Кейинги маҳалда тизимда архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш ва улардан фойдаланишни тартибга солишга эътиборни тобора кучайтиряпмиз. Барча муассасаларга зарур тавсия ва йўл-йўриқлар берганмиз. Икки-уч бор кўргазмали семинарларгача ташкиллаганмиз. Лекин шунга қарамай, қуйи ташкилотлар архивчилари орасида ўз ишларида ҳанузгача етарли тартиб ўрнатмаётганларга дуч келяпмиз. Уларнинг баъзилари янги ишга тайинланганини баҳона қилишса, айрим жойларда раҳбарларининг мазкур масалада талабчанликни унутаётганликлари туфайли бепарволикка ва лоқайдликка йўл қўйилмоқда.
Агар раҳбарлар шифохонага давлат архивидан мутахассис чақиртириб, мавжуд ҳужжатларни кўздан кечириб, неча йиллиги борлигига, уларнинг яроқли ёки яроқсизлигига далолатномалар туздириб, шундан кейингина ҳужжатларни архивларга топширилишини таъминлашса, ходимларининг масъулияти кескин ортади.
Мавжуд ҳужжатлар ҳеч вақт сабабсиз йўқолмайди. Биринчидан, масъулиятсизлик ва лоқайдлик, иккинчидан кимларнингдир ана шу ҳужжатдан манфаатдорлиги сабаб бўлади, деб ўйлаймиз. Шундай экан, архивдаги эътиборсизлик боис жамоа аъзоларининг кейинчалик зарур ҳужжатлардан нусха ёки улар ҳақида маълумотлар ёздира ололмай бошлари қотишига олиб бормасин. Бу қонун олдида жавобгарликгача дахлдор масалага айланиб кетиши мумкинлигини унутмайлик.
Ҳар бир вароқ ҳужжат ортида инсон манфаати ётади. Ҳеч бир раҳбару ходим архивдаги бирон бир ҳужжатни, гарчи унинг сақланиш муддати тугаганига қарамай, ўзбошимчалик билан йўқотишига ёки макулатурага топширтиришга ҳаққи йўқ. Бунинг учун беш кишидан иборат эксперт комиссияси тузилади. Улар бирма-бир кўриб чиқиб, далолатнома ёзишиб тасдиқлашгач, яроқсизлиги кўрсатилган барча ҳужжатлар ҳақидаги маълумотнома қолдирилиши зарур. Шундагина эртани ўйлаб иш тутган бўламиз. Ана ўшанда кексалик ёки ногиронлик нафақасига чиқаётганлар учун маълумот олишда муаммолар туғилмайди.
Абдуллажон ИНОМОВ,
ВССБ архиви назоратчиси.