19-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасининг фойдаланишга топширилиши ҳудуд аҳолиси учун катта воқеа бўлди. Илгари Норинкапада истиқомат қилувчилар 20 километрдан ортиқ йўл босиб туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига қатнар эдилар. Энди бўлса қатор ихтисосликлар бўйича, яъни пе­диатр, стоматолог, жарроҳ, терапевт, акушер-гинеколог ва УТТ шифокорлари Боғ маҳалласида жойлашган муҳташам ҚОПда одамларнинг узоғини яқин қилишмоқда.

- Давлатимизга раҳмат. Олис қишлоқларда яшовчи аҳолига замонавий ва малакали тиббий хизмат кўрсатилиши учун зарур шароитлар яратиб бериляпти, - дейди Воҳиджон ота Жабборов. - Илгари бундай кўркам ва шинам муассасаларни қишлоқларда очилишини ҳатто тасаввур ҳам этиб бўлмас эди. Эл саломатлигини мустаҳкамлаш учун қилинаётган ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз.

Янги тиббиёт маскани икки қаватли бўлиб, унда барча шарт-шароитлар муҳайё этилди. Кундузги шифохона, стоматология хизмати, ультратовуш текшируви, лаборатория таҳлиллари учун энг янги тиббиёт анжомлари билан таъминланди. Бинони таъмирлаш учун 130 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

- Норинкапа, Сойбўйи, Истиқлол, Янги Фарғона, Чангитма, Хўжақўрғонча маҳаллаларида яшовчи 17 минг нафардан зиёд ёшу қарининг саломатлигини муҳофаза қилишга масъулмиз, - дейди мудир Раҳимжон Узоқов. - Нигора Қодирова, Ҳурматой Мамаева, Асила Мамадалиева, Шуҳратбек Расулов каби тажрибали шифокорлар, ўз касбининг усталари бўлган ўнлаб ҳамшираларимиз фаолият самарадорлигини ошириш учун астойдил интилмоқдалар.

Шуниси эътиборга лойиқки, тез тиббий ёрдам шаҳобчаси ҳам қишлоқ оилавий поликлиникаси биносига жойлашди. 3 та бригада туну кун эл хизматида. Автомашина, зарур жиҳоз, дори-дармонлар билан таъминланган. Яна бир жиҳат энди врач хизматига эҳтиёж сезилса, уни кутишга ҳам ҳожат қолмади. Поликлиника ёнида барпо этилган файзли ва ҳар томонлама қулайликларга эга шифокор уйида саломатлик посбони оиласи билан яшайди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан туман ҳокими Дилмурод Қодиров, вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров, нуроний Фотимахон ая Қорабоева ва бош­қалар Юртбошимиз раҳнамолигида тиббиётда кечаётган янгиланишлар самараси ўлароқ одамларнинг соғлом ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун беқиёс имкониятлар вужудга келаётганлигини мамнуният билан таъкидладилар.

- Норинлик ҳамкасбларимизга ҳавас қилса арзийди. Хизмат кўрсатиш даражасини юқори поғонага кўтаришибди. Уларнинг тажрибасини ўзлаш­тир­япмиз. Биз ҳам бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини бугунги кун талабларига ҳамоҳанг равишда ривожлантириш чораларини кўрамиз, - дейди Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудираси Фарида Умарова.

Яқин орада тиббий хизматни такомиллаштириш сари яна бир қадам ташланади. Мазкур қишлоқ оилавий поликлиникасида мамлакатимизда биринчилардан бўлиб "Электрон поликлиника" тизими жорий этилади. Бир сўз билан айтганда, юртимиз юксалишининг янги босқичида соғлиқни сақлашнинг энг қуйи бўғини - қишлоқ тиббиёти ҳам тараққиётнинг ойдин йўлига чиқиб боряпти.

Абдулла ҒОЗИЕВ.