Ана энди Конституциямизни мутолаа қилишни бошласак. Одатда, янги яралган ҳар бир нарса ўзига муносиб номланади. Шунинг учун 1-моддада: "Ўзбекистон - суверен демократик республика. Давлатнинг "Ўзбекистон Республикаси" ва "Ўзбекистон" деган номлари бир маънони англатади" деб қўйилган. Биз хоҳласак, икки сўз билан, хоҳласак бир сўз билан давлатимиз номини тилга олишимиз ва ёзишимиз мумкин. Бунда қай ўринда қайси монандлигига қарасак, мақсадга мувофиқ қўллаган ёки ифодалаган бўламиз.
Демократик бошқарувда асосий ролни халқ ўйнайди. 2-модада белгиланганидек: "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар". Бугун ҳаётимизга назар ташласак, худди шундай ҳолатни кўрамиз. Ҳатто бу борадаги тартиблар тобора такомиллаштирилиб, одамларнинг манфаатлари устуворлигига тўла-тўкис эришишни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида: "Давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётгани, уларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва очиқлиги биз учун энг асосий мезон бўлиши шарт. Шу борада бир фикрни яна такрорлаб айтмоқчиман: Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак" деб алоҳида таъкидлаб ўтди. Мазкур масала айниқса амалдаги "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да ҳар қачонгидан кўра ҳам долзарб аҳамият касб этаётир.
Миллион-миллион фуқаролари умргузаронлик қилаётган Ватаннинг тинчлиги, сарҳадларининг бутлиги - ҳамиша сув ва ҳаводек зарур. 3-моддада: "...Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир" деб қатъий белгилаб қўйилгани шундан. Давлат бор экан - халқ бор, халқ бор экан - унинг ўзаро алоқа ва муносабатлари воситаси тили ҳам барҳаёт. Бироқ мавқеига, давлат миқёсида фойдаланилишига келсак, бу ҳам қонунда мустаҳкамлаб қўйилиши шарт. 4-моддада: "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир" дейилиши тилимиз мавқеини янада кўтариб юборди. Гарчи, 1989 йил 21 октябрда "Ўзбек тили ҳақида"ги қонун қабул қилинган бўлса-да, бу борада мустақиллика эришилгач, айниқса, Конституциямиз қабул этилгач, дадил қадамлар ташланди. 1995 йилда ўзгартириш ва қўшимчаларнинг киритилиши эса тилимиз давлат идора ишларида янада фаол ишлатилишини ҳуқуқий жиҳатдан тўла-тўкис кафолатлади.
Айни маҳалда тилимизга эътиборнинг кучайтирилиши, мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллатлар тилларининг камситилишига йўл қўймайди. Чунки, мазкур модданинг давомида: "...Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва эллатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади" дея қайд қилинганини ҳам доимо эсда сақлашимиз лозим.
Шу бобдаги 5-модда алоҳида эътиборга молик. Боиси, давлатнинг давлатлигини кўрсатиб, билдириб ва ифодалаб турадиган уч яратиқ азал-азалдан дунё давлатчилиги тамойилларида мавжуд. Бирини ҳужжатларга туширилади, бирини кўринарли жойларга қўйилади ва қўлларда кўтарилади, бирини мусиқа асбобларида чалинади ва тилда айтилади. Гап нималар ҳақидалигини сездингиз. "Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари - байроғи, герби ва мадҳиясига эга" (5-модда). Буларни ҳар куни кўрасиз, тинглайсиз. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганидай: "Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир".
Биз учун шу уч миллий тимсолнинг қабул қилинган санаси ўзига хос унутилмас қутлуғ кун, яъни байрам. Ҳар йили 18 ноябрда (1991) Давлат байроғимиз, 2 июлда (1992) Давлат гербимиз, 10 декабрда (1992) давлат мадҳиямиз қабул қилинганини фахр ва қувонч билан нишонлаймиз. Байроғимиз мағрур ҳилпираганда унга боқиб, мадҳиямиз тантанавор жаранглаганида уни тинглаб, ҳатто бирга айтиб ўзимизда баланд руҳ, кўтаринки кайфият сезамиз. Дунё тан олган, тараққиётига ҳаваси келаёган ҳур Ўзбекистоннинг фуқароси бўлиш чинакамига катта бахт. Бундай юртнинг фидойи фарзандлари пешқадамига айланиш муқаддас бурч!
Манзура АБДУЛЛАЕВА.
(Давоми бор).