Бир неча кундирки, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида узлуксиз машғулотлар олиб бориляпти. Пойтахтимиздан ташриф буюрган олимлар соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар, жорий қиланаётган янги техника ва технологиялар ҳақида маърузалар билан чиқишмоқда. Жумладан, ТВМОИ Офтальмология кафедраси томонидан уюштирилган сайёр ўқувга вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасалари ҳамда хусусий шифохоналар вакиллари жалб қилинди.
"Поликлиникада офтальмологиянинг долзарб масалалари" деб номланган туркум дарслар тиббиёт фанининг таниқли намоёндалари иштирокида ўтиляпти. Бинобарин, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Холидбек Комилов томонидан ўқилган илмий маъруза тингловчиларда ғоят катта қизиқиш уйғотди. Кўз касалликлари бўйича машҳур олим ўз тажрибалари асосида офтальмологик ҳасталикларни аниқлаш ва даволаш ишларини олиб боришнинг замонавий усул ҳамда услублари, кўз шифокорининг ўзига хос масъулияти ва маънавияти ҳақида мушоҳадаларини билдирди.
- Офтольмолог зиммасида жуда катта масъулият бор, У доимо ўқиб-ўрганиши, фан ютуқларидан бохабар бўлиши зарур, - дейди Х. Комилов. - Жадал ривожланаётган тиббиётнинг мазкур соҳасида ҳам тараққиёт сари дадил одимлаяпти. Бу эса шифокорларимиздан астойдил изланишни талаб этади.
Сайёр ўқув изчил давом этмоқда. Амалий машғулотлар, баҳс ва мунозаралар чоғида қатнашчиларнинг тафаккури янада бойимоқда. Келгусида саломатлик посбонларига яна бир қулайлик яратилади. Ғоят муҳим ва долзарб аҳамиятга эга мавзулар бўйича сабоқларни пойтахтдан туриб масофавий тарзда олиб борилиши кўзда тутилмоқда.