Кун тартибидаги биринчи масала - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги "Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида"ги ПҚ-3160-сонли қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар ҳақида бошқарма бошлиғининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиев слайдлар воситасида маъруза қилди. Нотиқ мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши зарурияти, унда белгилаб берилган устувор вазифалар хусусида фикр юритди. Тиббиёт муассасаларидаги маънавий-маърифий ишларни қарорда қайд этилган талаблар асосида юксалтириш муҳимлиги таъкидланди.

 

Маълумки, ходимлар маънавиятини юксалтиришда ОАВлар ва китобнинг ўрни беқиёсдир. Вилоят ҳокимининг фармойишига асосан айни кунларда республика ва маҳаллий даврий нашрларга обуна жараёни бормоқда. Тадбир иштирокчилари бу масъулиятли вазифа муваффақиятли амалга оширилиши учун жонбозлик кўрсатишга чорланди. Кутубхоналар фаолиятини яхшилаш, китоб мутолааси тарғиботини кучайтириш бағоят долзарб вазифалардан эканлиги айтилди.

 

Шу билан бирга тиббиёт муассасаларидаги "Маънавият ва маърифат хоналари"ни зарур даражада жиҳозлаш, уларда ахборот-коммуникацион технологияларни қўллаш, янги адабиётлар ва тасвирий тарғибот воситалари таъминотини йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берилди.

 

Анжуманда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Баҳодир Турдиев қуйи тизимларда маънавий-маърифий ишларни ташкиллаш, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да маҳаллаларда самарали фаолият олиб бориш, вилоят стоматология поликлиникаси маънавият тарғиботчиси Мамадалихон Қаюмов муассасада китобхонлик ишларини уюштириш тажрибаси билан ўртоқлашдилар. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директорининг ёрдамчиси Сайдулло Шарифбоев Японияга хизмат сафари таассуротлари, кунчиқар давлат халқининг маънавияти ва маданияти юзасидан фикрларини баён этди.

 

Тадбир қатнашчилари тиббиёт муассасаларида маънавий-маърифий ишларни олиб боришга доир ҳужжатларни юритиш ва жамлаш юзасидан услубий тавсиялар ҳам олдилар.