Чуст туманидаги Каркидон ва Оғасарой қишлоқлари аҳолисига қайта таъмирланган ва имкониятлари замон талаблари асосида такомиллаштирилган 45-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси хизмат кўрсата бошлади. Бинони реконструкция қилиш учун 250 миллион сўмга яқин бюджет ва ҳомийлар маблағи йўналтирилди.

Кўркам, шинам ва қулай шароитлар яратилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасининг тақдимоти катта шодиёнага айланиб кетди. Уни Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Жаҳонгир Жумабоев кириш сўзи билан очди. Туман ҳокимининг ўринбосари Зуҳириддин Бойбобоев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, меҳнат фахрийси Ёқубжон ота Абдураҳмонов ва бошқалар юртимизда эл соғлиғини кафолатли муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган хайрли ишларни мамнуният билан таъкидладилар. Айниқса, қишлоқ аҳолиси саломатлигини сақлашни янада яхшилаш мақсадида илгариги кам самарали ҚВПлар мақбуллаштирилиб, улар негизида бугунги кун талабларига ҳамоҳанг хизмат кўрсатувчи, беморлар узоғини яқин қилувчи янги масканлар - ҚОПлар ташкил этилаётганлиги одамларни беҳад қувонтираётганлиги эътироф этилди.

- Янги тиббиёт масканига қадам қўяр эканман, соҳадаги ўзгаришларни кўриб ғоят ҳайратландим, - дейди Матлуба ая Қобулова. - Нега, деганда илгариги амбулатория ёки ҚВПдан бутунлай ўзгача муассаса - қишлоқ оила поликлиникасининг очилиши одамлар учун жуда ҳам катта қулайликни вужудга келтирибди. Қаранг, унинг эшиги кечаси-ю кундузи очиқ экан, хатто тез тиббий ёрдам бўлими ҳам шу ерда иш олиб боряпти.

Дарҳақиқат, мазкур қишлоқ оила поликлиникаси ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг соғлом турмуш кечириши учун мустаҳкам қўрғон вазифасини ўтайди. Сифатли таъмирдан чиқарилиб, зарур тиббий анжомлар билан таъминланганлиги боис нафақат умумий амалиёт шифокорлари, балки тор доирадаги мутахассислар ҳам тиббий кўрикларни юқори даражада ўтказишмоқда.

Буюрилган дори-дармонларни ҚОП қошидаги дорихонадан харид қилиш мумкин. Даволанувчи ҳамюрт­ларимизга кундузги шифохона хизмат кўрсатмоқда. Тиши оғриб қолганлар ҳам энди узоққа қатнашмайди. Қон таҳлиллари лабораторияда аниқланяпти, УТТ текшируви ҳам Каркидонда амалга ошириляпти. Тез тиббий ёрдам шаҳобчаси билан интеграция ўрнатилганлиги боис, касалликка чалинганлар ҳолати доимий назоратга олинган. Қисқаси, 9 нафар шифокор ва 29 нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан адо этишмоқда. Патронаж ҳамширалари эса уйма-уй юриб, одамларнинг саломатлигини назоратдан ўтказишяпти, хонадонларда тиббий маданиятни қарор топтириш учун елиб-югуришяпти.

Тақдимот маросими эл олдида ҳисоб бериш жараёнларига уланиб кетди. Шу куни 16-сонли санъат ва мусиқа мактаби залида аҳоли вакиллари қишлоқ оила поликлиникаси бош шифокори Малика Халилованинг ҳисоботини эшитдилар. Йиғилганлар олиб борилаётган кенг қамровли фаолиятдан бохабар этилди. Тиббий хизматни янада такомиллаштириш юзасидан фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.