Вилоят ҳокимининг 2017 йил 11 сентябрдаги "Вилоятда 2018 йил учун марказий ҳамда маҳаллий матбуот нашрларига обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш ҳақида"ги фармойишида белгиланган вазифалар ижроси вилоятимиз тиббиёт муассасаларида ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Матбуот дил ойнаси, ҳаёт кўзгуси. Шундай экан, юртимизда ва дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан ёритишда фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Халқ билан мулоқот ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш каби долзарб масалаларда ҳам матбуот нашрлари муҳим аҳамият касб этади.
Айни кунларда обуна мавсумида Поп, Косонсой, Чуст туманлар тиббиёт бирлашмалари, РШТЁИМ Наманган вилоят филиали, вилоят силга қарши кураш диспансери, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, "Пахталикўл" сиҳатгохи, ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси жамоалари фаоллик кўрсатишмоқда.
Афсуски, барча тиббиёт муассаларида ҳам мазкур масалага эътибор кўнгилдагидек деб бўлмайди. Наманган шаҳар ва айрим туманлар тиббиёт бирлашмаларида, бир қатор даволаш-профилактика муассасаларида марказий ҳамда маҳаллий матбуот нашрларига обуна қониқарсиз уюштирилаётгани ташвишли.
Ҳали ҳам кеч эмас. Келгуси йил матбуот нашрларига обуна мавсуми ҳозир долзарб паллага кирди. Вақтни ўтказмай, ўзингизнинг севимли газета-журналларингизга ёзилишга шошилинг!
Манзура ЭРГАШЕВА.