2017 йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 718-сонли қарори қабул қилинди. Албатта, бу каби муҳим ҳужжатлар замирида инсонлар саломатлиги, фаолиятлар изчиллиги ва бунинг баробарида соҳа ходимларининг ишчанлик руҳияти, моддий ва маънавий рағбатлантириш каби эзгу мақсадлар ётади. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг 18 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлиги учун масъуллигини ошириш чоралари тўғрисида"ги 535-сонли буйруғи чиқарилди.
Таъкидлаш муҳимки, ушбу қарорнинг марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низоми ҳамда унинг 7 та иловаси ҳам мавжуд. Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятига эътибор бериб қарайдиган бўлсак, биринчи навбатда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлигини оширишга ҳамда бирламчи тиббий тизимда фаолият юритаётган соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш ва меҳнатини тақдирлашга, шунингдек, иш натижаларини рейтинг баҳолашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва Соғлиқни сақлаш вазирининг 535-сонли буйруғини жойларда тарғиб этиш ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида вазирликнинг мутасадди раҳбарлари томонидан ҳудудлар кесимида тушунтириш ишлари олиб борилди. Албатта, соҳага оид чиқарилган мазкур қарор ўзининг кенг қамровлиги ҳамда катта аудиторияга мўлжалланган бўлиб, унда марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти натижаларини рейтинг баҳолаш тизими ва уларда фаолият юритаётган врачлар ва ўрта тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва меҳнатини тақдирлаш ҳамда уларнинг иш самарадорлигини рейтинг баҳолаш билан ифодаланади. Шундай экан, ушбу буйруқни шарҳлаб бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Рихси Салихаджаевага мурожаат қилдик.
- Бирламчи тизим фаолиятига доир чиқарилаётган ҳар бир меъёрий ҳужжатлар асосан, аҳолини кенг қамраб олиш ва патронаж тизимини такомиллаштиришдан иборатдир. Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 718-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлиги учун масъуллигини ошириш чоралари тўғрисида"ги 535-сонли буйруғида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларининг функционал вазифаларини тўлиқ бажариши ва профилактик тадбирларнинг самарадорлиги учун жавобгарлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу буйруқдаги иловалар бўйича аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш тартиби тўғрисидаги Низом, вазирликнинг "Аҳолини профилактик кўриклар ва тизимда патронаж билан қамраб олиш мониторинги" вертикал бошқарув тузилмаси ва намунавий таркиби, беморларни қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардан кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникалари, туман, шаҳар ва вилоят даражасидаги бошқа даволаш профилактика муассасаларига текшириш, маслаҳат бериш, даволаш ва назоратга олиш учун йўллаш ва қабул қилиш тартиби белгиланган. Бунинг баробарида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда вазирликнинг даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш, иқтисодиёт, молия ва истиқболни аниқлаш бош бошқармалари бошлиқлари билан биргаликда жорий йилнинг 1 октябридан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаси, қишлоқ врачлик пунктларини фаолият натижаларидан келиб чиқиб рейтинг баҳолаш тизимини, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаси, қишлоқ врачлик пунктларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимларини меҳнат самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, улар меҳнатини моддий рағбатлантириш тизими қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалиётга жорий қилиш кўрсатиб ўтилган. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда республика даражасидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига аҳолини тиббий кўриклар ва патронаж тизими билан қамраб олиш ва унинг тизимда мониторингини таъминлаш, сурункали касаллиги бор беморлар назоратини олиб бориш, соғломлаштириш ва реабилитация қилиш индивидуал режаларини тузиш, унга риоя қилиш назорати ҳамда беморларни туман, вилоят, республика даражасидаги муассасаларга маслаҳат, диагностика, назоратга олиш, даволаш ва реабилитация учун йўллаш ва қабул қилиш масалалари назарда тутилган. Вазирликнинг 2017 йил 18 мартдаги "Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини патронаж хизмати ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш юзасидан амалга оширилган ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 112-сонли буйруғининг 1-иловасига мувофиқ тузилган ҳудудий ва туман штабларининг тўлиқ фаолиятини назорат қилиш ҳам кўзда тутилган. Жорий йилнинг 1 октябридан барча туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларининг тиббиёт ходимлари меҳнати самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини тўлиқ жорий қилиш вазифаларини амалга ошириш таъкидлаб ўтилган. Шу билан бирга, мазкур қарор мазмун-моҳиятини вазирликнинг видеоселектор йиғилишида ижрочиларга етказиш масаласи қўйилган ҳамда вазирлик ишчи гуруҳларини шакллантириш ва ҳудудларда амалий семинарлар ўтказилиши режалаштирилган эди. Ушбу видеоселектор 28 сентябрь куни вазирликда бўлиб ўтди. Рейтинг тизимини жорий қилиш юзасидан ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, улар тасарруфидаги муассасаларнинг тиббий ходимларига амалий ёрдам кўрсатишни таъминлаш муҳимлиги айтиб ўтилган.