Наманган шаҳридаги хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи мажлислар залида ҳуқуқий мавзуда анжуман ўтказилди. Семинарни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилоятидаги Назорат инспекцияси бошлиғи Неъматилла Қирғизбоев очди ва олиб борди. Унга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари, тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларининг бош шифокорлари ўринбосарлари ва бош ҳамширалари, ҳуқуқшунослари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича масъуллари, кадрлар бўлими бошлиқлари, иш юритувчилари ҳамда вилоят ва туманлар давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.
Таъкидландики, мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишга киришилган. Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бинобарин, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизими яратилган. Бироқ, жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган бу хавфли иллатни айрим кўринишлари ҳамон учраб турибди.
Вилоят прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Ойбек Исоқовнинг "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида"ги маърузасида бу ҳақда муфассал тушунча берилди. Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш юзасидан олиб борилаётган тадбирлар юзасидан фикр юритилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилоятидаги Назорат инспекцияси бошлиғи Неъматилла Қирғизбоев эса мазкур инспекциянинг жорий йил тўққиз ойида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борган ишларини таҳлил этди. Жумладан, тизимда ушбу иллатни бартараф этишга қаратилган кескин чоралар кўрилаётганлигига, тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада олиб борилаётганлигига қарамай, ҳали кутилган натижага эришилмаган. Бу беморлар ва тиббиёт ходимлари ўртасида ўтказилган аноним сўровлар пайтида яққол тасдиқланмоқда. Норин ва Наманган туманлари тиббиёт бирлашмаларига қарашли тиббиёт муассасаларида коррупция билан боғлиқ жиноятлар айниқса кўп қайд этилганли ташвишлидир.
Айрим ҳолларда ходимларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмасликлари, қабул қилинаётган қонунлардан тўла бохабар эмасликлари ҳам коррупциянинг илдиз отишига имкон яратмоқда. Вилоят адлия бошқармаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси Аброр Икромовнинг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти" юзасидан қилган маърузасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган шаҳридаги "Халқ қабулхонаси" мудири, халқ депутатлари вилоят кенгашининг қонунчилик, ҳуқуқ тартибот ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий комиссияси раиси Баҳодир Каримовнинг чиқишида фуқароларнинг ариза ва шикоятлари билан ишлаш тизими ҳуқуқий асослари бўйича тўлақонли маълумот берилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича бош мутахассиси Доно Убайдуллаева виртиуал қабулхона тизими иши самарадорлигини ошириш ҳамда жорий йилнинг тўққиз ойида қилинган мурожаатлар юзасидан ҳисоб берди. Фаолиятни янада кучайтириш бўйича тавсияларини баён этди. Тиббиёт ходимлари деонтологияси мавзусида эса Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Наманган филиали бўлим мудири Анваржон Алихоновнинг маърузаси тингланди.
Мулоқот чоғида анжуман қатнашчилари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга тегишли жавоблар олдилар. Энг муҳими, соғлиқни сақлаш соҳасидаги таъмагирлик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши кураш барчанинг бурчи эканлиги семинар иштирокчилари онгига сингдирилди. Зеро, коррупцияга қарши кураш-давлат, жамият ва оила манфаатлари ҳимоясидир.