"Кўкракни мустақил текшириш ўз соғлигингизни кузатиб боришнинг муҳим қисмидир. Аёллар учун кўкракда бўладиган ўзгаришларни аниқлашнинг энг яхши йўли ўз-ўзини текшириб туришдир. Эртанги ва ўз вақтидаги диагностика тўла ҳажмда керакли бўлган барча даволаш тадбирларини ўтказишга имкон туғдиради ва соғликни тўлақонли сақлашда энг ижобий маълумотларни олдиндан беради.

Ҳурматли аёллар! Ўз-ўзини текшириш атиги бир неча дақиқа вақтни олади ва ҳар ойда ҳайз кўриш тугаганидан 2-3 кун ўтгач, уни ўтказиб туриш керак".

Буни қарангки, варақада текширишнинг схема- суратигача ёнма-ён шарҳи билан бирга берилибди. Аслида бу текшириш ўзимизда касаллик топиш учунгина эмас, балки соғлигимизга ишонч ҳосил қилиш учун ҳам керак-ку!

Мен ҳаётда ўзимни ўзим текшириб шунга иқрор бўлдимки, агар саратон касаллиги бошланаётган бўлса, танангиздаги умрингиз кушандасини йўқотишга шошилтириб қўяди. Аввал турмуш ўртоғимга, сўнг ҳамшира қўшним Робияхон Қаҳҳоровага кўкрагимдаги бегона без ҳақида оғиз очишим билан тезда мутахассис ҳузурига боришимни маслаҳат беришди. "Вақтида пайқаб қолибсиз, сизда ўсма пайдо бўла бошлабди" дейишди диспансердаги маммографияга тушганимда. Маммолог-врач Лутфияхон Бозорованинг назоратларида даволаняпман. Химия олдим,нур олдим, энди жарроҳлик амалиётига тайёрлашяпти. Шифокорларимнинг ёрдамлари билан хатарли дарддан қутулиб кетишимга ишончим комил.

 

ОҒРИҚЛАР ОРТДА ҚОЛДИ, ОНКОЛОГЛАРГА МИНГ РАҲМАТ!

дейди бемор Насибахон Тошматова

Аввал гепатит С билан оғриган эдим. Ундан даволандиму, яна ўзимни яхши ҳис қилавермадим. Айниқса, белимда оғриқ туриб, юришим қийинлашаверди. Шаҳардаги марказий поликлиника врачларига учрадим. Улар онкология диспансерига жўнатишди. Муяссархон Эргашеванинг ҳузурида бўлганимда бу аёлнинг муомаласи-ю, умидбахш сўзлариданоқ руҳим тетиклашди. Аппаратларга туширишди. Кимётерапия муолажасини олдим, нур беришди. Ниҳоят оғриқларим чекинди, кўзим ялт этиб очилди, худди дунёга янгитдан келгандекман.

Диспансердаги шароитлару, шифокорларнинг меҳрибончиликларига асло гап йўқ. Умрларидан барака топишсин. Айтишларича, кечикмабман. Вақтида учрабман. Худо ҳоҳласа, аҳволим янада яхшиланади.

Ўзим кўп йиллар болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаганман. Ҳозир пенсиядаман. Мамлакатимизда тиббиёт ривожига бу қадар эътибор кучайтирилганини илгари ҳеч кўрмаганмиз. Айниқса, Президент­имиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармон ва Қарорлари шарофатидан мен каби қанчадан-қанча беморлар умрига умр қўшилмоқда, ҳаётдан кўнгилларида мамнунлик ҳислари тўлиб-тошмоқда.

Наманганимизда онкология хизмати юқори даражада ташкил этилаётгани учун бу ерда халқаро анжуман ташкил қилинаётгани жуда-жуда маъқул. Шифокорларимизнинг билимлари қанчалик бойиса, тажрибалари қанчалик ортса, маҳоратлари қанчалик юқориласа, биз каби беморларга нафлари шунчалик кўп тегиши табиий.

 

ОЛҚИШЛАР, ТАШАККУРЛАР

Диспансернинг қайси бўлимига кирмайлик кундан-кун, руҳияти кўтарилиб бораётган беморлар шифокорлар шаънига олқишлар ёғдиришаётганини эшитдик.

Битиб қолдираётган ташаккурномаларига кўз югуртирдик.

- 2016 йилнинг 7 сентябридан буён диспансерга келиб, даволаняпман, - деб ёзибди Умида Мўйдинова. - Врачларим Лутфияхон Бозорова, Нурмуҳаммад Холиқовга, ҳамширалар Гавҳархон Умрзоқова, Маъсумахон Баҳромоваларга мингдан-минг раҳматлар айтсам оз. Сабаби, улар ўз касбларининг чинакам жонкуярларидир. Беморларга меҳрибончиликлари чексиз. Бахтимизга ўзлари ҳам соғ-саломат бўлишсин.

- Шу йилнинг ёзида диспансернинг маммология бўлимига ётгандим, - деб ёзибди Гулчеҳра Ға­фурова, - сентябрда эса операция қилишди. Лутфия опа билан Нурмуҳаммад акаларнинг юқори малакали жарроҳлик амалиётлари туфайли ҳаётимга хавф солаётган ўсмадан қутулдим ҳисоб. Бош врач Шуҳратжон Ҳотамов ҳам ташаккурларга муносиб инсон эканлар. Ишларига ҳамиша ривож тилаймиз.