Тренингдан асосий мақсад журналистларга PR ва коммуникациялар соҳасида мавжуд бўлган янги трендлар хақида хабар бериш, йирик корпорация ва бизнес тизимлари ҳамда давлат муассасалари матбуот хизматлари билан самарали ҳамкорликни ўрнатишни ўргатиш, шунингдек, Huawei компаниясининг Ўзбекистонда амалга ошираётган ижтимоий лойиҳалари борасида маълумот беришдан иборат эди.

- Мамлакатимизда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Янги қулайликлар яратилмоқда ва турли бизнес йўналишлари учун янги имкониятлар берилмоқда. Телекоммуникация соҳаси жуда тез ривожланяпти. Ўзбекистонда фаолият юритаётган катта компаниялар ва энди иш бошлаётган ташкилотлар учун ОАВ вакиллари билан муносабатларни тўғри йўлга қўйиш жуда муҳим. Ўз ўрнида биз каби йирик халқаро компаниялар ҳам журналистлар фаол бўлишини ва ўзлари ижод қилаётган таҳририят ёки муассасада иш сифатини оширишни истайди. Оммавий ахборот воситалари қанчалик профессионал бўлса, аудиториянинг савияси ҳам шунчалик ошади ва материаллар янада сифатли бўлиб, "тўртинчи хокимият" янада муҳимроқ аҳамият касб эта бошлайди, - дейди "Huawei" компанияси матбуот котиби Даврон Азизов.

Айтиб ўтиш жоизки, бу каби сайёр тренинг Huawei томонидан илк бор ташкил этилаётгани учун компания вакиллари хал­қаро тажрибага эга бўлган PR-агентлигини ҳамкорликка чақирган.

- Компаниямиз Ўзбекистонда 2008 йилдан бери фаолият юритиб келади ва деярли барча оммавий ахборот воситалари билан алоқага эга. Асосий мақсадимиз, журналистларга эски удум бўлган қуруқ пресс-реализлар ва умумий маълумотлар билан чегараланиб қолмасликни тушунтириш. Ривожланган мамлакатларда пресс-реализ ёки ахборот индивидуал ишланиб, махсус саволлар, далил ва таҳлилий маълумотлар билан бойитилади ҳамда материалга сайқал берилиб, аудитория учун янада қизиқарли қилиб тайёрланади. Вилоятларда фаолият юритаётган кўпчилик журналистлар, айниқса босма нашрлар уларни кам одам ўқишидан нолишади. Биз мазкур тренинг доирасида журналистларга уларнинг материаллари янада қизиқарли бўлиши учун нима талаб қилинишини ҳамда матбуот хизматлари билан қандай қилиб алоқаларни ўрнатиб, муштарийлар учун ҳозиржавоб бўлган хабарларни тайёрлаш услублари хақида маълумот берамиз, - дейди "Maslov PR Tashkeht" агент­лиги директори Барно Назарзода.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов таъкидлашича, бу каби тренинглар жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ОАВ вакиллари касбий маҳорати ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

-       Анжуман жуда ҳам қизиқарли ўтди. Ахборот-коммуникацион технологиялар соҳасидаги кўплаб янгиликлардан воқиф бўлдик, - деди "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев. - Бизнинг­ча медиа-турларга нафақат республика нашрлари вакиллари, балки минтақаларда фаолият олиб бораётган журналистларни ҳам таклиф этиб бориш амалиётига ўтилса мақсадга мувофиқдир. Шунда маҳаллий нашрларда янада батафсил ва қизиқарли мақолалар кўпаяр эди.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, тренинг сўнггида Huawei компания­си томонидан "Телекоммуникация ва мобил технологиялар соҳасидаги энг яхши материал" танлови эълон қилинди. Энг қизиқ, кўп ўқувчини жалб эта олган материал муаллифлари Хитойга, компания томонидан ташкил қилинган Медиа-турга бориш ҳуқуқини қўлга киритадилар.

Ўз мухбиримиз.