Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йилнинг 18 августида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун 2017 йилнинг 24 август куни Олий Мажлис Сенатида муҳокама этилди. Долзарблиги шундаки, бу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид давлат дастурининг 3-бандидаги вазифани ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Асосий ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдан кўзда тутилган мақсад мазкур Қонун нормаларининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги "Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги, "Ижтимоий шериклик тўғрисида"ги ва "Парламент назорати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлаштиришдир. Биз уларнинг энг муҳимларига тўхталамиз. Масалан, янги таҳрирдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Қонуннинг 10-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилган. Хусусан, Вакил, аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиши, бундан аноним мурожаатлар мустасно эканлиги, шунингдек Вакил қабул жадвалларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ташкил этиши белгиланган. Қабул қилиш жадваллари ва тартиби, қабулни ўтказиш вақти, жойи тўғрисидаги ахборот Вакилнинг расмий веб-сайтида ҳамда унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларда ёки бошқа техник воситаларда эълон қилинади.
Қонуннинг 11-моддасида шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати Вакил томонидан тикланиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида мустаҳкамлаб қўйилган, 12-моддада эса Вакилга бериладиган шикоятларга қўйиладиган талаблар белгилаб берилган.
Шикоятларни кўриб чиқишда Вакилнинг хуқуқларини мустаҳкамлаб қўювчи 14-моддада инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги, белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига киритиш, шунингдек фуқаролар манфаатлари учун ариза ва даъволар билан давлат божини тўламаган ҳолда, судларга мурожаат қилиш хуқуқлари назарда тутилган.
Қонун 14-модда билан тўлдирилиб, ушбу моддага мувофиқ ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ёзма шаклдаги мурожаатларни (хатлар ва телеграммаларни) уларнинг сони чекланмаган ҳолда, Вакилнинг номига юбориш ҳуқуқига эга. Шунингдек Вакил номига юбориладиган мурожаатлар цензура қилинмаслиги белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, 19-модда Вакил томонидан шикоятлар кўриб чиқилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва бошқа ҳолатларга қараб камситилишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи норма билан тўлдирилган.
Қонунда яна Вакилга кўпгина ҳуқуқлар берилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларда иштирок этиши юзасидан таклифлар жўнатиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хорижий институтлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш якунлари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифи билан Олий Мажлис палаталарининг қўмитаталарига мурожаат этиш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш каби ҳуқуқлар берилди.
Вакил фаолиятининг очиқлиги ҳам ўз ифодасини топди.
Янги Қонун мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг кафолотини таъминлаш борасидаги ишларимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.