Пештоқига "Шифокорлар уйи" деб ёзилган бино врачлик пунктининг ўнг ёнига туташтириб қурилган. Фақат эшиги алоҳида, орқа ҳовлисига айланиб ўтиб кирилади. Биз ҳам уйнинг биринчи меҳмонлари қаторидан ўрин олдик. Киравериши зал, ўнг томонда ошхона, чап томонда иссиқ-совуқ сувли ювиниш хонаси, тўғридаги икки хонанинг бири доимий ўтиришга, бири ётоққа ажратилган. Зал тўрисида кенг, ёруғ ва шинам меҳмонхона. Оёқ остига тўшалган гиламлардан тортиб, диван, кресло, шкаф, курси ва пешхонларгача яп-янги. Худди келинчакнинг безатилган уйидек. Оила аъзоларининг хурсандчиликлари ичларига сиғмайди. Фарзандлар яйраб-қувнашаётганини бир кўрсангиз эди.
Қишлоқ врачлик пункти мудираси Зайнабхон Ҳушматованинг кўнгли жуда тўқ. Боиси, кўмакдош турмуш ўртоғи ҳамиша бирга. Умрига мазмун бағишлаётган ишхонаси ёнида. Бу дегани унинг даво муолажаларидан шифоталаб шоҳидонликлар кеча-кундуз фойдаланишларига қулай имконияту ва шароитлар муҳайё.
Бугун туман ҳокимлигининг, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг юксак эътибори билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармон ва қарорларида тиббий хизматнинг бирламчи бўғини фаолиятини тобора такомиллаштиришга қаратилган вазифаларнинг изчил ижроси таъминланаётганинг шарофати Шоҳидон ҚВП мисолида ёрқин намоён. Ичкарига кирсангиз, 4 нафар олий маълумотли шифокор, яъни терапевт, педиатр, акушер-гинеколог ва стоматолог беморларни қабул қилаётганини кўрасиз. Эмлаш, физиотерапия, муолажа ва лаборатория хоналарида 6 нафар ҳамшира хизматда. Яна 4 нафар оқ халатли халоскорлар ўзларининг тасарруфларидаги - Шоҳидон, Гулистон, Кумидон маҳаллаларига чиқиб кетишган. Улар елкаларига дори-дармон-у асбоб-ускуналар солинган сумкаларини осиб, уйма-уй юрадиган патронаж ҳамшираларидир.
Тақдимот маросими ғоят ҳаяжонли кечди.
- Сизларнинг тиббий муассасангиз бундан икки-уч ой илгари қандай эди-ю, ҳозир қандай! - деди сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров. - Биноларингга чинакамига нур кирди. Мукаммал таъмиру реконструкция туфайли шароитлар замон талаби даражасига етказилди. Тиббий аппаратура, асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар таъминотида муаммолар деярли қолмади ҳисоб. Ҳатто компьютер тизимига ўтказиш чора-тадбирлари белгиланган. Ҳаммаси инсон манфаатлари учун, халқ соғлигини мустаҳкамлаш учун.
- Энди аҳил жамоамиз билан янада астойдил ишлаб, қишлоқда бирорта оила меҳр-эътибордан четда қолмаслигига эришамиз, - деди ҚВП мудираси Зайнабхон Ҳушматова. - 1380 дан ошиқ хонадондаги 7 мингдан зиёд аҳолини эмлаш, тиббий назоратини олиб бориш, кўрик ва муолажаларимиздан баҳраманд қилиш учун бор билим ва малакамизни ҳеч аямай сарфлайверамиз. Мақсадимиз ҳалол хизматимиз билан элнинг ризолигини олиш ҳамда олқишларига сазовор бўлишдир.
Тақдимотга тўпланган ҳамқишлоқларнинг юзларидаги табассумдан, кўзларидаги чақноқликдан уларнинг кўнглидаги мамнунлик ифодасини англадик. Айниқса, Собиржон ота Қобуловнинг эътирофлари ғоят ўринли эди:
- Ёшим саксондан ўтса-да, одамлар соғлигини сақлашга бу даражада аҳамият қаратилганини ҳеч кўрмагандим. Очиғини айтганда, қисқа фурсатли таъмирлаш ўтказилган чоғда дўхтирларимизнинг қадри жуда-жуда билинди. Биз каби кексаларнинг узоққа қатнагани ҳоллари етармиди, қизим. Мана бугун эса яна вақтимиз чоғ. Дўхтирхона ҳамманикидан кўраям бизникига яқин, худди бир қадамдай. Эрталаб мазам сал қочиб, дарров шу ёққа югурдим. Ҳамшира қизим Шоирахон Нишонова заррача озор бермай укол қилиб қўйди. Бир зумда оғриғимдан асар қолмади. Бахтимизга шулар омон бўлишсин!
Тўрақўрғон туманида халққа намунали тиббий хизматни йўлга қўйиш борасида катта ишлар қилинмоқда. Қуйи бўғиндаги ўзгаришлар инсон манфаатлари устуворлиги тамойили асосида амалга ошириляпти. Ўтган йили 25 та қишлоқ врачлик пунктлари фаолият юритган бўлса, бу йил улар сони 7 тага келтирилди. Қолганлари ўрнида ихтисослашган кўпгина мутахассислар хизмат кўрсатадиган 5 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 4 та тез ёрдам шаҳобчалари ташкилланди. Шунингдек, бўшаб қолган ҚВП бинолари шифокорларга уй-жой сифатида берилмоқда. Ҳозирда 4 тасида врачлар яшашиб, ўша ҳудуддаги аҳолининг саломатлигини сақлашмоқда. Бордимкўл, Тепанайманча, Соҳибкор, Бекобод қишлоқ врачлик пунктларининг фаолияти шундай янги йўналишга ўтказилди.
- Бирламчи бўғинларда тез тиббий ёрдам хизматининг такомиллаштирилиши айни муддао бўлди, - дейди координатор Нажмиддин Сайфиддинов. - 6 та янги "Дамас" автомашинасининг берилганлиги аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилишда шифокорларимизга беҳад қулайлик туғдиряпти. Шоҳидондагидек "Шифокорлар уйи" деярли барча ҚВПларда қуриб берилади. Бундан кутилган мақсад халқимизнинг тиббий хизматга эҳтиёжини узлуксиз, яъни кеча-кундуз қондиришдан иборатдир.
Истиқлол ислоҳотлари инсонларнинг қадр-қимматини тобора баланд тутяпти. Юртбошимиз айтганларидай, одамларнинг ризолигига эришиш, ҳаётдан кўнгиллари тўлишини таъминлаш давлат сиёсатида доимо муҳим бўлиб қолаверади.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.