Тиббиёт соҳаси фаолиятини тубдан яхшилаш жорий йилдаги муҳим вазифалардан бирига айланди. Соҳада кечаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш учун изчил иш олиб борилмоқда. Мақсад тиббий хизмат даражасини янада яхшилаш ва одамларни рози қилишдан иборатдир. Тиббиёт муассасалари раҳбарларининг жойларда ўтказилаётган учрашувларида юртдошларимиз соҳа ишига ўз муносабатларини билдирмоқдалар.
Наманган шаҳридаги 52-умумтаълим мактаби мажлислар залида "Порлоқ" ва "Навбаҳор" маҳаллалари аҳолиси, жамоатчилик вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда ҳудудга хизмат қилувчи 5-оилавий поликлиника бош шифокори Абдумутал Акбалаевнинг ҳисоботи эшитилди. Нотиқ жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар, поликлиника фаолиятида юз бераётган ўзгаришлар, тиббий хизмат самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар хусусида слайдлар воситасида маъруза қилди.
"Порлоқ" маҳалласи фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Фарида Абдуллаева, "Умид порлоқ" ширкати раиси Гавҳар Абдуллаева, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи" Дилия Урманова, 52-мактаб инглиз тили фани ўқитувчиси Алла Ишимбекова ва бошқалар поликлиника шифокорлари, ҳамшираларига намунали хизматлари учун миннатдорчилик изҳор қилиш билан бирга ўзларини ўйлантираётган айрим муаммоларни ўртага ташладилар. Дори-дармон таъминотини яхшилаш, "Электрон поликлиника" тизимига ўтишни тезлатиш, имтиёзли тиббий хизматга оид саволларга жавоблар олдилар.
Уйчи туманидаги 33-қишлоқ оила поликлиникаси Ғайрат қишлоғида жойлашган. Собиқ ҚВП биносида шаклланган мазкур бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасининг очилиши аҳолини беҳад қувонтирган эди. Янги тиббиёт маскани жамоаси фаолиятидан эл розими? Ғайрат педагогика коллежи мажлислар залида бўлиб ўтган ҳисобот йиғилишида мазкур саволга ойдинлик киритилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаси бош шифокори Фурқат Мамакаев ўз маърузасида фаолиятнинг барча қирраларини изоҳлаб берди.
Тумандаги 32-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Муножат Ҳожиматова, меҳнат фахрийлари Тўхтасин Абдуғаниев, Зарифа Исоқова ва бошқалар қишлоқ шифокорларининг ишини қониқарли баҳолаш билан бирга тиббий хизмат сифатини ошириш, патронаж ҳамширалари иши самарадорлигига эришиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар.