Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида қабул маросими ўтказилди. Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров лавозим мажбуриятлари ижросига киришаётган таниқли шифокорларни қутлар экан, халқимиз саломатлигини кафолатли муҳофаза қилишда, эл ишончини оқлашда уларга омадлар тилади. Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари олдига ғоят масъулиятли вазифалар қўйилганлиги таъкидланиб, Наманган тиббиётини янада юксалтиришда пойтахтдан сафарбар этилган юқори малакали мутахассислар бор куч ва ғайратларини аямасдан хизмат қилишларига умид билдирилди. Ўз навбатида вилоятимизга келган тиббиёт ходимларига қулай яшаш шароитлари яратилиши ва маиший эҳтиёжлари тўла таъминланиши айтилди.

Айни пайтда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларини тажрибали кадрлар билан мустаҳкамлаш чоралари кўрилганлиги ҳам маълум қилинди. Вилоят даволаш-профилактика муассасаларида кўп йиллар самарали фаолият юритган тиббиёт соҳаси фидойиларидан бир гуруҳи шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари этиб тайинландилар. Келгусида бу жараён бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини ҳам қамраб олиши кўзда тутилмоқда.