"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да Наманган вилоятида аҳолининг ногирон ва эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб- қувватлашни янада кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Имконияти чекланган инсонларга ғамхўрлик, улар учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ хайрли ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида уларга ҳомийлар маблағи ва давлат бюджетидан 320 та ногиронлар аравачаси, 58 та эшитиш воситаси ва 85 жуфт қўлтиқ таёқ ҳамда 54 дона ҳасса етказиб берилган эди. Шунингдек, рўйхатга олинган 216 нафар ёлғиз яшовчи фуқароларнинг уй-жойлари таъмирдан чиқарилди. Бу мақсадлар учун 177 миллион сўмдан зиёд ҳомийлар маблағи йўналтирилди. 158 нафар якка-ёлғизлар эса ойма-ой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб келинмоқда. Тўққиз ой мобайнида бу мақсадлар учун 184 миллион сўмга яқин бюджет маблағи сарфланди. Бундан ташқари 2400 нафар кўнгли ўксик кишилар байрамлар арафасида йўқланиб, уларга ҳомийларнинг 447 миллион сўмликдан ортиқ туҳфалари армуғон этилди.
Куни кеча Учқўрғон туманидаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида яна бир мурувват тадбири ўтказилди.Унга вилоятдаги имконияти чекланган кишилар ва уларнинг яқинлари, даволаш муассасаларида имтиёзли равишда саломатлигини тиклашга зарурият сезаётган фуқаролар таклиф этилди. Туманда яшовчи 50 нафар муҳтожга ногиронлар аравачаси тарқатилди. Шу билан бирга эҳтиёжманд кишиларнинг саломатликларини тиклашлари учун ҳам қулайлик яратилди. 50 нафар ҳамюртларимизга республика ихтисослашган марказлари ва Андижон шаҳаридаги клиникаларда ҳамда вилоятимиздаги етакчи даволаш-профилактика муассасаларида даволанишлари учун имтиёзли йўлланмалар берилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар кўрсатилаётган эъзозу эътибор учун миннатдорчилик изҳор қилдилар.
- Мен иккинчи гуруҳ ногирониман, - дейди Адашали Бекмирзаев. - Саломатлигимни тиклаш учун имтиёзли йўлланма олдим. Даволаниб қайтгач юртимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшаман.
- Давлатимизга раҳмат, ногиронлар аравачасига эга бўлдим. Энди бемалол ҳаракатлана оламан. Орзуим ушалганидан беҳад шодман, - дейди Матлуба Расулова.
Бугун-эрта Поп ва Мингбулоқ туманларида ҳам шу каби хайрия тадбирлари амалга оширилади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, йилнинг қолган даврида вилоятдаги барча ногиронларнинг аравача ва бошқа ҳаракатланиш воситаларига бўлган эҳтиёжларини тўла қондириш чоралари кўрилади. Яъни яна 352 та ногиронлар аравачаси, кўплаб эшитиш мосламалари, қўлтиқ таёқ ва ҳасса маҳсулотлари олиниши кўзда тутилмоқда.
Хайрия тадбирида вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров, Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Баситхоновалар иштирок этишди.