ҚАРИЧ
Ана, оппоқ сочли, кўзойнакли Қумринисо онам набираси Зумрадхонга кўйлак тикмоқчи. Онам ўз қаричлари билан ўлчайдилар, гулли матоҳни. Ёнларида жажжи набиралари ҳам қўғирчоғига кўйлак тикиш ниятида. У ҳам ўз қаричи билан ўлчаяпти матоҳни. Қизиқ олам эканда, ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаркан-а?
ШУДРИНГ
Кеч кузда Боғибаландда, Ўрмонқирда, Зангда бўлсангиз, албатта, сўзимга ишонасиз, кўрасиз. Шунда борлиқни шудринг қоплайди. Қуёш заррин нурини сочганда эса, ҳар бир шудрингда қуёш акс этади. Аммо унинг умри қисқа. Қуёш болишдан бош кўтаргунча. У - софлик, тинчлик рамзи. Мен унга ҳавас қиламан.
ҚЎЛТИҚТАЁҚ
Шаҳарни кезиб юрибмиз. Ана, катта ойнаванд дўкон, ана дорихона. Мен «Аналгин» олмоқчиман. Кирдик. Кўзим ялт этиб қўлтиқтаёққа тушди. Унинг юзини чанг босган. Қовоғи солиқ. Осиғлиқ. Шу лаҳзада набирам Музаффар сўраб қолди:
- Анаву нима?
- Уми... Билмайман, - дедим. - Мен айтмадим отини ҳам. Майли, эртанинг эгалари шу сўзни билмасдан луғат титиб қўя қолишсин.
ОЛМА
Болалигимдаги бир воқеа ҳамон ёдимда. Мен туғилганимда меҳрибон дадамлар яхши ният билан олма кўчати эккан эканлар. Вақт ўтиб, ғуж-ғуж олмаларга кўзим тушганди.
- Менинг ҳосилим қани?-сўрагандим дадамдан.
- Сенинг ҳосилинг-одобинг, аъло баҳоларга ўқишинг, - дегандилар ўшанда. Бугун ўйлаб кўрсам, дадамлар ҳақ эканлар...
ИРМОҚ
Қўшиқ айтиб ўйнаб оқаётган ирмоқ. У баланд тоғ чўққисидан сафарга чиққан. Қишлоғимизга келгунча неча-неча тошлар ошиб, тўсиқлардан босиб ўтдийкин-а? У энди чанқоқ ерларга жон бағишлаяпти. Қанийди ҳамма инсонлар ҳам ирмоқдан бўлса.
Мухторжон САТТОРОВ.