- Зафар Солиевич, 2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари" устуворлигида ҳаётимизда янгича саҳифалар очаётгани ҳар бир кишини беҳад қувонтирмоқда. Айниқса, истиқболли ислоҳотлар самарадорлигини бош мезон қилиб қўймоқда. Бу борада кадрларнинг ишга муносабати, раҳбарларнинг жамоа олдидаги режаларни изчил натижага айлантиришнинг уддасидан чиқа олиш салоҳияти муҳим аҳамият касб этади. Биз ўйлаймизки, сизларнинг пойтахтдан вилоятга келишларинг тиббиётдаги тараққиётни давр талаблари даражасига кўтаришдек эзгу мақсадга эришишни янада тезлаштириб юборса ажаб эмас?

 

- Тўғри ўйлабсиз. Аслида ҳам ўзбекистонликлар тиббиёт ривожида жаҳонда пешқадам бўлишлари керак. Ахир Абу Али ибн Сино бобомиз дунё табибларининг энг довруқлиси, тиббий илму амалиётни мукаммал эгаллаган устози аввал ҳисобланадилар. Менимча, у кишининг авлодлари бошқалардан кам бўлиши асло мумкин эмас-да. Шу боис мамлакатимиз мустақиллика эришганидан буён чорак асрдан зиёдроқ вақт ичида амалга оширилган тиббий ислоҳотлар соҳани анча юқори поғонага кўтарди. Лекин қўлга киритилаётган ютуқлар қаноатланадиган даражада эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Халқ билан мулоқотларда муаммолар тез-тез тилга олинаётгани "Халқ қабулхоналари"га мурожаатларнинг тинмаётгани шундан далолат эмасми.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарор ва фармонлари ана шу муаммолар ечимини топилишига шароит яратиб, имкониятлар туғдираётганини зўр мамнуният билан эътироф этишимиз лозим. Албатта, қарор ва фармонларнинг кучи-уларнинг ўз вақтида изчил бажарилишига боғлиқ. Бу масала ҳам Юртбошимизнинг доимий эътибору, доимий назоратларида тургани тиббиётчилар масъулиятини кескин ошириш билан бирга ислоҳотларнинг истиқболига ишончимизни тобора мустаҳкамламоқда.

 

- Янги вазифани қабул қилиб олгач, Намангандаги тиббий хизматнинг ҳолати билан танишиб, кўнглингиздан нималар кечмоқда?

 

- Иш бошлаганимдан буён ўтган уч ҳафтадан зиёдроқ вақт жамоани ўрганишга, марказдаги шароитлар билан танишишга етарли деб ўйлайман. Таассуротларим етарли. Бинолари мукаммал таъмирланган, ёруғ ва шинам. Янги қурилганларида эса яна ҳам яхшироқ шароитлар муҳайё. Бемалол беморларни даволаш бўйича керакли муолажаларни ўтказиш имконияти мавжуд. Врач ва ҳамшираларнинг ҳаракатлари ҳам чакки эмас. Касбдошларига ҳам, беморларга ҳам муомала маданиятларини кўтаришлари керак. Шифокорлик этикасини унутмасликларини, тартиб-интизомни маҳкам ушлашларини истардим.

 

- Билим ва малакалари-чи? Сизнингча етарлими?

 

- Бу борада фикрим ҳамиша бир хил: билим ва малакани тўхтовсиз оширмаган инсон, айниқса, врачу ҳамшира замон тараққиётидан орқада қолади. Назария ва амалиётни уйғун тутган, ўз устида тинмай ишлаган мутахассисгина тез ўзгарувчан давр талабларига жавоб бера олади.

 

- Демак, бу масала Сизнинг доимий диққат-эътиборингизда турар экан-да.

 

- Худди шундай. Тиббиёт ходими учун чуқур билим, мукаммал малака, ширин тил, маданиятли муомала биринчи ўринда бўлиши мумкин. Малака оширишга уларни ҳозирда Тошкентга юборяпмиз, келгусида чет эллардаги институт, марказ ва клиникаларга жўнатамиз.

 

Айни маҳалда Республика урология марказида 2 киши ўқиб-ўрганмоқда. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти олим-ўқитувчиларини сайёр ўқув машғулотлари олиб бориш учун шу ернинг ўзига таклиф этганмиз. Улар нефрология, гастроэнтерология ва физиотерапия бўйича врачларимизни ўқитишмоқда. Бўлимларимизга киришиб, "Маҳорат дарслари" уюштиришяпти. Булар келгусида ўзининг қувончли натижаларини кўрсатишига умидвормиз.

 

- Энг замонавий аппаратларсиз бугунги тиббиётни тасаввур этишимиз қийин. Йилдан йилга такомиллашаётган техника воситаларисиз даволашда кутилган юқори кўрсаткичларга эришиш мумкинми?

 

- Бугун имконият даражасида даволаш билан кифояланиб бўлмайди. Қойиллатиб ишлашни хоҳлаган, ютуқларни кўпайтиришни ниятлаган раҳбар бетиним изланиши шарт. Янги-янги имкониятларни яратиш ўз-ўзидан рўёбга чиқмайди. Биз марказимиз моддий-техника базасини янгилашни мўлжалаяпмиз. Энг замонавий аппаратларга муҳтожлигимиз борлигини яширолмайман. Ҳозирда нималар кераклигини аниқлаб, уларнинг рўйхатини тузиб боряпмиз. Бизни вазирликдан бу ёққа юборишаётганида астойдил ишлаш топшириғини бериш билан бирга асбоб-ускуналар ва аппаратураларнинг янги авлодларини олишимизга кўмаклашишларини ҳам айтишган. Муаммоларга ижобий ечимлар топишимизда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ёрдами катта бўлишига тўла ишонамиз. Худо хоҳласа, яқин йилларда Наманган тиббиётида, чунончи, бизнинг кўп тармоқли марказимизда, катта ижобий ўзгаришлар ясалади. Одамлар тилидан "Тошкентда нима бор, Наманганнинг ўзида зўр-ку!" ёки Тошкентдаги мутахассислардан: "Наманганга боринглар, у ердаги аппаратлар биздагилардан ҳам яхшироқ" деган эътирофли гапларни эшитилса ажаб эмас!

 

-"Яхши ният-ярим мол" дейди халқимиз. Албатта, бу орзулигича қолмайди. Халқдаги эътирозлар кескин камаяди, миннатдорчиликлар кўпаяди. Кўп тармоқли тиббиёт марказимизда пойтахтдагидек юқорироқ даражали даволаш ишлари йўлга қўйилиб, халқ саломатлигини сақлаш соҳасида наманганликларнинг ўзига хос ва ўзига мос мактаби вужудга келиши ҳақиқатдан йироқ эмас.

Суҳбатдош: Содиқ САЙҲУН.