ҳолатини аниқ-равшан шарҳлаб, муолажа белгиланиши учун даволовчи ҳамкасбларимизга йўллаймиз. Вазифамизга виждонан ёндошиб,ташхислар тўкислигини таъминлаб борамиз.
Диспансеримиздан ҳар йили минглаб одамлар нажот излашяпти ва бунга эрта келганлар, ўсмаларни "қаритиб" қўймаганлар, албатта, эришишяпти. Ракнинг давоси йўқ, дегувчилар қаттиқ янглишадилар. Ҳозирги замон тиббиёти тараққиёти бу эски қарашни одамлар онгидан чиқариб юборишга қодир. Боиси, шунақа мураккаб ҳолатларни текширадиган, инсон танасининг ҳужайраларигача таъсир этадиган ноёб аппаратлар яратилдики, уларнинг аксарияти айни маҳалда Наманганда бутун водийга ҳам хизмат кўрсатмоқда.
Сўнгги тўрт йилда 11 та юқори технологияли қимматбаҳо ускуналар муассасага келтириб ўрнатилди. Химиявий муолажа берадиган, нур билан касалликка қарши курашадиган аппаратлар онкологик хасталарни даволашда кўзга кўринарли самара ва натижаларни қўлга киритишга кўмаклашмоқда.
Айрим ускуналар номини келтирсак ҳам бу борадаги имкониятларимиз анча баландлигини тушуниб етишингиз мумкин. Микроскоп фотоаппаратура, дуодепофиброскоп, колонофиброскоп, бронхофиброскоп, ИФА анализатор, микротом, мульти серезовий томограф, юқори тўлқинли электро коагуляторлар. Рўйхатни яна давом эттиришимиз мумкин. Бизлар ҳамма-ҳаммасини инсонлар саломатлигини сақлашга хизмат қилдиряпмиз.
Ҳозирги техника асрида одамларнинг ақли етмайдиган, одамнинг қўлидан келмайдиган юмушларни осонгина уддалайдиган "темир шифокор"ларнинг мурватини босиш ҳам барибир ўзимизнинг ихтиёримизда. Қанча билимдон бўлсак, қанча малакамиз юқориласа, улар измимизда барча-барча ташхисларга дастурий ёрдамларини аяшмайди. Демак, темиртан дастёрларимизнинг ҳали энг замонавийларигача олиб келиш ҳаракатини қилиш бундан буён ҳам долзарб бўлиб қолаверади.
ИЗЛАНГАНГА ИМКОН КЎП
Орифахон АҲМАДЖОНОВА,
диспансер врачи
Дунё тиббиёти бетўхтов тараққий этмоқда. Кечагина бизга мураккаб туюлган даволаш усуллари аслида оддий илмий-малакавий ҳолат эканини бугун яққол кўриб турибмиз. Биз ёшлар интернетдан фойдаланиб, яъни хонада ўтириб ҳам жаҳондаги касбий янгиликлардан бохабар бўлишимиз мумкин ёки турли танловларда қатнашиб, муваффақиятлар эшигини очиш шароитига эгамиз. Менинг ўтган сентябрь ойида Хитой давлатига бориб, малакамни ошириб қайтишимнинг ўзиёқ юқоридаги фикрларим асосли эканини тасдиқлайди, албатта.
2004 йили тиббиёт олийгоҳидаги ўқувимни якунлаб, Чортоқда марказий поликлиникада иш бошлаган эдим. Кўрдимки, ҳозирда онкологик касалликлар кўпайиб кетган, айниқса, аёллар бундан кўпроқ жабр тортишяпти. Оналарни хавфли хасталиклардан халос этиш нақадар савобли ва хайрли иш эканлигини кўнглимдан ўтказиб, шу онкология соҳаси ихтисослигини чуқур эгаллашга қарор қилганман.
2010-2012 йилларда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида клиник-ординатор бўлиб фаолият юритдим. У ерда Нигора Анваровна Нигманова ҳамда Лола Тельмановна Алимхўжаева каби устозларимдан тажриба ва касб маҳоратини ўзлаштирдим. Наманган вилоят онкология диспансерида иш фаолиятимни давом эттириб бу ерда Ш. Ҳотамов, М. Эргашева, А. Тожибоев сингари устозларимнинг йўл-йўриқларига изчил амал қилиб, муваффақиятларимни тобора кўпайтиришга эриша бордим. Айниқса, уларнинг чет элга бориб малака ошириш, илмий изланишлар қилиш тўғрисидаги маслаҳатлари мени доимо олға интилишга руҳлантирмоқда. Бу, диспансердаги кейинги беш йиллик фаолиятимда жуда кўп қўл келяпти.
Биз, ёшлар ҳеч тинч ўтиришни, эришган ютуқлар билан қаноатланиб қолишни хоҳламаймиз. Август ойида интернетга кириб, Хитой мутахассислари эълон қилган танлов саволларига жавоблар йўллаган эдим, омадим кулди. Урумчига таклиф этилдим. Ўзбекистондан беш киши 16 сентябрь куни хориждаги ўқувимизни бошладик. 27 сентябрда "Марказий Осиёнинг тиббиёт бўйича базавий технологиялари" дастурини ўргандик. Маърузалар, амалиётлар ва бошқа муҳим тадбирларда қатнашиб, касбий малакамизни ва интеллектуал билимларимизни янада оширдик.
Бугунги халқаро анжуман эса барча соҳадошларим қатори мен учун ҳам катта аҳамиятга эга. Дунёга машҳур олимларнинг маърузалари, маҳорат дарслари, кўргазмали амалиётлари республикамизда аҳолига онкологик хизматни замон талаблари даражасига кўтаришдаги янги даврни бошлаб берса ажаб эмас!