Мулоқот давомида вилоят ҳокими Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида тиббиёт муассасалари фаолияти такомиллаштирилаётгани, аҳолининг замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши учун зарур шарт-шароит яратилаётганини эътироф этди. Тизимдаги бугунги ҳолат соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласига эътиборни кучайтиришни тақозо этаётганини алоҳида таъкидлади. Ёш мутахассисларга зарур маслаҳатлар бериб, шахсий манфаатни устун қўймаган ҳолда ўз касбий вазифаларини сидқидилдан бажаришга чорлади. Уларга янги иш жойида юзага келадиган ёки бошқа масалалар бўйича ёрдам беришга тайёр эканлигини айтиб ўтди.
- Бу йил юртимиздаги тиббиёт олийгоҳларини 115 нафар наманганлик ёш мутахассис тамомлади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов. - Бу вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасаларидаги талабга нисбатан етарли эмас. Ҳозирда вилоятимиз бўйича яна 639 нафар врачга эҳтиёжимиз бор. Шу боис шифокорларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини юксалтириш олдимиздаги муҳим вазифалардан бўлиб турибди ва бу масалани ҳал этиш учун зарур чораларни кўряпмиз. Ўқишни бу йил битириб келган 55 нафар ёш мутахассис билан меҳнат шартномалари имзоланди. Қолганлари ўз йўналишлари бўйича клиник ординатура ва магистратурада ўқишни давом эттирмоқдалар.
- Мен бу йил Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаб, яқинда Наманган тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада фаолиятимни бошладим, - дейди ёш мутахассис Миржалол Юсупов. - Бугунги учрашув кўплаб ҳамкасбларим каби мени ҳам руҳлантириб юборди. Биз, ёш мутахассислар бунинг учун вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва кўрсатилаётган эътиборга жавобан бугунги учрашувдан хулоса қилган ҳолда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида бор билим ва малакамизни ишга соламиз.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.