Жаҳонда ном қозонган тиббиётчи, И. М. Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети Фтизиатрия ва пульмонология илмий-текшириш институти директори, профессор Димитрий Борисович Гиллер бошчилигида гуллар диёрига келган мутахассислар гуруҳининг фаолияти ҳам ғоят самарали бўлди. Меҳмонлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида иззат-икром билан кутиб олиндилар. Миллий либосдаги қизлар уларга нон ва туз билан пешвоз чиқишди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов россиялик шифокорларни Ўзбекистонга ташрифлари билан қутлади.
Бошқарма мажлислар залида уюштирилган анжуман сил касалликларига қарши курашнинг замонавий усул ва услублари ҳақида бўлди. Россиялик профессор Димитрий Гиллер дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган бу хасталикнинг олдини олиш ва даволаш тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Нотиқ Ўзбекистонда бу борада ижобий натижалар қайд этилаётганлигини таъкидлади. Вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг бош шифокорлари ўзларини қизиқтирган саволларга машҳур олимдан тўлақонли жавоблар олдилар.
- Ўзбекистонда жуда кўп бўлганман. Лекин гўзал ва бетакрор Наманганга илк бора келишим, - дейди профессор. - Шогирдларимдан бири Шокиржон Маюсупов бошқараётган диспансер жамоаси касбий маҳоратини оширишга кўмаклашиш ниятидаман. Зеро, сил касалликлари жуда долзарб, ижтимоий аҳамиятга эга муаммодир. Унга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш жуда ҳам зарур.
Вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансерида давом этган жараёнлар ҳам кўпчиликнинг ёдида қолди. Дастлаб Димитрий Гиллер фтизиатрия ва пульмонология соҳаси мутахассислари иштирокда сил касалликларига дучор бўлган беморларни кўргазмали тарзда қабул қилиб, уларни тиббий текширувлардан ўтказди. Беморларни даволаш йўллари юзасидан маслаҳат ва тавсияларини баён этди. Мулоқот ва тажриба алмашинув пайтида маҳаллий шифокорлар ўз билимларини бойитишга муваффақ бўлдилар.
- Москвалик таниқли шифокор Димитрий Гиллердан жуда ҳам муҳим сабоқ олдик. Сил касалликлари профилактикаси ва даволаш ишлари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган, тиббиёт фани ютуқларини амалда қўллабгина қолмасдан уни бойитиш устида астойдил изланаётган олим ўтказган амалиёт фаолиятимизни янада кучайтириш учун катта туртки бериши шубҳасиз, - дейди 2-даволаш бўлими мудири Ривожиддин Мингбердиев.
Кейинчалик "Маҳорат дарси" амалиёт столида давом этди. Д. Гиллер жарроҳлик соҳасидаги юксак малакасини сил касаллигининг оғир босқичини бошидан кечираётган бемор ўпкасини операция қилиш пайтида намоён этди. Шу тариқа нажотталаб беморларни дарддан халос қилиш учун дастлабки қадамлар қўйилди.
- Фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш учун нафақат пойтахтимиздаги, балки чет эллардан ҳам юқори малакали мутахассислар жалб этилаётгани бизни ғоят қувонтирмоқда, - дейди бемор Моҳигул Имомалиева.
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда ижобий натижалар беришига ишончимиз комил.
Абдулла ҒОЗИЕВ.