Куннинг асосий масаласи бўлган 718-сонли қарорга изоҳ берилганда биринчи навбатда бугунги кунда республика миқёсида 196 та туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, 179 та шаҳар оилавий полик­линикалари, 793 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 819 та ҚВПлари фаолият юритаётганлиги ва унда умумий амалиёт шифокорлари ва барча тор соҳа мутахассислари ҳамда ўрта тиббиёт ҳамширалари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётганлиги айтиб ўтилди. Р. Салихаджаева биринчи илова, яъни бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш жадвали хусусида тўхталар экан, ундаги босқичлар, тиббиёт муассасалари, тадбирлар ва уларнинг ижро муддатлари хусусида иштирокчиларга маълумот берди. Шунингдек, жадвалдаги тўртинчи босқич бўйича марказий кўп тармоқли поликлиникалар, оилавий поликлиникалар, қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари рейтингда жадвал бўйича иштирокчиларга қуйидагиларни тақдим этди. Бир йилда рейтинг баҳолаш бўйича ўртача 85 фоиздан ортиқ балл тўпланганда эгаллаб турган лавозими бўйича аттестациядан озод этилади. 55 фоиздан 85 фоизгача балл тўплаганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида эгаллаб турган лавозимида лойиқлиги бўйича аттестациядан ўтади, бир йилда рейтинг баҳолаш якунлари бўйича 55 фоиздан кам балл тўплаганда эгаллаб турган лавозимидан озод этилади. Бунинг баробарида маърузачи умумий амалиёт врачи фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича жадвалда келтирилган кўрсаткичлар, юкланиш меъёри, ҳисоблаш усули, бажариш ҳамда якуний баллар юзасидан тушунтириш бериб, белгиланган баллар асосида фаолиятни амалга оширишда натижалар юкламасини мисоллар орқали изоҳлади. Сўнгра патронаж тиббиёт ҳамшираси фаолияти самарадорлигини ҳам жадвал бўйича, яъни 4 бўлимдан иборат бўлган кўрсаткичлар ифодасини амалиёт жараёнларига боғлаб батафсил тушунтирди. Меъёрий ҳужжатдан ўрин олган марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларига алоҳида тўхталиб, жадвалда келтирилган асослар бўйича умумий амалиёт шифокори, тор ихтисослик врачлари ва бошқа ўрта тиббиёт ходимлари ҳамда патронаж тиббиёт ҳамширалари функционал вазифаларининг бажарилишига ҳам мисолларга таянган ҳолда изоҳ берди. Маърузачи иловалар бўйича тушунтиришни давом эттирар экан, унинг якуний натижалари бўйича қуйидаги талаблар хусусида тўхталди. Ҳар бир ой тамом бўлгандан кейин умумий амалиёт врачлари ва патронаж тиббиёт ҳамшираларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги тўлдирилган шакл ҳисобот давридан кейинги ойнинг бешинчи кунидан кечикмай бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси мудирига топширилади. Умумий амалиёт врачлари ва патронаж тиббиёт ҳамширалари иш натижалари бажарилган фаолиятлар тўғрисидаги тўлдирилган ҳисобот шакллари асосида ҳисобот давридан кейинги ойнинг ўн бешинчи кунигача бирламчи тиббий-санитария муассасасининг мудири ва катта тиббиёт ҳамшираси томонидан баҳоланади. Тор ихтисосликдаги врачлар ва ўрта тиббиёт ходимларига (патронаж тиббиёт ҳамшираларидан ташқари) ҳар ойда 100 кредит баллар белгиланади. Махсус мониторинг гуруҳи томонидан ҳисобот давридан кейинги ойнинг ўн бешинчи кунидан ке­йин йилнинг иккинчи ва тўртинчи чораклари якунлари бўйича бирламчи тиббиёт ҳужжатларини таҳлил қилиш асосида ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари иши натижаларининг салбий кўрсаткичлари ўрганилади. Демак, махсус мониторинг гуруҳи томонидан ўрганиб чиқиш натижалари икки нусхада маълумотнома тарзида расмийлаштирилади. Маълумотноманинг биринчи нусхаси бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида сақланади, иккинчи нусхаси сақлаш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига белгиланган тартибда берилади. Шунингдек, тиббиёт ходимларини рағбатлантиришдаги рейтинг баллар йиғиндиси бўйича тариф ставкаси 5 фоиздан 20 фоизгача миқдорда шахсий устама тарзида белгиланишини ҳам айтиб ўтди. Шу ўринда айтиш жоизки, махсус мониторинг гуруҳи фаолияти устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган текширишлар режасига мувофиқ, вазирликнинг назорат инспекциясининг тегишли минтақа бўлинмаси томонидан амалга оширилади. Албатта, ушбу низом талаблари бузилишида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беришлари ҳам айтиб ўтилди.

Хулоса шуки, бирламчи тиббий тизимдаги талаб патронаж хизматини такомиллаштиришдан иборат экан, бу борадаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилиб, хонадонларга чуқур кириб борилаётганлиги касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тиббиётимизнинг илдамлаб бораётганлиги, соҳага кириб келаётган янгиликлар, изланишлар, айниқса, пойтахтдаги малакали ва етакчи мутахассисларимизнинг жойлардаги раҳбарлик фаолияти, тиббиёт муассасаларининг халқаро ҳамкорликлари ҳамда ўзаро тажриба алмашувлари жараёнида ноёб операцияларнинг амалга оширилаётганлиги, бу албатта, тизимга оид чиқарилаётган меъёрий ҳужжатлардаги эзгу мақсадларнинг ёрқин ифодасидир. Вақт - олий ҳакам. Шундай экан, фаолиятларни янада изчиллик билан олиб боришдан асосий мақсад, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳар биримизнинг олдимизда турган муҳим вазифалардан бири эканлигини унутмаслигимиз лозим. Бунинг учун нафақат тиббиёт ходими, балки кенг жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиб, халқимиз саломатлиги йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшсалар, жамиятимиз янада равнақ топиб, Ватанимиз келажаги мустаҳкамланиб бораверади.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан кўплаб саволлар ўртага ташланди. Мутахассис соҳа ходимларининг фикрларини инобатга олган ҳолда тўлақонли тарзда жавоб берди. Сўзларимизни мухтасар қилар эканмиз, ушбу меъёрий ҳужжат жорий йилнинг биринчи октябридан бошлаб фаолиятга киритилди. Ҳужжатнинг аҳамиятли томони шундаки, унда нафақат патронаж ҳамшира меҳнатига, балки бирламчи тизимдаги шифокорлар (УАШ, тор мутахассисликлар), ўрта тиббиёт ходимлари барчасининг машаққатли, фидокорона хизматларига бериладиган муносиб рағбат, десак янглишмаган бўламиз.

Ибодат СОАТОВА.